9 май куни соат 21:00 атрофида байрам салюти билан деярли бир вақтда Тошкентда кучли шамол эсишни бошлади.
Ижтимоий тармоқларда табиат ҳодисаси етказган зарарнинг оқибатлари акс этган суратлар жойланди.
Хусусан Чилонзор туманида шамол кучидан йиқилган дарахт Nexia автомобилига жиддий зарар етказди, унинг эгаси махсус техникадан фойдаланишига тўғри келди.
Таъкидлаш жоизки, шамол нафақат Тошкент, балки унга яқин ҳудудларга ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмади. Қибрай туманининг Геофизика поселкасида шамол бино томини учириб кетди.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири Матиз автомобилини шамолдан қутқариб қолган қўшниларига минатдорчилик билдирган. У автомобилини қулфламаган ҳолда унинг ёнидан кетганини, устига том қулашини сезган қўшнилари автомобилни хавфсиз жойга ҳайдаб олиб қўйишганлигини ёзиб улардан минатдорлигини изҳор қилган.
Ўзгидромет маълумотларига кўра, шамол тезлиги 15-20 м/с ташкил қилди.