Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати, Президентнинг Тошкент шаҳри ва Олмазор туманидаги Халқ қабулхоналари томонидан пойтахтимизнинг Олмазор тумани аҳолиси учун сайёр қабул ташкил этилди.
Сайёр қабул давомида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ўзларини қийнаётган муаммолар юзасидан бевосита тегишли соҳа раҳбарларига мурожаат қилиш ва улар юзасидан жавоб олиш имкониятига эга бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг топшириғига биноан ташкил этилган очиқ мулоқотда суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари, вазирликлар, давлат қўмиталари, марказий идора ва ташкилотлар, банк-молия муассасалари раҳбарлари, Тошкент шаҳри ва Олмазор тумани ҳокимликлари масъул ходимлари фуқаролар ва тадбиркорларнинг мурожаатларини тинглаб, уларни жойида ҳал этишга ҳаракат қилдилар. Қўшимча ўрганиш зарур, деб топилган мурожаатлар бўйича мутасадди идора ва ташкилотлар белгиланиб, ижроси назоратга олинди.
Таҳлилларга мурожаат қиладиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани аҳолисидан 2017 йилнинг 17 апрель ҳолатида 17 минг 436 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатларнинг 16 минг 734 таси жисмоний шахслар, 702 таси юридик шахслар томонидан юборилган.
Келиб тушган мурожаатларнинг 15 минг 733 таси (90,2 фоизи) кўриб чиқилган бўлиб, 1 минг 703 таси (9,8 фоизи) кўриб чиқиш жараёнида.
Мурожаатлар соҳалар бўйича ўрганилганда, уй-жой олиш ва уй-жой қуриш учун ер ажратиш, уй-жойларнинг таъмирга муҳтожлиги (4 минг 463 та – 25,6 фоиз), моддий ёрдам, иш ҳақи, пенсия таъминоти ҳамда болалар нафақасини олиш (1 минг 424 та – 8,2 фоиз), банк-молия (1 минг 350 та – 7,7 фоиз), судларда ишлар кўрилиши (833 та – 4,8 фоиз), суд қарорларининг ижроси (831 та – 4,8 фоиз), фуқаролик, паспорт олиш ва пропискага ўтиш (807 та – 4,6 фоиз), меҳнат ва бандлик, шу жумладан, ишга жойлашиш ва ишга тикланиш (768 та – 4,4 фоиз), ободонлаштириш ва коммунал хўжалиги, шу жумладан, йўлларни таъмирлаш (579 та – 3,3 фоиз), таълим-тарбия (503 та – 2,9 фоиз), табиий газ таъминоти (428 та – 2,5 фоиз), суриштирув ва тергов (413 та – 2,4 фоиз), соғлиқни сақлаш (412 та – 2,4 фоиз), транспорт ва йўловчи ташиш хизматлари (278 та – 1,6 фоиз), электр таъминоти, шу жумладан, электр энергияси ўчирилиши ва асоссиз қарздорлик ҳисобланиши (224 та – 1,3 фоиз), тадбиркорлик субъектлари ҳамда мулкдорлар фаолиятига боғлиқ масалалар (198 та – 1,1 фоиз), иссиқлик таъминоти (152 та – 0,9 фоиз) масалалари бўйича энг кўп шикоят ва аризалар тушаётгани маълум бўлди.
Тадбирда таъкидлаб ўтилганидек, бу рақамлар бир томондан халқимизнинг давлат ҳокимияти ва қонун устуворлигига бўлган ишончи ортиб бораётганидан далолат берса, иккинчи томондан, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шаҳар ва туман ҳокимликлари масъул шахсларининг халқдан, уни қийнаб келаётган муаммолардан узоқлашиб қолгани, мурожаатлар билан ишлаш соҳасига етарли даражада эътибор қаратмагани каби салбий омиллар чуқур илдиз отиб кетганини кўрсатади.
Мурожаатларнинг 7 минг 532 тасини бевосита Олмазор тумани ҳокимлиги ваколатига тааллуқли масалалар ташкил этади. Туман ҳокимлигида мурожаатлар билан ишлаш тўғри ташкил этилмагани, мурожаатларни тақсимлаш ва назорат қилиш ишларига малакали кадрлар жалб этилмагани ҳамда таҳлил ишлари йўлга қўйилмагани оқибатида фуқароларнинг шикоят ва аризаларига қонунда белгиланган муддатда жавоб бериш шартлари бузилишига йўл қўйилмоқда. Мисол учун, ҳозирги кунда 416 та муддати ўтган мурожаат мавжуд бўлиб, шундан 126 таси 2016 йилдан қолдиқ бўлиб ўтган, 290 таси эса жорий йилнинг январь, февраль ва март ойларида келиб тушган.
Мазкур мурожаатлар қонунда белгиланган ижро муддатларида кўриб чиқилмаган. Жумладан, 2016 йилнинг сентябрь ойида келиб тушган мурожаатлардан 4 таси, октябрь ойида келиб тушган мурожаатлардан 34 таси, ноябрь ойида келиб тушган мурожаатлардан 51 таси, декабрь ойида келиб тушган мурожаатлардан 37 таси ҳозирги кунга қадар кўриб чиқилмаган. Бундан ташқари, ўтган давр мобайнида кўриб чиқилган мурожаатларнинг 5 минг 430 тасига муддати бузилган ҳолда жавоб хати берилган.
Очиқ мулоқотда туманда мурожаатлар билан ишлаш, одамларнинг ичига чуқур кириб бориш, уларни тинглаш, йиғилиб қолган муаммоларни ҳал қилиш борасида йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар кескин танқид қилинди. Одамлар дарди билан яшаш, уларнинг муаммоларини ўз вақтида ҳал этиб, фаровон турмушни таъминлаш, хато ва камчиликларга бефарқ бўлмай, уларни бартараф этиш учун жон куйдириш, барча ўз ишига масъулият билан ёндашиш кераклигига эътибор қаратилди.
– Бугун турли соҳаларда мавжуд камчиликлар рўй-рост айтилиб, уларнинг амалий ечими топилаётгани, халқ билан мулоқот олиб боришда очиқлик муҳити яратилгани, фуқароларнинг мурожаатлари, таклиф ва ташаббусларини ўрганишда раҳбар ҳамда мансабдор шахсларнинг масъулияти кучайтирилаётгани айни муддао бўлмоқда, – дейди иштирокчилардан бири О.Тошхўжаев. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан сайёр қабуллар орқали аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотлар ўтказилаётгани давлат идораларида, барча даражадаги ҳокимиятларда аҳолининг ариза, шикоят ва таклифларини ўрганишда эътиборсизлик, сансалорлик ҳолатларига барҳам бермоқда, жамиятда ижтимоий адолатни қарор топтиришга хизмат қилмоқда.
Ҳақиқатан ҳам, сайёр қабулга муаммолари тез орада барҳам топишини умид қилиб келган инсонлар билан суҳбатлашар эканмиз, Президентимизнинг оддий одамлар дардини тинглаш, барча бўғиндаги раҳбарларнинг бу борадаги масъулияти ва жавобгарлигини кучайтириш йўлидаги амалий саъй-ҳаракатлари халқимизга катта маънавий ва руҳий мадад бераётганига гувоҳ бўлдик.