Баъзан шундай вазиятлар бўладики, уятдан икки юзимиз қизариб, яширингани жой тополмай қоламиз. Беихтиёр «Бундан кўра ер ёрилса-ю, ерга кириб кетганим яхшийди», деймиз хижолатдан. Сизда ҳам шундай ҳолатлар бўлганми? Ўйлаб олгунингизча қаҳрамонларимизнинг бошдан кечирган воқеаларига қулоқ тутамиз.
«Устозимнинг олдида ноқулай бўлди»
Миролим ҚИЛИЧЕВ, актёр:
– Бир куни устозимни бозорда савдо қиладиган қариндошимнинг ёнига олиб бориб таништирдим. «Бу киши менга устоз бўлади», дея. Балки қариндошимнинг кайфияти йўқми ёки иши билан боғлиқ бирор муаммо бўлганми, хуллас менга қарата «Хўш, нима қилай?» деган. Устозим олдида уятдан бўларим бўлганди. Узр сўраб, «Йўл-йўлакай кириб ўтгандик», деганман.
«Тўйга бориб...»
Азиз РАЖАБИЙ, хонанда:
– Ижодимни энди бошлаган кезлар, бирровга хизматга чақиришди. Навбатим келиб куйлаётганимда бир машҳур ҳофизнинг маъмури ёнимга келиб, қулоғимга аста шивирлади: «Қўшиқни тезроқ тугатинг, бизга гал беришмоқчи». Шу пайт иккинчи таронани бошлаётгандим. Хаёлим бузилиб, фонограмма кетаётганини ҳам билмабман. Биринчи куплетнинг иккинчи қатори бошланганида ўзимга келдим. Бундоқ қарасам, ҳамма менга қараб турибди. Маъмуримга қараб, «мусиқани ўчир» дедим-у, тўйхонадан ерга қараб чиқиб кетдим. Жуда ноқулай аҳволга тушгандим.
«Қимматбаҳо идишни синдирдим...»
Мадина МУМТОЗ, хонанда:
– Янги келинлигимда қайнонамнинг яхши кўрган идишини синдириб қўйганман. Кўриб қолмасларидан тезгина йиғиштириб ола қолай деганим-да, қайнонам кириб келган. «Ойижон, яхши кўрган идишингизни синдириб қўйдим, атай қилмадим», деганман йиғламсираб. Ойижоним бўлса, «Хафа бўлманг, яхшиликка бўлсин, жонингиз соғ бўлса бўлди, қизим», деган. Шу воқеани эсласам, ўша пайтда роса уятга қолганим кўз олдига келади.
«Ўзимники ўзимга қайтди...»
Фарҳод АБДУЛЛАЕВ, бастакор:
– Мендан ёрдам сўраб келган одамни қайтарганман «қўлимдан келмайди», деб. Аслида эса уддалайдиган ишим эди. Ёлғон сўзлаганимдан хижолат бўлиб, анча вақт ўзимни кечиролмай юрдим. Орадан вақт ўтиб эса ўзим ҳам худди шундай вазиятга тушдим. Умид қилган одамларим кўмак беришмади. Бир вақтлар ўзим қандай қилиб, ўша одамни қайтарган бўлсам, менга ҳам шундай муомала қилишди. Билдимки, ҳар бир нарсанинг жавоби бўларкан.
«Қаердалигим эсимдан чиққан»
Азиза НИЗОМОВА, хонанда:
– Ижодий сафар пайти қаттиқ чарчаганимданми, қайси вилоятда эканлигимиз ёдимдан кўтарилган. Самарқанд шаҳридаги тадбирда саҳнага чиққанма-нда, «Бухоро ёшлари салом!», деганман. Кейин адашиб кетганимни билганимда роса уялгандим.
«Болалигимга борганман...»
Нигина АНОРБОЕВА, актриса:
– Кичиклигимда сирен гулини узаман деб, қилган ишим бир умрлик сабоқ бўлган. Кўп қаватли уйлардан бирининг атрофида гуллаб турган сирен дарахтига кўзим тушган-у, шартта бир бандини узиб олдим. Шу пайт подъезддан онам ва сирен дарахтининг эгаси чиқиб келишди. Онамни кўриб, «Сиз яхши кўрасиз деб узгандим, олиб бормоқчи эдим», дедим. Иккиси ҳам менга қараб кулишган бўлишса-да, онам «Сўрамай олмайди», дея койиганди.
«Англаб-англамай изза бўлгандим...»
Самандар ҲАМРОҚУЛОВ, хонанда:
– Талабалик пайтларимиз тўй хизматларига чиқардик. Энди тўйларга чиқиб юрган пайтларим ётоқхонадаги дўстларим «Қайтаётганингда тўй хонадаги аёлларга айтсанг, пакет қилиб беришади, дастурхондаги ноз-неъматлари билан», дейишди. Тажрибасизлигим шу ерда панд берган. Тошкент тўйларида шундай қилинаркан-да деб, ўша куни тўйхонадан чиқаётган «пакет» беришларини айтганман. Хизматга эса биринчи марта Аҳрор Усмонов билан боргандим. У киши «Бу нима?» деганларида «Ўзимгамас, дўстларимга» деганман-у дарров нотўғри иш қилганимни билиб, ерга кириб кетгудек бўлганман. Аҳрор ака, «Ҳеч қиси йўқ, биз ҳам талаба бўлганмиз», деганини ҳали ҳам яхши эслайман.
«Сўзларим адашиб кетган...»
Раъно АЛИМОВА, теле-радио бошловчи:
– Кўп йиллар аввал бир воқеа бўлганди. Қайсидир тадбирда рус тилида сўзлашим керак бўлган. Қаттиқ ҳаяжонланганимдан рус ва ўзбек тилидаги матн аралашиб кетган. Янглиш сўзлаётганимни билиб, вазиятни тўғирлай олганман-у, аммо қилган ишимдан хижолат бўлгандим.
«Кутилмаган воқеа бўлган...»
Анвар СОБИРОВ, хонанда:
– Театрда устозлар билан учрашув бўлди. Менга навбат келганида бошловчи «Қўшиқни тугатгач, устоз санъаткорни таништиринг», деди. Куйлаётганда ўзим билан бўлиб, устознинг исми хаёлимдан кўтарилса денг. Мухлисларга устоз санъаткорни таърифини келтираяпман-у, исмларини айтолмайман-да. Нақ 10 дақиқа уятдан шундай қийналдим. Охири парда ортидан турган кишилардан бири аҳволимни фаҳмлади чоғи, ёрдам бериб юборди.
«Телефоним шарманда қилган»
Сарвар АЗИМОВ, хонанда:
– Сенсорли телефонлар энди чиққан пайти эди. Бир танишим қўнғироқ қилиб қолди. Рости унга унчалик рўйхушлигим йўқ эди. Суҳбатлашиб, телефонни ўчирдим. Бироқ сенсор тизимининг қўл ҳаракати сезувчанлигини билмасдим. Ёнимдаги дўстларимга қўнғироқлашган танишимни обдон ёмонлаб, камчиликларини айтаверибман. «Ақлли» телефоним эса танишимга сим қоқиб, барчасини етказиб турган экан. Кейин у менга қайта «Ҳаммасини эшитдим» дея қўнғироқ қилди. Бўларим бўлган-у, аммо сир бой бермаслик учун «Атай қилдим, эшитгин, ақлингни йиққин деб», деганман.
Алия СУЛАЙМАНОВА тайёрлади.