13

​Муҳаббатнинг ўзгача талқини ёхуд "Ҳамроҳ" фильми атрофидаги баҳс-мунозаралар

ШОУ-БИЗНЕС 27.04.2017, 10:38
Теглар: Актриса, Фильм, Актёр
3558
​Муҳаббатнинг ўзгача талқини ёхуд "Ҳамроҳ" фильми атрофидаги баҳс-мунозаралар

Режиссёр Акром Шахназаров ўз қаламига мансуб сценарий асосида суратга олган "Ҳамроҳ" триллер-драмасини томошабинлар ҳукмига ҳавола қилди...

Очиғи, мазкур фильмнинг трейлерини интернетда кўргач, режиссёрини топиб, кинокартина ҳақида суҳбатлашгандим. Боиси, мистика, мелодрама, детектив-криминалистика, трагедия, триллер-драма жанрларини ўзида қамраб олган бу каби фильм катта экранларда анчадан буён бўй кўрсатмаганди. Шунингдек, профессионал актёрлар жамоаси, кинокартина номидан то баннеригача алоҳида урғу бериб, дизайн қилингани эътиборимни тортганди. Энг асосийси, ҳар бир фильм тақдимотидан сўнг ҳафсалам пир бўлавергач, “Ҳамроҳ” “бундан буён хусусий фильмларни кўрмайман”, деган фик­римни ўзгартира олди. Кинокартина титрлари чиқиши биланоқ томошабинни ўз оламига олиб киради. Чунки графикадан жуда ўринли фойдаланилган. Тақдимотдан сўнг эса трейлердан келиб чиқиб, чиқарган илк хулосам нотўғри бўлмаганидан хурсанд бўлдим. Актёрлар ролга тўғри танланган ва муҳими, уларнинг нигоҳи “сўзлаган”. Айниқса, актёр Карим Мирҳодиевнинг маҳоратига яна бир бор тан берасан киши. Сўзларсиз ҳам қаҳрамонини гапиртира оладиган актёр кинокартина “юк”ини таъминлаб берган. “Ота-она розилигисиз қадам босиш аянчли оқибатларга олиб келади”, деган фикрни режиссёр ёшларни қизиқтира оладиган триллер жанрида етказиб беролган. Аниқроғи, режиссёр маиший мавзуни ўзгача тарзда тақдим этиш йўлини топа олган. Иш бор жойда камчилик бўлиши ҳам табиий. Бироқ бу борадаги фикрларни санъатшунос Шуҳрат Ризаевдан эшитишни тўғрироқ, деб ўйладим...

Шуҳрат Ризаев, санъатшунос: — “Ҳамроҳ” фильмини кўриб, яна Фармонбибининг машҳур гапи ёдимга келди: “хўрозқанд чет элники деса, ётиб олиб ялайман дейсанлар-а!” Бундай услуб ва жанрда олинган Голливуднинг “Руҳ” фильмидан ташқари ҳозирги ўзбек томошабини яна юзлаб шундай фильмларни кўрган бўлса керак. Хўш, “Ҳамроҳ” фильми ижодкорлари томошабинни нима билан ҳайрон қилишмоқчи? Ахир “Руҳ” каби фильмларга кўр-кўрона тақлидини айтмаса, бошқа нима ибрат бор бу фильмда? Биласизми, фильм номини “Пўшт, Америка келаяпти”, деб қўйган бўлардим. Фильм давомида фақат инглизча қўшиқлар янграйди. Фильм сўнггида Адиз Ражабовнинг қаҳрамони “Унинг айби севганида эди, холос”, дейди. Ваҳоланки, Юлдуз Ражабова ва Бобур Йўлдошевнинг қаҳрамонлари севгиси етарлича кўрсатилмаган. Қолаверса, қандай қилиб ота қарғишини олиб, уйидан қочиб кетган қаҳрамон қизни дунёдан беғубор бўлиб ўтди, дейиш мумкин? Беғуборлигига ким кафолат беради? Адиз Ражабовнинг қаҳрамони ким ва қаердан келиб қолди ўзи? Бундай мавзудаги фильмларни катта экранга чиқаришдан аввал менталитет, қадриятларимиз ҳақида ўйлаш керак. Хориждан кўр-кўрона кўчириш, тақлид қилиш мумкин эмас. Лола Элтоева – “Ферузабону”дек ролларни ижро этиб турган профессионал актриса бундай фильмда роль ижро этиши унинг фуқаролик позициясига тўғри келармикан?! Карим Мирҳодиев ҳам тажрибали инсон ва санъаткор сифатида “тақлид қилмагин”, деб режиссёрга танбеҳ бериши керак эди. Тасвирчи, рассомнинг иши жуда чиройли. Режиссёрнинг истеъдодли экани сезилиб турибди. Лекин кучини бутунлай бошқа нарсага сарфлаяпти. Бу режиссёр йигитдан оқилона фойдаланиб, севги ҳақида лирик, мелодрама фильмлар суратга олдириш керак. Режиссёр янгилик қиламан, деган хаёл билан банд бўлиб, чуқур мулоҳаза қилиб кўрмаган. Ёшларимиз эртага Юлдуз Ражабованинг қаҳрамонига тақлид қилмайди, деб ким кафолат беради?

