13

​Баҳодир Йўлдошевнинг "Юлдузли тунлар" спектаклидан сўнг(Фото)

ШОУ-БИЗНЕС 12.04.2017, 11:00
Теглар: Актриса, Актёр
3494
​Баҳодир Йўлдошевнинг "Юлдузли тунлар" спектаклидан сўнг(Фото)

Театр санъати дарғаларидан бири Тошхўжа Хўжаев "Дунёда касблар кўп. Уларнинг кўпи инсонга шон-шуҳрат, бойлик, обрў келтиради. Лекин режиссёрлик касби бошқача. Бу тинимсиз машаққатли меҳнат ва ҳар бир спектакл­да ўзингни кашф қилишдир", деганди. Таъбир жоиз бўлса, театр санъатини ундан айро тасаввур қилиб бўлмайдиган, тирик афсонага айланган режиссёр, Ўзбекистон халқ артисти, санъат арбоби Баҳодир Йўлдошев ҳам айнан шундай ижодкорлардан. Оз куч билан катта иш қилишни афзал биладиган ва кичик нарсага катта куч сарфламайдиган бу режиссёр ёш актёрларни жамлаб, Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” асарини саҳнага олиб чиқди...

“Режиссёр учун спектакллар фақат репетиция давридагина яшайди. Репетиция режиссёрнинг умрига умр қўшади, муҳокамалар эса умрини қирқади. Гарчи премьералар ҳам репетиция ҳисобланса-да, лекин биз учун бу — асарнинг ўлгани. Шунинг учун ҳам бир вақтлар одамлар Мейерхолднинг репетицияларига пул тўлаб киришган. Чунки жараён қизиқ”, дейди режиссёр Баҳодир Йўлдошев.

Бизга гарчи бу қизиқ жараёнда иштирок этиш насиб этмаган бўлса-да, спектаклни томоша қилиб, асар саҳнага чиққунга қадар бўлган машаққатли онлар ҳақида тасаввурга эга бўлиш мақсадида актёрларни суҳбатга тортдик.

— Қандай талаб ва синовлардан ўтиб, ролга тасдиқландингиз?

Адиз Ражабов: — Асарни ўқиш жараёнида Аҳмад Танбал роли топширилганди, маълум вақт Маҳмудхоннинг ролини ҳам ижро этдим. Репетициядаги ҳаракатларимдан келиб чиқиб бўлса керак, Баҳодир ака “Бобур ролини ҳам синаб кўрайлик”, дедилар. Ҳозирда Алишер Узоқов билан дублёр бўлиб ишлаяпмиз. Лекин баъзи-баъзида Аҳмад Танбал ролини ҳам ижро этиб турибман.

Алишер Узоқов: — Менга аввалига энг кичик – бошловчи роли берилганди. Кейинчалик Аҳмад Танбал, Маҳмудхон ролларида ҳам синаб кўрдилар. Сўнг Баҳодир ака “Бобур ролини ҳам “ўқиб” кўр-чи”, дедилар ва шу билан спектаклни Бобур роли билан бошладим.

Юлдуз Ражабова: — Мен эса Қутлуғ Нигорхонимдан бошлагандим. Кейин Баҳодир ака Хонзодабегим ролига тасдиқладилар. Бу ролнинг моҳиятини тушуниб, қанчалик қийин роль эканини англаганимдан сўнг қарорларидан хурсанд бўлдим. Аввалдан ўзбек аёллари кучли ирода тимсоли бўлишган. Доим уларнинг дардга қандай сабр қилганига қизиқардим. Шундай аёллардан бирининг ролини ўйнаётган бўлсам-да, ҳали уларни тўла ҳис қилолмадим. Истагим, буни охиригача англаш.

Акбархўжа Расулов: — Ҳар биримизни турли ролларда синаб кўрдилар. Асарни тайёрлаш жараёнида Дарвеш Гов, Мавлоно Фазлиддин, Қосимбек ролларини ўйнадим. Охирги тўхтам — Мавлоно Фазлиддин бўлди.

— Бугун устоз даражасига етган актёрлар “Режиссёр Баҳодир Йўлдошев жуда талабчан, қатъий талаблар қўяди”, дейишади...

