Хонанда Дилсўз журналист Жасур Ҳамроев билан суҳбатда мухлисларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб берди.
Хусусан, Дилсўз айрим ҳолларда санъатни тарк этиш истаги пайдо бўлишини маълум қилди. “Санъатдаги ноҳақликни нимада кўрасиз?” деган саволга хонанда қуйидагича жавоб беради:
—Ўзбекчиликда, санъатда таниш-билиш авж олган. Кимнидир таниши бўлганидан, кимнидир орқасидан кўтарилиш санъатда кўп учрайди. Истеъдодли инсон билан истеъдодсиз инсон юзма-юз келганида каттароқ таниши бўлган истеъдодсиз инсон ютиб кетади. Чунки истеъдодли инсоннинг орқасида ҳеч ким йўқ, унинг таниши, пули йўқ. Мана шундай ҳолатларни кўрганимда, санъатдан воз кечиб, ҳаммасига қўл силтаб кетгим келади.
“Танишининг орқасидан кўтарилган, нимагадир эришган инсон аввало ўзига Мен шунга муносибманми, деган саволни бериши керак. Агар ўша одам олган мукофотига муносиб бўлса, ҳамма тан беради. Лекин муносиб бўлмаса, ўз меҳнати билан кўтарилаётган, изланиб,меҳнат қилаётган бошқа санъаткорлар олдида виждони қийналиши керак”,—дейди хонанда санъатдаги ноҳақликлар ҳақида гапириб.