АсосийShou-biznes

​Руслан Шарипов кетма-кет келган омадсизликлар, яқинларининг кўмаги, келажакдаги режалари ҳақида(Эксклюзив)

'​Руслан Шарипов кетма-кет келган омадсизликлар, яқинларининг кўмаги, келажакдаги режалари ҳақида(Эксклюзив) 'ning rasmi

Ўтган йилнинг ёз ойларида Руслан Шариповнинг ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган суратлари кўпчиликни ҳайратга солгани аниқ. Аммо санъаткорни мухлислари ёлғизлатиб қўйишмади. Уларнинг ёзиб қолдирган изоҳ ва мурожаатлари уни руҳан қўллаб-қувватлаб турди. Бугун севимли санъаткоримиз иродасини мустаҳкам қилиб, ўзини қўлга олишга қарор қилган. Айни кунларда шифохонада даволанаётган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, бастакор, Юртимизнинг биринчи продюсери Руслан Шариповни йўқлаш учун биз ҳам йўлга чиқдик. У билан боғланишда бизга турмуш ўртоғи Гўзал опа ёрдам берди. Хонанда бизни анча тетик ва яхши кайфиятда қарши олди...

— Руслан ака, даволанаётганингизга қарамай, бизга вақт ажратганингиздан хурсандмиз. Кўринишингиз ёмон эмас.

— Вақт ва эътиборингизни ажратиб, мени йўқлаб келибсизлар, раҳмат.

— Яна оёққа туриб, ижодга қайтишга ҳаракат қилаётганингизни эшитиш қувонарли. Сизни соғинган мухлисларингиз жуда кўп...

— Бу илиқлик ва самимийликни сезиш мен учун катта бахт. “Менинг юртим” телеканалининг Наврўз байрамига бағишланган тадбирида иштирок этдим. Кейин яна шу телеканал телевизион концертимни ҳам эфирга берди. Афсус, шифохонада бўлганим боис уни ўзим кўролмадим. Бироқ ёнимдагилар томоша қилганларнинг фикрларини интернетдан ўқиб беришди. Ана ўша пайт нақадар бахтли санъаткор эканимни англаб етдим. Уларнинг ҳар бир ёзган гапи қалбимнинг туб-тубида турган, аммо унутилаётган ҳисларни уйғотди. Фурсатдан фойдаланиб, мен учун дуо қилган, ширин сўзлари билан мени қўллаб турганларнинг барчасига ўз ташаккуримни айтаман. Борингизга шукр!

— Сиз билан учрашувни анча вақт кутдик. Шунинг учун ҳам саволларимиз йиғилиб қолган. Келинг, ҳозир бироз ортга назар ташласак. Бугунги ҳолатга келиб қолганингизга сабаб нима деб ўйлайсиз?

— Бизни олдинда нималар кутаётганини ҳеч қачон билмаймиз. Бўлиб ўтган воқеаларнинг ҳаммаси мен учун синов бўлди, деб қабул қиляпман. Фаол ижодий фаолият юритаётган вақтимда кутилмаган зарбаларни ола бошладим. Булардан биринчиси, хорижий радио ва телеканалларга нотўғри маълумотлар айтиб, интервью берганликда айбландим ва телевидение эфирларидан олиб ташландим. Суриштириш ишларида маълум бўлдики, аслида интервью берган инсон мен билан исм-фамилияси бир хил бўлган журналист йигит экан. Кейинроқ эса ноқонуний ишлар билан қамалган, деган гапларни ҳам тарқатишди... Бу туҳматларга ойдинлик киритилгунга қадар яна экранга чиқмадим. Бировлар ўйлаб топган ёлғон гаплар қурбонига айланганим менга қаттиқ таъсир қилди. Устига-устак, “Хўжа” гуруҳи билан биргаликда бошлаган ишларимиз ҳам ортга кета бошлади. Қўшиқ ёзиб, ижод қиламиз, деган орзу-ҳавасда очган овоз ёзиш студиясининг иши ўнгидан келмади. Хуллас, тадбиркорлигимиз айрим сабабларга кўра касодга учради. Ижодкор инсон бу каби кетма-кет омадсизликларни кўтара олмас экан. Тушкунликка тушиб, ичкиликка боғланиб қолдим. Иродамнинг бироз бўшлиги сабаб қаддимни тик тутолмадим.