Адиз Ражабов: — Аслида ҳар бир иш аввали қийинчилик билан кечади. Баҳодир ака ҳақиқатда талабчан, лекин ўз "тўлқинига созлаб" олса, актёрга ҳеч қандай қийинчилик туғилмайди. Актёр Баҳодир аканинг гапи мағзини чақа олса, туб моҳиятини англаса, бас. Репетиция жараёнида танбеҳлар эшитамиз, лекин у яхшиликка хизмат қилишини англаб турамиз. Шу боис танбеҳларга нисбатан ҳеч қандай эътирозимиз бўлмайди.

Юлдуз Ражабова: — Баҳодир ака билан ишлашнинг қийин тарафи йўқ. Аввало актёр ўзини “синдира” билиши керак. Яъни ўзи учун танлов қилиб олиши даркор, унга “мактаб”, ижод керакми ё юзаки нарсаларми? Ҳозир ҳақиқий ижодга чанқоқ пайтимиз. Баҳодир аканинг ҳар бир сўзи биз учун катта “дарс”. Чинакам интизом нималигини ўрганяпмиз.

Алишер Узоқов: — Қанча қийналсак, ўзимизга шунча фойда. Шу боис Баҳодир аканинг талабчанлигидан нолимайман. Ҳеч қандай эътирозсиз репетицияга эрта тонгдан борамиз, бадантарбия билан шуғулланамиз, саҳнада белгиланган либосда чиқамиз, актёрлик ижроси, нутқимиз устида ишлаймиз...

Акбархўжа Расулов: — Масалан, Европа футболини олсак, уларда футболчилар тахминан 20 километр югуриши шарт. Биздаги жамоаларда эса бу кўрсатгич — 10 километр, дейлик. Шулардан фақатгина битта жамоа футболчилари 20 километр югуради. Шунда “Бу жамоада тартиб-интизом қаттиқ экан”, деган гаплар тарқалиши табиий. Ваҳоланки, дунё стандартлари бўйича олганда, бу — оддий ҳолат. Шу сабаб ҳам “Дийдор” театр студиясидаги тартиб-интизом бошқа театр вакилларига қаттиқдек туюлса керак.

— Кино актёрлари учун театрга мослашиш, иш тартибига кўникиш жараёни қандай кечди?

Акбархўжа Расулов: — Бошқа ҳамкасбларимдан фарқли ўлароқ Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтининг 4-босқич талабаси бўлган кезларим Баҳодир аканинг “мактаб”ида ўқиганман. Бу театрга ўтган йилнинг бошида келгандим. Шунда Баҳодир ака “Театрга келишингиздан мақсад нима?” деб сўраганлар. Пул эмас, ҳақиқий ижод билан шуғулланишни олий мақсад қилиб келганимни айтгандим. Биргина савол билан уялтириб қўйганлари ёдимдан чиқмайди. Тўрт йил шу соҳада ўқиган талаба учун жавоб топиб беролмаслик яхши ҳолат эмасди-да. Ўша кундан яна қайта ўқишни бошлаганман. Агарда бир дақиқага ҳам кеч қолсак, Алишер Навоий ижодидан битта ғазал ўқиб, таҳлил қилиб берардик. Қолган ҳамкасбларим кино “юлдуз”лари. Улар доим эътиборда бўлиб, мухлисларнинг эркатойига айланганликлари учун кўп “хислат”лари кечирилишига ўрганишган. Шу сабаб уларнинг менга нисбатан кўникишлари анча қийин кечди. Талабларга кўниколмай, театрни тарк этганлар ҳам бўлди.

Адиз Ражабов: — Акбархўжа тўғри айтди. Талаблардан энг асосийси, қатъий интизом. Бир-икки маротаба кеч қолганимни инобатга олмаса, бу борада муаммо йўқ. Аслида интизом бўлган ерда иш ҳам шунга яраша унумли бўлади. Ролга комплекс тарзда ишлаб, тайёрланамиз. Яъни актёр доим формада бўлиб, танани енгил ҳис қилиши учун жисмоний машқлар бажарамиз. Қолаверса, руҳиятни ҳам чиниқтирамиз. Нутқ машқларини бажаришимиз ҳам институт даврларимизни ёдга туширади. Театрда ишлаш борасида у қадар тажрибага эга эмаслигим учун бироз қийналдим. Кино ва театр бир-бирига ўхшамайдиган соҳа. Масалан, кинодаги йирик планда актёр мимикалардан меъёр даражасида фойдаланмаса, катта экранда жуда хунук кўринади, театрда эса бутунлай акси. Муҳими, ҳар икки соҳадаги қонун-қоидаларни ёдда сақлаб, тарози палласини тенг ушлай билиш.

