Тошкент шаҳрида 2017 йилнинг 10 дан 16 март кунига қадар фуқароларни хавфсизлигини таъминлаш, содир этилган жиноятларни “иссиқ изи”дан фош этиш, жиноятлар содир этилишини олдини олиш ва профилактикаси борасида амалга оширилган ишлар давомида вояга етмаганлар орасида содир этилган жиноятлар ҳам борлиги ачинарли ҳолат.
Ана шундай аянчли ҳолатлар тўғрисида Тошкент шаҳар ИИББ томонидан навбатдаги “пайшанбалик” доирасида ўтказилган матбуот брифингида маълумот берилди.
Ҳафта давомида вояга етмаганлар ўртасида олтита оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этилганлиги аянчли ҳолат. Ана шундайлардан бири 2017 йилнинг 10 март куни соат 11:30 ларда содир бўлди. 1995 йилда туғилган Тошкент Давлат техника университети 1-курс талабаси Тошкентдаги коллежлардан бирининг ўқувчисини рашк сабабли, ошхона пичоғи билан танасининг турли қисмига бир неча маротаба жароҳат етказган. Маълумотларга кўра, қизнинг ҳаёти хавф остида эмас.
Ҳолат юзасидан Шайҳонтоҳур туман прокуратураси томонидан жиноят кодексининг 25, 97-моддалари, яъни қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш жинояти билан иши қўзғатилган, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳолатда аниқланишича талаба йигит севгилисининг телефонини текшириб, уни ундан бошқа одамлар билан гаплашаётганини билиб қолган, ва бу ҳолат бир неча бор такрорлангач жаҳл устида уни пичоқлаган. Ўзи эса уксус ичиб ўртоғига телефон қилган. Маълумотларга кўра, қизнинг ҳаёти сақланиб қолган.
Ҳафта давомида шунингдек 4 нафар коллеж ўқувчиси икки нафар тенгдошини дўппослаб, улардан бирининг бел соҳасига ҳаёт учун хавфли бўлган тан жароҳати етказгани аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 104-моддаси, яъни безорилик оқибатида қасддан баданга оғир шикаст етказиш жинояти аломатлари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.