— Вақтида сиз қўллаб-қувватлаган ва машҳурлигига сабаб бўлган шогирдларингиз келиб хабар олмагани ҳақидаги гапларни қандай изоҳлайсиз?

— Биласизми, бугун ўтган ҳаётимни кўз олдимдан ўтказар эканман, бироз содда бўлганимни тан олмасдан иложим йўқ. Мисол учун, чет эллик ҳамкасбларимиз қонунга асосланиб ишлайди. Продюсер бирор бир хонандани саҳнага олиб чиқдими, албатта уларнинг ўзаро шарт­номаси бўлади. Бу билан улар ўз келажагини, молия­вий ҳолатини таъминлаган бўлади. Ўйлаб қарасам, ўша пайтда бу нарсаларга ақлим етмаган экан. Бироқ нима бўлганда ҳам, мен учун биринчи ўринда инсонийлик ва қалб. Биров ҳақида ёмон гапиришни хоҳламайман. Омма олдида уларни муҳокама қилишим нотўғри. Асосийси, бугун ҳамма ўз йўлини топган, миллионлаб мухлисларининг олқишини оляпти. Уларга фақат омад тилаб қоламан.

— Бундай пайтларда оила ва яқинларнинг ўрни катта, дейишади.

— Оиламиз — энг катта бойлигимиз. Қалбан чўкиб, йўлимдан адашганимда ҳам, уларни йўқотмадим. Онам, рафиқам ва қизларим ёнимда бўлишди.

— Ичкиликка ружу қўйишингизга турмуш ўртоғингизни айблаганлар ҳам бўлди.

— Ташқарида туриб, бировнинг оиласида нима бўлаётганини билиб бўлмайди. Бугунги куним учун эса ҳеч кимни айбламайман. Оиламни, муносабатларимни муҳокама қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ҳамма ўзи учун ўзи жавоб бериши керак, деб ҳисоблайман. Биласизми, ҳозир ўйлаб қарасам, шоу-бизнесда энг “сара” миш-мишлар қурбонига айланган эканман.

— Ҳозиргина “Дўст” қўшиғингизни қайта эшитдим. Айтинг-чи, дўстлар ҳақиқатан ҳам фақат бойлигинг бўлса, дўстми?

— Самарқанддан Тошкентга кўчиб келган йилларимда кўп хиёнатга дуч келдим. Қанчадан-қанча синовларни бошимдан ўтказдим. Афсус, улар бугунгача давом этяпти. Бугун вафодор дўст топиш қийин...

— Бўлиб ўтган воқеалардан қаттиқ хафа бўлдингизми?

— Гап-сўзлардан таъсирланганим рост. Қалбим оғриди, сиқилдим. Лекин гиналарни ўзимда сақламайман.

— “Йўқчилик йиқитар йигит зўрини” қўшиғини ўзингиз ҳақингизда куйлагандексиз...

— Бу қўшиқни Юлдуз Усмонова таклиф этганди. “Мен аёл бўлиб бу мавзуда куйлашим, тингловчига эриш туйилади”, деганди ўшанда. Менга эса унинг сўзлари жуда ёққан. Овоз ёзиш студиясида ҳам маза қилиб куйлагандим. Ким билибди дейсиз, бир вақтлар куйлаган қўшиқлардаги сўзларим бугун ҳаётимда қайтарилишини. Бундан кейин ўзимга сўз бердим. Энди фақат севги-муҳаббат ва ҳаётнинг гўзаллиги ҳақида куйлайман.

— Қийин вазиятлардан чиқишингизда яна кимлар сизга ёрдам беряпти?