Юлдуз Ражабова: — Бошида қийинчилик бўлди албатта. Фильмларнинг суратга олиш жараёни ҳам театрдаги репетиция ҳам бир вақтда: эрталабдан бошланади. Кинорежиссёрларга эрталаб театрда бўлишимизни айтиб, шу иш тартибига ўргатишга ҳаракат қиляпмиз. Баъзида жуда зарур бўлиб қолса, Баҳодир акадан узоғи икки кунга рухсат оламиз. Гоҳида театрдан дам берилса, кўниколмайман, репетицияга боргим келаверади (кулади).

Алишер Узоқов: — Хабарингиз бор, аслида театр актёриман, театр менга бегона эмас. Тўғри, маълум вақт театрдан узоқлашиб, кинога ўргангандим. Шунинг учун аввалига мослашиш қийин бўлди, ҳалигача юз фоиз кўникдим, деб айтолмайман.

— Санаб ўтилган талаблар сирасига енгил-елпи фильмларда суратга тушмаслик ҳам кирадими?

Юлдуз Ражабова: — “Қадрингизни билинг!” деб ўргатадилар. Театрда актёр яшайди, дилдаги ғуборлар ролимиз орқали чиқиб кетади. Ҳар бир спектаклимиз орқали нимадир йўқотамиз ва топамиз. Қисқаси, кино ва театр бир-бирига ёрдам беряпти.

Адиз Ражабов: — Баҳодир ака ундай талаб қўймаганлар. Театрдан олаётган таълим натижасида ўзимизга бўлган муносабат ўзгарган. Йиллар ўтиб, тарихда қоладиган роллар, бу — бизниниг “юзимиз" ахир.

Акбархўжа Расулов: — Маслаҳатлар берадилар, лекин қатъий шарт қўймайдилар. Енгил-елпи фильмларда суратга тушмасликка ўзим эътиборлиман. Шу вақтгача ҳеч ким Акбархўжа Расулов қайси амплуадаги актёр эканини айтиб беролмайди. Боиси балиққа ўхшаб, тутқич бермас актёрман, гоҳ комедия, гоҳ драмада роль ижро этаман. Аслида ҳам актёр шундай бўлиши керак.

Алишер Узоқов: — Ўйлаб қарасам, ҳозир фильмларда суратга тушмаётган эканман. Боиси энди Алишер Узоқовни фақат профессионал даражада ишланган лойиҳаларда кўришади.

— Актёрнинг ролга, ўйнаётган спектакль муҳитига киришига либослар ҳам маълум маънода ёрдам беради. Сизларнинг ролга киришишингизда балки режиссёрнинг кучи устунлик қилаётгандир?

Алишер Узоқов: — Ҳақсиз! Чунки у киши ролларимизни шу даражада тушунтириб берадики, беихтиёр спектакль муҳитига кирамиз. Қолаверса, бу спектакль узоқ вақт давомида қилинган меҳнатнинг самараси.

Юлдуз Ражабова: — “Юлдузли тунлар” асарини ўқигандим, лекин Баҳодир аканинг талқинидан кейин бутунлай ўзга дунёга кириб қолдим.

Адиз Ражабов: — Қарс икки қўлдан чиқади. Ролга кира олаётганимиз Баҳодир аканинг бизга бераётган илми, ички хоҳишимизнинг маҳсули. Очиғи, биз актёрларнинг ичимиздаги олов секин-аста сўнишга улгурганди. Бироқ театрга келганимиздан сўнг Баҳодир ака уни алангалата олди.

— “Тарихий либоссиз спектаклни кўриш ғалати туюлди. Айниқса салласиз Бобурни "ҳазм" қилиш қийин”, деган эътирозлар ҳам қулоққа чалинди. Лекин тан олиш керак, ҳар бирингизнинг ижроингиз либослар борасидаги кемтикни "ювиб" кетяпти.

Адиз Ражабов: — Тўғри, либослардан минимал даражада фойдаланганмиз. Лекин эътирозларда ҳам жон бор. Либосларни визуал қабул қилиш, томошабинни спектакль муҳитига тезроқ олиб киради. Аввало Бобур қалбимизда бўлиши керак. Тарихий либослар кийганимизга қарамай, ролни маромига етказиб ижро этолмасак, бу — уят. Маҳоратни биринчи ўринга қўйдик. Кийим ортига яширинмаслик учун ҳам шундай йўл тутдик.

Юлдуз Ражабова: — Либослар бизга фақатгина халал беради.

