Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райҳон Ғаниеванинг “Миллий” ТВдаги бошловчилиги жуда кўп танқидларга учраган эди.
Маълум бўлишича, Райҳон бундан буён ушбу кўрсатувга бошловчилик қилмайди. Хонанда ўзининг Инстаграмдаги саҳифасига ўзининг янги клипига тайёргарлик жараёнидан жойлаган сурати остига унинг мухлисларидан бири нима сабабдан уни шанба куни телеканал орқали узатилган хит-парад кўрсатувида бошловчи сифатида кўрмаганлигини, у хит-парадни айнан Райҳонни кўриш учун кутишини ёзган.
Бунга жавобан Райҳон “Бошқа кутманг”, дея жавоб ёзиб қолдирган.
Хонанданинг мухлисининг саволига ёзган ушбу жавобига ойдинлик киритиш мақсадида хонанданинг ўзи билан боғландик:
“Бунга изоҳ беришни истамайман. Аммо “Миллий” ТВга менга ўзимни бошловчи сифатида синаб кўриш имконини бергани учун минатдорчилик билдираман.”
Райҳон ўзининг интервьюларидан бирида уни ўзбек тилидаги сўзларни бузиб талаффуз қилишда айблаб, кескин танқид остига олганларга қуйидагича жавоб берганди.
“Энг асосийси халққа ёқяпти. Бу каналга одамлар эътиборини жалб қиляпти. Агар кўрсатувни бошқа хонандалар кўраётган бўлса, билишади. Кўрсатув муҳаррирининг ҳаракатлари туфайли ҳар бир хонанда учун алоҳида, қувноқ таърифлар ўйлаб топилмоқда. Мен кўрсатув ижодкорлари билан ҳамкорлик қилаётганимдан хурсандман. Улар билан ярим йилдан бери бирга ишлаяпмиз. Кўрсатув ҳафтада бир маротаба эфирга узатилади. Ҳозирда бошловчилик қилишга умуман қийналмаяпман. Билмадим, мени мақташяпти. Айтишларича, акцент ҳам йўқолган.
Мен бу ишни нима учун қиляпман, биласизми? Менинг сўзлашув тилим борасида кўп муҳокамалар бўлди. Ўзбек тилидаги кўрсатувга бошловчилик қилишим билан эса одамларга ўзбек тилида сўзлашишга ҳаракат қилаётганимни кўрсатмоқчиман. Ҳамма нарсанинг ёмон томонини кўрадиган ва ҳар нарсадан камчилик қидирадиган одамларни тушунмайман. Ёқмаса, кўрма!”
Хуллас Райҳоннинг нима сабабдан бошловчиликни тўхтатгани бизга маълум эмас, бу эса кимнидир ҳафа қилса, яна кимнидир қувонтириши табиий.
Хонанда айни дамда Муниса Ризаева билан ижро этган “Бор ёки йўқ” таронасига клип суратга олиш ишларига тайёргарлик кўрмоқда.Хонанда берган маълумотларга кўра, клипга рақсларни хореограф Эля Мулюкова саҳналаштирмоқда. Клип трэк йўналишида режиссёр Нозим Жумаев томонидан суратга олинмоқда. Дизайнер Лидия Андре.
Клипни март ойи оҳирларида тақдим этиш режалаштирилган.