​Темурийлар элчилари чин ҳоқони ҳузурида

МОЗИЙДАН САДО 05.04.2017, 15:08
Теглар: Ўзбекистон
5921
​Темурийлар  элчилари чин ҳоқони ҳузурида

Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дипломатик алоқалар тарихи олис асрларга бориб тақалади. Тарихий манбалар бундан минг йиллар аввал ҳам халқларимиз ўртасида савдо-иқтисодий, маданий соҳалардаги алоқалар тараққий этганини кўрсатади.

Наққошдан чиққан элчи

Темурийлар ҳукмронлиги даврида Хитой билан дипломатик алоқалар янада мустаҳкамланган. 1419 йилнинг 4 декабрида Ҳиротдан Шоҳрух Мирзонинг амир Шодихўжа ва Кўкча бошчилигидаги элчилари йўлга тушадилар. Уларга Бойсунғур Мирзонинг Султон Аҳмад ва Ғиёсиддин Наққош бошчилигидаги элчилари ҳам қўшилади.

Бойсунғур Мирзо Хожа Ғиёсиддинга сафар таассуротларини ёзиб беришни буюради. 1422 йилнинг баҳорида уч йилдан узоқроқ давом этган сафардан қайтган Ғиёсиддин Наққош ўз кўрган-кечирганларини қоғозга тушириб, ҳукмдорга тақдим этади. Форс тилида битилган бу саёҳатнома “Ажойибул-латойиф” ёхуд Хитой саёҳатномаси деб номланган. Ўз даврида Абдураззов Самарқандий, Мирхонд, Ҳофизи Абрў сингари тарихчилар ушбу саёҳатномадан ўз асарларида иқтибослар келтириб ўтадилар.

Йўл юрса ҳам мўл юриб…

Наққошнинг ёзишича, Ҳиротдан чиққан элчилар Балх орқали Самарқандга етиб келадилар. Бу ерда уларга бошқа вилоятлардан юборилган элчилар ҳам келиб қўшилади. 1420 йилнинг 25 февралида барча элчилар бирлашиб, яна Хитой томон йўл оладилар ва 24 августь куни Хитой ҳудудига кирадилар.

Хитойга қарашли биринчи катта шаҳар Сўкжуда императорнинг хос надимлари элчиларни катта тантана ва эҳтиром билан кутиб олганлар ва катта дастурхон ёзиб зиёфат берадилар. Элчиларнинг пойтахтга бехатар етиб олиши учун ҳар бир бекатда махсус хизматчилар кутиб олиб, уларни жой, озиқ-овқат ва кейинги бекатга бехатар етиб олишларини таъминлашган.

Юз минг кишилик сарой

Наққош император Чжу Ди саройидаги қабул маросимларини ҳам батафсил тасвирлайди. Муҳташам саройда ҳар куни юз мингдан ортиқ одам императорга салом бериш учун пешонасини ерга қўйиб кутиб турган.

Маълумки, 1420 йилда Минь сулоласи вакили император Чжу Ди ўзи учун қурилган янги саройга кўчиб ўтган. Айни пайтда ҳам мазкур иншоот Ер юзидаги ҳукмдорлар саройлари орасида энг каттаси саналади. Темурийлар салтанатининг элчилари ана шу тарихий воқеанинг гувоҳи бўлишади ва шу муносабат билан ўтказилган байрам тантаналарида ҳам иштирок этишади.

Пекинда элчилар шарафига шоҳона дастурхонлар тузатилади. Аммо, улар айни пайтда мусулмонлар тақвими бўйича рамазон ойи эканлиги, элчиларнинг барчаси рўзадорлигини билишгач, улардан дарҳол узр сўрашади. Элчилар Хитой янги йилининг нишонланишига ҳам гувоҳ бўлишган. Байрам кунлари пойтахт кўчаларидаги мушакбозликлар, турли халқ ўйинлари, масхарабозларнинг кўнгилочар томошалари, Хитой таомлари Ғиёсиддин Наққошда катта таассурот қолдиради.