Алишер Узоқов: — Бобур ролини ўзим олиб қўйган тўнни кийиб ижро этаяпман. Бироқ либосларнинг муҳимлик даражаси жуда паст. Қолаверса “Дийдор” театр студияси – экспериментал театр.

Акбархўжа Расулов: — Соҳамиздаги олтин қоидалардан бири — аввало қалбни “пардозлаш”. Либос бўлса-ю, “ичи” бўм-бўш бўлса, бу оқлаб бўлмайдиган ҳолат. Тўғри, тарихий либосларсиз спектакль кўриш аввалига томошабинга эриш туюлар. Лекин ижро билан томошабинни спектакль муҳитига олиб киролган эканмиз, бу — ютуғимиз! Биласизми, “қолип”ларга ўрганганмиз. Театр деганда, томошабин кўз ўнгида албатта тарихий либослардаги актёрлар гавдаланади. Бу борада дунёдаги театрлар аллақачон илгарилаб кетган.

— Спектакль давомидаги энг оғир саҳна қайси?

Адиз Ражабов: — Бобур шоиртабиат бўлгани боис урушлардан йироқ саркарда. Бироқ онаси уни Самарқандга юриш бошлашга ундайдиган саҳнада қийналаман. Хоҳишга қарши иш тутиш жуда оғир. Лекин ролим таъсиридан чиқиб кетишим қийин кечмайди.

Юлдуз Ражабова: — Мен Мавлоно Фазлиддин билан хайрлашиш саҳнасида қийналаман. Ўша дамда Хонзодабегимга укаси учун муҳаббатини қурбон қилиб, севгилисидан айрилиш оғир. Бу дардга дош бериш ўта мушкул.

Акбар­хў­жа Расулов: — Бобур Мирзо шоҳликдан воз кечиб, оддий чўпондек яшашни истаб, телбанамо бўлиб қолган вақтда, Мавлоно Фазлиддин фикридан қайтариб, жанг қилиши кераклигига ишонтирадиган саҳна бор. Шу жараён Алишер, Адиз ва мен учун ҳам оғир. Яқин инсонингизнинг телбалик чегарасида турганини кўриш азоб.

Алишер Узоқов: — Акбархўжа ҳақ! Икки маротаба қаҳрамоним каби ҳақиқатан телба бўлиб қолдим, ролимдан чиқиб кетолмадим. Ҳатто Баҳодир ака ҳам “Чиндан телбага айландингми? Нима бўлди сенга?” деган вақтлари ҳам бўлди. Нима бўлганини ўзим ҳам билмайман. Қолаверса, Маҳмудхон билан бўлган саҳнада қийналаман. У информацион саҳна-да, актёр учун ижро кам (кулади).

— Алишер Узоқов, Адиз Ражабов. Қай бири типаж, маҳорат жиҳатидан Бобур ролига тўла мос келди?

Алишер Узоқов: — Аслида асарни “ўқиш” жараёнида Бобур роли Адизга берилганди. Кейин мен унга дублёр бўлдим. Адиз талқинидаги саркардада қаттиққўллик бор, менинг Бобурим эса шоиртабиат.

Адиз Ражабов: — Спектаклда қайси ролни ижро этишим муҳим эмас. Асосийси, театрда ишлашим! Ҳозирги иш жараёнида эса “багаж” тўплаяпмиз. Икковимиз икки хил Бобурни талқин қилганмиз, бу табиий. Дублёр сифатида Алишердан ҳеч нима олмайман, йўқса, ижромиз бир хил бўлиб қолади. Муҳими, томошабинга маънавий озуқа бера олиш.

— Назарингизда, ролингизга нима етишмади: салобат, виқор, нигоҳдаги дард...

Адиз Ражабов: — Аниқ жавоб беролмайман. Лекин ўз устимда ҳали кўп ишлашим керак.

Алишер Узоқов: — Назаримда, ҳаммаси меъёрида (кулади).

— Икковингиз ҳам жавоб беришга қийналдингиз. Балки Акбархўжа билан Юлдуз холис фикр билдира олишар. Кимнинг талқинидаги Бобурга кўпроқ ишондингиз?

Юлдуз Ражабова: — Уларнинг ютуғи — Алишер Узоқов ҳис қилган дардни Адиз Ражабов қайтармайди ва аксинча. Иккови ўзидан келиб чиқиб, ўз Бобурини талқин қилган. Энг асосий ютуғи эса ролнинг моҳиятини тушунишганида.

