Бугун Тошкентда мамлакатимизда кинематография соҳасини янада ривожлантиришга кўмаклашиш, соҳада фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари ва ёш киноижодкорларфаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодий имкониятларини рўёбга чиқаришга амалий ёрдам бериш каби бир қатор ижтимоий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш мақсадида ташкил этилган Кинематографияни ривожлантириш Марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Марказ директори Ойбек Абдушукуров Марказнинг асосий фаолият йўналишлари билан таништирди:
ташкилот аъзолари ва кинематография соҳасида фаолият кўрсатаётган бошқа жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;
уларнинг профессионал эҳтиёжларини қондиришга қаратилган ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий манфаатларини давлат ҳокимияти ва бошқаруи органлари, ННТ ва бошқа корхона, ташкилот, муассасаларда ифода этиш;
миллий манфаатларимизга, урф-одатларимизга мос келувчи кино ишлаб чиқаришларига эришиш ва уларни маҳаллий ва халқаро бозорларда тарғиб қилинишига кўмаклашиш;
соҳада халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш;
кинематография соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани яратишга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда ташаббускор бўлиш ва иштирок этиш;
Ташкилот аъзоларининг муаллифлик ва турдош ҳуқуқларини, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳмоя қилишга кўмаклашиш;
Кинопрокат тизимини ташкил этиш.
Тадбир давомида бугунги кинематографиянинг хусусий секторида ечимини кутаётган муаммоларга ҳам тўхталиб ўтилди ва Марказ томонидан режалаштирилаётган уларга мос ечимлар таклиф қилинди.
Тадбирда киношунос Нигора Ғаниева ҳамда “Ўзбеккино” МА директори ўринбосари Низоми Маҳмудов йиғилганларнинг саволларига атрофлича жавоб қайтаришди.
Тантанали очилиш маросимида кино арбоблари, кино танқидчилар, актёр ва актрисалар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этдилар ва Марказ юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.