Бундан бир муддат аввал ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Руслан Шариповнинг аянчли аҳволдаги суратлари тарқалди. Бу суратлар анчадан бери кўринмай қолган хонанданинг мухлислари ўртасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Руслан Шарипов “Даракчи” газетасига берган интервьюсида кўпчиликни қизиқтирган саволларга жавоб берди.
“Бизни олдинда нималар кутаётгани ҳеч қачон билмаймиз. Бўлиб ўтганларнинг ҳаммаси мен учун синов бўлди, деб қабул қиляпман. Фаол ижодий фаолият юритаётган вақтимда кутилмаган зарбаларни ола бошладим. Булардан биринчиси, хорижий телеканалларга нотўғри маълумотлар айтиб, интервью берганликда айбландим ва телевидение эфирларидан олиб ташландим. Кейинчалик суриштириш ишларида маълум бўлдики, аслида интервью берган инсон мен билан исм-фамилияси бир хил деган журналист йигит экан. Кейинги миш-мишга кўра, мен ноқонуний савдо- сотиқ қилганим учун қамалган эканман... Бу туҳматларга ойдинлик киритилгунга қадар яна экранга чиқмадим. Бировлар ўйлаб топган ёлғон гаплар қурбонига айланганим менга қаттиқ таъсир қилди. Устига-устак “Хўжа” гуруҳи билан биргаликда бошлаган ишларимиз ҳам ортга кета бошлади. Қўшиқ ёзиб, ижод қиламиз, деган орзу-ҳавасда очган овоз ёзиш студиясининг иши ўхшамади. Хуллас, тадбиркорлигимиз айрим сабабларга кўра касодга учради. Ижодкор инсон бу каби кетма-кет омадсизликларни кўтара олмас экан. Тушкунликка тушиб, ичкиликка боғланиб қолдим. Иродамнинг бироз бўшлиги сабаб қаддимни тик тутолмадим”,—дейди Руслан Шарипов.
Руслан Шарипов билан эксклюзив интервьюни “Даракчи” газетасининг 20 апрель, пайшанба куни сотувга чиқариладиган янги сонида ўқишингиз мумкин.