Акбархўжа Расулов: — Икковини ҳам инсон, ҳам актёр сифатида яхши билганим учун имконият даражаларини биламан. Алишер ижросидаги Бобур оғир вазиятларда ҳиссиётларига эркинлик беради ва “портлайди”. Бу ҳолатда Адизнинг Бобури сукут билан “гапиради”. Лекин икковининг ҳам талқинини томоша қилиш мароқли.

— Алишер ака, спектакль жараёнида телефон ўйнаб ўтирган томошабин йигитни ролдан чиқмаган ҳолда таъзирини берганингиз ҳақида эшитдим. Тез-тез қуюшқондан чиқиб турасизми?

Алишер Узоқов: — Бундай ҳолат бир маротаба бўлди. Ўша йигит спектакль моҳиятини англамай, телефон ўйнаб, кулиб ўтирганини кўргач, фиғоним фалакка чиқди. Ролдан чиқмаган ҳолда ёқасидан олиб, бироз туртиб юбордим. Томошабин "асли сценарий шундай экан", деб ўйлади (кулади). Сўнг хатосини англаб, спектаклнинг охирига қадар бошини хам қилганча ўтирди. Кейин чақиртириб, узр сўрадим, томошабинга бундай муносабатда бўлмаслигим керак эди. Кейин билсам, у йигит Сурхондарёдан “Алишер Узоқовни кўраман”, деб пойтахтга келган экан. Бирга расмга тушиб, хурсанд бўлиб кетди (кулади). “Тез ёниб кетадиган” одатим бўлгани боис ўзимни тутиб туролмадим, лекин бу ҳолат бошқа қайтарилмайди.

"Дийдор" театр студиясида саҳна ва томошабин зали бирлашиб кетган. Актёр қиёфасидаги ўзгаришлар, нигоҳдаги дардни яқиндан кўриш ва беихтиёр ҳис қилиш имкони бор. Бу театрда томошабин сони ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас, муҳими, томошабин ва актёрни бир-бирига яқинлаштириш. Бу жараёнда қўғирчоқникидек пирпираб турган "бўм-бўш" кўзларни эмас, нигоҳларда қалбни кўрасиз. Қалб эса китоб нури билан тўлган. Режиссёр Баҳодир Йўлдошевнинг "Юлдузли тунлар"ини томоша қилиб, олам-олам таассурот билан қайтдик ва анчагача спектакль таъсиридан чиқа олмадик.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА суҳбатлашди.
Фотомухбир: Ислом РЎЗИЕВ.

Шарҳлар

Гавҳар Шариповага ҳайдовчи шилқимлик қилганлиги ҳолати юзасидан қўшимча баёнот берилди

20.11.2019, 14:21

“Актрисага шилқимлик қилинган, у эса юриб кетаётган юк машинадан ўзини ташлаган” Қашқадарё ЙҲХБ қўшимча баёнот берди.2019 йил 18 дан 19 ноябрга ўтар кечаси соат 02:20...
Шавкат Комилов суратга олиш жараёнида актрисани ўлдириб қўйишига бир баҳя қолди (видео)

05.11.2019, 00:13

“Ёлғизлар”, “Кўз ёшим”, “Дард” каби ўн бешдан зиёд фильмлари орқали танилган актёр Шавкат Комилов иштирокида видео  тарқалди...Унда актёр, портнёри Азиза Ёқубовани чин маънода ўлдириб қўйишига...
​АКТРИСА АСАЛ ШОДИЕВА ТАДБИРКОРЛИККА ҚЎЛ УРДИ (ФОТО, ВИДЕО)

21.09.2017, 15:12

Асал Шодиеванинг Инстаграмдаги ижтимоий тармоғида ўзига хос дизайндаги либослар тўплами акс этган суратлар пайдо бўлди. Маълум бўлишича, мазкур либослар актрисанинг ғояси билан яратилган бўлиб, Miel...
​СИТОРА АЛИМЖОНОВА ШАХСИЙ ҲАЁТИНИ МУҲОКАМА ҚИЛГАНЛАРГА МИННАТДОРЧИЛИК БИЛДИРДИ

14.08.2017, 12:34

Актриса Ситора Алимжонова 8 август куни турмушга чиқди. Унинг тўйи Таиланднинг Пхукет оролида бўлиб ўтди.Ситора ўз интервьюларида турмуш ўртоғининг 27 ёшда эканлигини ва у тадбиркорлик...
Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+18° ясно
Валюта курси
9554.22
USD 21.48
10637.67
EUR 417.62
121.10
RUB 1.11