Қизиқ, эътирозларга жавобан бош роль ижрочилари ва режиссёр нима деркин?


— Карим ака, ролни чертиб-чертиб танлайдиган актёрсиз. Режиссёр Акром Шахназаровнинг таклифига розилик беришингизга сабаб нима бўлди?

— Сценарий ёқди!

Юлдуз Ражабова: — Ҳақиқатда сценарий, ундаги ғоя ўзгача! Уч-тўртта жанрни ўзида жамлагани билан ҳам янгилик бўлди. Қолаверса, бир жанрдан иккинчи жанрга жуда чиройли ўтишни уддасидан чиқишган.

Адиз Ражабов: — Сўнгги йилларда суратга олинаётган севги ҳақидаги фильм­лардан ҳам бутунлай фарқ қилади.

— Юлдуз, руҳ ролини ижро этиш ўзингизга ҳам қизиқ бўлгандир?

Ю.Р.: — Албатта! Қаҳрамонимнинг кечинмалари, дарди эътиборимни тортди. Етти йил руҳ бўлиб, аросатда юргани, ҳеч нимани эслолмаганидан қаҳрамонимга ачиндим.


— Адиз ака, ролингиз руҳият билан боғлиқ, қийналмадингизми?

А.Р.: — Бир текис ўйналадиган ролдан, баланд-пастига эга ролни ижро этиш мароқли. Фильмда актёрлик маҳоратини кўрсатиш учун “материал” етарли бўлгани боис мароқ билан ишладик. Лойиҳанинг ўзи мураккаб эди, шу боис анча меҳнат сарфланди. Динамикаси кучли бўлгани боис суратга олиш жараёни қийин кечди. Бу ҳам жисмоний, ҳам руҳий томонлама қийнади. Лекин фильмда профессионал актёрлар ўйнагани учун вақт беҳуда сарфланмади. Ҳамма ўз ишини билиб қилди. Асосийси, тақдимотгача бўлган қийинчилик эмас. Муҳими, томошабин кўриб, керакли хулоса чиқара олиши.

— Карим ака, тақдимотда сўз берилганда, “Фильмни ҳали кўрганим йўқ, премьерадан кейин гаплашамиз”, дегандингиз...

К.М.: — “Кимгадир ёқар лола, ким атиргул шайдоси. Мен учун райҳон аъло, райҳоннинг йўқ баҳоси!” Кинокартинанинг ютуғи – ҳали бундай жанрда фильм ишланмаганди. Бу — ўзбек киносида янгилик, яна бир олға қўйилган қадам бўлди. Аслида иштирокимдаги ҳар бир асар мен учун янгилик ва имтиҳон. Ёқмаган жиҳати эса фильм бироз чўзилгандек.

Ю.Р.: — Фильмнинг операторлик иши, динамикаси, монтажи аъло даражада ишланган, зерикиб қолмайди киши. Томошабинлар “Адиз Ражабовнинг қаҳрамони ўлдими ё тирик қолдими, тушунмай қолдик?” деб сўрашди. Бу атай очиқ қолдирилган. Мен ҳам фильм борасида “Жанр жиҳатдан янгилик бўлди”, деган ижобий фикрларни эшитяпман.

Акром Шахназаров: — Тўғри, Ёдгор қаҳрамони тақдирини атай очиқ қолдирдим, бу менинг йўналишим. Сирни очаман, “Ҳамроҳ” яхши қабул қилинса, фильмнинг давомини ҳам суратга оламиз. Лекин қаҳрамонлар, тақдирлар бутунлай бошқа бўлади.

А.Р.: — Фильм сценарийси ўқилганда бошқа, монтаж ва катта экранда бошқа бўлади. Лекин режиссёр графика, монтаж билан кинокартина ғоясини бойитиб бера олган. Фильм­да хорижий мусиқалардан фойдаланилган. Назаримда, Бухоро, Жиззахни кўрсатганда, миллий қўшиқларимиздан фойдаланилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

А.Ш.: — Молиявий томондан қийналганимиз учун ҳар бир қўшиқ устида бастакор билан ишлолмадик.

— Излаган имкон топади, дейишади. Ретро даражасидаги қўшиқларимиз бор-ку!

А.Ш.: — Адизнинг қаҳрамони жазнинг мухлиси. Шу боис хорижий мусиқадан кўпроқ фойдаланилган. Лекин Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокировдан қўшиқларидан фойдаланиш учун рухсат сўрамоқчи эдим, рос­ти, уялдим. Кейинги гал албатта, ҳамкорликда ишлашни ният қилдим. Бухоро, Жиззахни эса миллий қадриятларда кўрсатиб ўтганман.

Тақдимотда томошабин триллер жанридаги динамикага қурилган фильмларни соғинганини кўрдим. Стивен Спилбергнинг “Яхши фильм кулдира, йиғлата, қўрқита билиш керак”, деган фикри бор. Буларнинг уддасидан чиқдим-у, бироқ мақсадга келганда, Юлдуз Ражабова қаҳрамонининг ота уйидан чиқиб кетадиган саҳнаси Карим ака айтганидек бироз чўзилган.


— Наздингизда, фильмни тарбиявий томонлари...

К.М.: — Кино томошабинни тарбиялаш учун эмас, улар ўзини ўзи тарбия қилади. Шу маънода фильмнинг тарбия­вий томони қайси эканини томошабиннинг ўзи ҳал қилсин. Мен ижодкорман, ижод қилдим. Меҳнатим мухлисларга ёқса, ўзимни бахтиёр ҳис қиламан, акси бўлса, бу — менинг фожиам.

Ю.Р.: — Севги борасида алданиб қолиш ҳеч гапмас. Шу боис, албатта, ота-она билан маслаҳатлашмай туриб, қарор қабул қилишга шошмаслик лозим. Ота-онани ҳеч қачон норози қилмаслик керак!

— Адиз Ражабов қаҳрамони фильм сўнггида “Унинг айби севганида эди, холос”, дейди. Аслида ҳам ягона айби севиб қолганидами?

Ю.Р.: — Муҳаббати эмас, ота­сидан қўрқиб, дилини очмагани хатоси эди.

А.Р.: — Ҳақиқатда қизнинг уйдан қочиб кетиши хато. Нима бўлган тақдирда ҳам, ота-онанинг розилигини олиш шарт! Карим аканинг қаҳрамони фильм сўнггида “Менда ҳам юрак бор эди-ку, нега сирингни яширдинг”, дейди. Режиссёр атай шу фикрни олға сурган.


— Бу борада қизларни ота­си билан сирдош бўлиши тарафдоримисизлар?

Ю.Р.: — Нега энди йўқ? Тўғри, очиқдан-очиқ айтиш менталитетимизга тўғри келмайди. Лекин бошқа йўл билан дилидагини билдириши мумкин эди. Қаҳрамонимни ўзбошимчалик билан уйдан қочиб кетганини оқламайман. Шу боис ҳам Худонинг қаҳрига учраб, автоҳалокат билан ўлим топгандир.

А.Р.: — Қизлар онаси билан сирдош бўлади. Шундай экан, она орқали етказиш ҳам мумкин эди. Қизнинг уйдан қочишида айбни Бобур Йўлдошевнинг қаҳрамони зиммасида қолдириш ҳам нотўғри. Ёшлар фильмдагидек вазиятга тушиб қолганида тўғри йўлни танлаши керак, деган фикр илгари сурилган.

А.Ш.: — "Отанг ўтирган уйнинг томига чиқма", деган фикр бежиз айтилмаган. Қизлар дилидагини очиқ айтмайди, ота ҳам фарзандидан сўролмайди. Бу вазиятда ягона ечим — онага дилни очиш.

— Томошабинлардан ҳозирча илиқ фикрлар эшит­япмиз, дедингиз. Мухлислар қатори санъатшуносларнинг ҳам фикри қизиқми?

К.М.: — Албатта қизиқ!

Ю.Р.: — Ўз ишининг усталари фикрини эшитишни жуда хоҳлардим.

А.Р.: — Ҳали киношуносларнинг фикрини эшитмадим.

А.Ш.: — Тақ­димотда камдан-кам ижодкор табриклаш билан чекланмай, холис фикр айтади. Биргина режиссёр Мансур Абдухо­ли­қов “Ҳали ўз устингда ишлашинг керак. Хатоларингни ҳозир айтмасам, кейин "қотиб қоласан", ёнимга борсанг, фикрларим бор”, деди. Очиғи, Мансур аканинг эътиборидан хурсанд бўлдим.


— Санъатшунос Шуҳрат Ризаевнинг эътирозлари ўринлими?

А.Ш.: — Яқинда "Ўзбек­кино" Миллий агентлигида йиғилиш бўлганида “Ўзбеккино” Миллий агентлиги бош директори Отабек Мусаев “Хусусий фильмларда ҳам яхши ижод қиладиган ёшлар бор”, дея Шуҳрат акани “Ҳамроҳ”га таклиф қилганди.

К.М.: — Эътирозлар Шуҳрат Ризаевнинг шахсий фикри! Менга фильм ёқди, суратга тушдим.

Ю.Р.: — Шуҳрат ака балки ҳақдир. Лекин ёшлар тақлид қилмайди, чунки ота-онани норози қилиш қандай оқибатга олиб келгани фильмда кўрсатилган-ку! Ҳатто атрофимда ўтирган томошабинларнинг “Мана, ота-онанинг раъйига қарши бориш керак эмас!” деган фикри қулоғимга чалинди.

А.Р.: — Хулосани томошабин чиқаради.

А.Ш.: — Эътибор берилса, триллер жанрида ҳеч ким ижод қилмаяпти. Анча соғинганим ва ўзим яхши кўрганим учун муаллифлик ва хусусий фильмнинг олтин ўрталигини топиб, шу жанрга қўл урдим. Узоқ йўлга қатнайдиган ҳайдовчилардан эшитганим — реал воқеа асосида сценарий ёздим ва фильм ишладик. Шуҳрат ака ҳақ, устозлар биз ёшларни ёнига олиб, йўл-йўриқ кўрсатиши керак. Тан оламан, Бобур Йўлдошев ва Юлдузнинг қаҳрамонлари севги саҳнаси тўлиқ ёритилмаган. Боиси қиш фасли келиб қолиб, у саҳналарни тўлиқ суратга ололмадик. Воқеалар эса Ёдгор роли атрофига қурилган, у вазифани бажарувчи. Хорижий фильмларга тақлид қилинмаган, шунчаки ёшлар тез қабул қиладиган жанрда суратга олдим, холос. Аслида “Фильм ёқди”, деган фикрдан қўрқаман, холис бўлмайди-да, одатда. Шуҳрат акадек ўз ишининг устаси фикр­лари билан тўғри йўл кўрсатса, кейинги фильмларимда камроқ хато қила бошлайман ва устоз режиссёрлардек профессионал даражага чиқишимга имкон туғилади.


Муҳими, режиссёр ўз камчиликларини билади ва келаси ишларида уларни бартараф этиш ниятида. Шундай экан, кадр ва унинг ортида меҳнат қилган ижодий жамоа меҳнатини йўққа чиқариш тўғри бўлмас. Зеро, ҳар бир хато бу – хулоса чиқариш ва бир поғона ўсиш учун хизмат қиладиган дарс.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА суҳбатлашди

Шарҳлар

Гавҳар Шариповага ҳайдовчи шилқимлик қилганлиги ҳолати юзасидан қўшимча баёнот берилди

20.11.2019, 14:21

“Актрисага шилқимлик қилинган, у эса юриб кетаётган юк машинадан ўзини ташлаган” Қашқадарё ЙҲХБ қўшимча баёнот берди.2019 йил 18 дан 19 ноябрга ўтар кечаси соат 02:20...
Шавкат Комилов суратга олиш жараёнида актрисани ўлдириб қўйишига бир баҳя қолди (видео)

05.11.2019, 00:13

“Ёлғизлар”, “Кўз ёшим”, “Дард” каби ўн бешдан зиёд фильмлари орқали танилган актёр Шавкат Комилов иштирокида видео  тарқалди...Унда актёр, портнёри Азиза Ёқубовани чин маънода ўлдириб қўйишига...
САИД МУҲТОРОВ ​«КУЛБА» ФИЛЬМИНИНГ ПРЕМЬЕРА CАНАСИНИ МАЪЛУМ ҚИЛДИ

16.10.2017, 11:33

Алишер Навоий номли кино саройда янги премьера кутилмоқда. Режиссёр Саид Мухторов ҳамда «Дилшоҳ медиа» кинокомпанияси томонидан суратга олинган «Кулба» номли фильмнинг премьера санаси эълон қилинди....
​АКТРИСА АСАЛ ШОДИЕВА ТАДБИРКОРЛИККА ҚЎЛ УРДИ (ФОТО, ВИДЕО)

21.09.2017, 15:12

Асал Шодиеванинг Инстаграмдаги ижтимоий тармоғида ўзига хос дизайндаги либослар тўплами акс этган суратлар пайдо бўлди. Маълум бўлишича, мазкур либослар актрисанинг ғояси билан яратилган бўлиб, Miel...
Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+11° плотный туман
Валюта курси