Соҳибқироннинг тулпори

Темурийларнинг элчилари олиб келган турли-туман совғалар орасида отлар ҳам бор эди. Хитой императори совғаларни мамнуният билан кутиб олади. Қабул маросимидан сўнг, император элчилар билан хайрлашиб, ўзи овга отланади. Элчилар эртаси куни тонгда шаҳардан эндигина чиққан пайтларида, орқаларидан етиб келган мулозимлар уларни тўхтатишади.

Маълум бўлишича, император Чжу-Ди Шоҳрух Мирзо жўнатган отдан йиқилиб, оёғи қаттиқ шикастланган. Бундан ғазабланган император элчиларни жазоламоқчи бўлган. Шунда элчилардан бири Мавлоно Хожа Юсуф императорнинг яқин мулозимларидан бирига юзланиб вазиятни юмшатади:

— Аъло ҳазратларига етган озор учун албатта таассуфдамиз. Аммо, бунинг учун элчиларни жазоламоқ тўғримикин? Зеро, элчи фақат ўз ҳукмдорининг совғасини етказади, холос. Қолаверса, бу от Соҳибқирон Амир Темурнинг севимли тулпорлари бўлиб, император ҳазратларига ҳурмат юзасидан туҳфа сифатида юборилганди.

Шундан кейин импертор ғазабидан тушади ва элчиларни яна иззат-ҳурмат билан ўз юртларига қайтишлари учун ижозат беради. Ғиёсиддин Наққош ўз ҳамроҳлари билан 1421 йилнинг 8 майида Хонбалиқдан йўлга чиқиб, 1422 йилнинг 2 сентябрида Ҳиротга етиб келади.

Бебаҳо тарихий манба

Ғиёсиддин Наққош ўз “саёҳатнома”сида Хитойдаги суд-ҳуқуқ тизимига ҳам алоҳида эътибор қаратган. Унинг ёзишича, оғир жиноятга қўл урганлар олис вилоятлардан пойтахтга келтирилар, айбдорнинг қилмиши тахтачага ёзилиб, бўйнига осиб қўйиларкан. Императорнинг ўн икки девони бўлиб, жиноятчининг айби ҳар бир девон томонидан тасдиқланиши керак. Агар шу девонлардан лоақал биттаси айбсиз деб топса, жиноятчи афв этилиши мумкин экан. Шунингдек, агар айбланувчининг айбсизлигини исбот эта оладиган гувоҳ олти ойлик масофада яшаши маълум бўлса ҳам, ўша гувоҳни топиб келиб, кейин ҳукм чиқаришаркан.

Умуман олганда ушбу тарихий асар нафақат ўзбек дипломатияси тарихида, балки, Хитой халқининг тарихи, анъана ва урф-одатларини ўрганишда ҳам муҳим ўрин тутади.

Рустам Жабборов тайёрлади.

Шарҳлар

Ўзбекистон давлат хореография академияси ташкил этилди

05.02.2020, 14:30

“Рақс санъати соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори (ПҚ–4585-сон, 04.02.2020 й.) қабул қилинди...Қарорга мувофиқ,...
Ўзбекистон “Йилнинг энг яхши бокс мамлакати” дея эътироф этилди

07.01.2020, 08:35

Спорт бўйича хорижнинг нуфузли нашрларидан бири Ўзбекистонни “Йилнинг энг яхши бокс мамлакати” дея эътироф этди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.Англиянинг...
Қозоғистонда Ўзбекистон Олий Мажлиси депутатлиги учун овоз бериш бошланди

13.12.2019, 08:50

Қозоғистонда 12 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларга муддатидан аввал сайловлар бошланди, деб хабар бермоқда Kazinform’га таянниб ЎзА.“Фуқароларга имкон қадар қулай...
Дунёнинг машҳур телеканали илк бор Ўзбекистон ҳақидаги фильмларни эфирга узатмоқда

12.12.2019, 09:17

Жорий йилнинг 8 декабридан бошлаб АҚШнинг СNBC (“Consumer News and Business Channel”) телеканали Ўзбекистонга бағишланган олтита фильмни эфирга узатишни бошлади.Мазкур ҳужжатли фильмларда янги Ўзбекистонда амалга...
Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+14° туман
Валюта курси