— 2000 йил яхши бир инсон билан танишган эдим. Орадан 16 йил ўтиб, у билан яна учрашиб қолдик. Бугун оилам ва Муҳаббат ҳожи она (Раҳимовлар оиласи)нинг ёрдамида ўзимга келяпман. Насиб қилса, муолажаларни тўлиқ олиб, менга билдирилган ишончни оқлашга астойдил ҳаракат қиламан. Ҳали ҳаммаси яхши бўлишига ишонаман. Мавриди келганда яна бир маълумотни айтиб ўтмоқчи эдим, санъаткорлар, журналистлар ичида ҳам мен учун қайғурган, ҳурмат қилиб ижодимни кутганлар борлигидан қувондим. Масалан, бир неча ой олдин Юлдуз Усмонова билан учрашиб қолдик. “Бўлди, ўзингни қўлга ол. Мендан нима ёрдам керак бўлса, тайёрман”, деди. Бундан ташқари, яккахон концерт дастурига таклиф этганди, афсуски, саломатлигим туфайли қатнашолмадим. Концертда жонли ижрода куйлаш керак. Аммо йиллар давомида бироз зиён етган овозни созлаш учун менга вақт керак. Бироқ келажакда Юлдуз Усмонова билан албатта, яна ҳамкорлик қилишимизга ишонаман.

— Яна нималар ҳақида ўйлаяпсиз?

— Режаларим жуда кўп. Соғлигим тиклангач, ижодимни йўлга қўяман. Кимлардир учун эмас, ўзим учун қўшиқ ёзишни истайман. Яқиндагина бир танишим келиб, қўшиқ ёзиб беришимни илтимос қилди. Рад этдим. Унга ҳам “Энди худбин инсонга айланишга аҳд қилдим”, дедим. Бу ҳазил эмас, келажагимнинг ҳақиқати. Ростдан ҳам бировларнинг келажагини ўйлашни истамайман. Яна бир мақсадим — фарзандларимнинг келажаги. Икки қизимда ҳам иқтидор бор. Камила ҳозир Эстрада ва цирк коллежида таълим оляпти. Овоз имкониятларини эшитиб, хурсанд бўламан. Бир-икки йил ичида у билан шуғулланиб, қизларнинг янги гуруҳини тузишни режалаштирдик. Ўйлайманки, унинг келажаги порлоқ.

— Бугунги эстрадани ҳам кузатиб турибсизми?

— Албатта! Мен айрим тенгдош санъаткорлар сингари ёш хонандаларни танқид қилишдан йироқман. Чунки уларнинг шижоа­ти, ҳаракати ва янгилик яратишини кўриб, ҳайратланаман. Янги аср, янги замоннинг ёшлари шунақа фаол бўлишлари шарт. Ёшлардан Шаҳзода, Райҳон, Муниса Ризаева, Нилуфар Усмонова, Манзура, Улуғбек Раҳматуллаев, Шоҳрух ва Шаҳриёр рэперлар, “Божалар” гуруҳининг ижоди ёқади. Ҳаммаси ўз йўналишига эга, янгиликка ўч. Бугунги кунда мени фақат бир нарса хафа қилиши мумкин, холос. У ҳам бўлса, бугунги авлод мусиқа йўналишларини бироз қориштириб юбор­япти. Жанрларни қориштириш нотўғри деб ўйлайман.

— Концерт беришни режалаштирганингизни эшитдик...

— Шундай ниятимиз ҳам бор. Бу концерт яккахон тарзда бўлмайди. Унда бугуннинг энг ёрқин хонандалари ҳам иштирок этишади. Катта шоу узоқ йиллик танаффусга яхши жавоб бўлади.

Руслан Шарипов билан суҳбатимиз анчагача давом этди. У узоқ йиллик ижодий фаолиятининг ҳар бир кунини хотирасида сақлаб қолган. Ижодини эндигина бошлаган дамларини, муваффақиятларини ўзгача хурсандчилик ва фахр билан гапириб берди. У билан гаплаша туриб, Руслан Шарипов эгилса-да, аммо синмади, деган хулосага келдик. Ўзбек санъати учун ҳали кўп режалар тузаётганини англадик. Ўзида болаларча самимийликни сақлаб қолган Руслан Шариповга мустаҳкам соғлиқ ва ижодий муваффақиятлар тилаб, хайрлашдик...

Алия СУЛАЙМАНОВА суҳбатлашди

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар