АсосийShou-biznes

​Фаррух Зокиров юксак баҳо, чексиз бахт ва биринчи муҳаббат ҳақида

'​Фаррух Зокиров юксак баҳо, чексиз бахт ва биринчи муҳаббат ҳақида'ning rasmi

Халқнинг меҳрини қозонган, юксак маъданият эгаси, Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров билан суҳбатлашдик. Санъаткорнинг саҳнадаги жўшқин ижроси, нигоҳларидаги мамнуният сирини сўрашга ҳожат қолмади. Суҳбат аввалидаёқ муҳаббат билан яшайдиган инсон ҳамиша ёш, деган хулосага келдим… “Суғдиёна” газетаси ижодкорлари уюштирган ушбу суҳбат сизга ҳам манзур келади, деган умиддамиз.

— Халқимизга хос анъаналар чиройли бўлиш билан бирга, чуқур мазмунга ҳам эга. Сиз ўзбекона қайси одатнинг авлоддан-авлодларга мерос бўлиб ўтишини истайсиз?

— Барча урф-одатларимиз замирида чуқур маъно ётади. Айниқса, инсонни болалигидан меҳнат қилишга ўргатади. Умуман, бизнинг халқимиз жуда меҳнаткаш. Яна болалик йилларимга қайтсам. У пайтлари газ йўқ, кўмир ёқамиз. Кўмир ташиш каби ишларни навбатлашиб қилардик. Отам раҳматли асосан боғ ишлари билан машғул бўлардилар. Дарахтларни пайвандлаб, парваришлардилар. «Келинглар», дея бизни ҳам боғ юмушларига жалб қилганида, тезроқ шу иш тугаса-ю, кўчага чиқиб ўйнасам, деган ўйда бўлардик. Сал улғайгач эса пўрим кийиниб олиб, учрашувлар, «танца»ларга ошиқардик. Бир гал уйдан чиқиб кетаётганимда отамнинг боғда ишлаб юрганларини кўриб, минг хижолат бўлиб, йўлкирага пул сўраганман. «Токчада турибди, олавер», десалар ҳам, ич-ичимда бошқача бўлганман. Ўша пайтлари бу ишларни ёқиб-ёқмай қилган бўлсак-да, меҳнатсеварлик руҳида тарбия топганмиз, деб ўйлайман.

— Инсоннинг меҳнатда суяги қотса, келажаги ҳам мустаҳкам бўлади.

— Албатта. Яна маҳалланинг ҳаётий мактаби — ўзи катта бир академия. Бу академия меҳмондўстлик, бағрикенглик, бир ёқадан бош чиқаришга ўргатади. Мен ишонч билан айта оламанки, биздек меҳмондўст халқ дунёда йўқ. Кўп юртларни кездик, бундай солиштириб қарасангиз, уларнинг шаҳарлари, улкан бинолари чиройлидир, аммо ҳатто, тўрт фасл мувозанати ҳам биздек эмас. Қишимиз — қиш, ёзимиз — ёз. Баҳорни айтмайсизми, бетакрор! Ҳар гал сафардан қайтар эканман, самолётдан тушишим билан «Тошкентимдан қўймасин» деган фикр ўтади хаёлимдан.

— «Бунча яхши бўлмасанг, Тошканим — онам, сени бирпас кўрмасам, кўзларимда нам...»

— Бу қўшиқ ҳам бежиз ёзилмаган. Кўпчилик «Ватанпарлик руҳидаги қўшиқларингизнинг оммалашишининг сири нимада?» дея савол беради. «Учқудуқ», «Шаҳрисабз», «Жаннатим, юртим» каби тароналаримиз юракдан ёзилган. Баландпарвоз гаплар эмас, самимий сўзларимиз, туйғуларимиз уларга кўчган.

— Самимий тароналари билан бизни сеҳрлаган Фаррух Зокиров ёш хонандаларни ҳам тинглайдими?

— Ёшларнинг ижодига санъаткор сифатида қизиқаман. Қанақа ўзгаришлар бўлаяпти, янгилик қила олишаяптими, деб. Истеъдодлилари бор, кўпчилиги эса ҳали изланишда. Ўз йўлини топиш жараёни кечаяпти уларда. Бу табиий.

Мухлис сифатида эса санъатда ўз йўли ва ўрнига эга ижодкор Озодбек Назарбековнинг ижодини мунтазам кузатаман, тароналари кўнглимга яқин. Юлдуз Усмонованинг санъатини ҳурмат қиламан. Шеър танлашни билади, сўзнинг маъносини чақади, чиройли талаффуз қилади ва юракдан куйлайди. Барака топсин! Қизларимизда шу жиҳатлар бироз оқсайди. Ўз устларида ишлашга эринмасликлари керак.

Санъаткор учун энг катта ғов нима?

— Ғов? Яхши савол. Агар санъаткорнинг истеъдоди, овози ҳақиқатда бор бўлса, ташкилий, моддий тўсиқлар — бари ўткинчи. Давр талаби билан бўлган сиёсий тўсиқлар ҳозир йўқ. Яхши маънода эркинлик бор. Муваффақиятнинг бир учи инсоннинг феълига ҳам боғлиқ. Айримлар кичик муаммо олдида ҳам тез таслим бўлишади. Лекин туғма истеъдод эгаси бўлган санъаткор қобиқни ёриб чиқа олади. Уни ҳеч қандай ғов ижоддан тўхтата олмайди.

— Ижодингизда янги дуэт ҳақида сўзлаб берсангиз...

— Хонанда Шаҳзода билан анча йиллар аввал ёзган «Чинор» қўшиғимни бирга куйладик. Бу мусиқий асар кўплаб тақдирларнинг гувоҳи бўлган чинор ҳақида. Иккинчи жаҳон уруши йилларида юртимизга келиб, паноҳ топган ва шу ўлкада илдиз отган инсонлар мавзусини ҳам ўз ичига олган ушбу дуэт мухлислар томонидан илиқ кутиб олинди.

— Қўшиқларингиз кўплаб ёш хонандалар томонидан қайта куйланди. Қизғанмайсизми?

— Қизғаниш... йўқ, аксинча, хурсанд бўламан. Мен учун уларнинг янги усулда қайта куйланиши, «иккинчи ҳаёти» қизиқ. Хонандалар уларни ўз йўналишларида ижро этишларига қаршилик қилмайман, маъносини ёки сўзларини бузиб куйлашмаса, бўлди. Фақат баъзи ёшлар «Устоз, фотиҳа беринг», дея рухсат сўрашади. Айримларининг эса бунга фаҳми етмайди.

— Биласизми, таниқли ёшлар билан суҳбатлашганимда, кўпчилиги машҳурлик сўзини инкор этишади. «Мен машҳур эмасман», дейишади-ю, яна «Кўчада, одамлар орасида бемалол юрсам эди...» дея қарама-қарши фикр билдиришади. Машҳурлик, бу нима?

— Яратганнинг назари тушган инсонга чин машҳурлик насиб қилади. Кўпнинг меҳр-муҳаббатига сазовар бўлиш бахт. Масалан, менга бозор-ўчар қилиш ёқади. Бозорга киришим билан эса «Фаррух ака, келинг, мен ўзим арзон қилиб бераман сизга», деб ҳар томондан чақириб қолишади. Мен эса бозор айланишни, савдолашишни, мева-чевалардан татиб кўришни яхши кўраман. Охирги пайтларда ҳамманинг қўлида телефон, бирор жойга борсангиз, фотосессия бошланиб қолади. Лекин барибир ёқимли! Баъзида сиз айтаётган ёшлар мухлислари билан суратга тушишни исташмайди. Бу гуноҳдек гап, деб ўйлайман. «Битта расмга тушайлик», деб меҳрини изҳор қилаётган мухлисни рад қилиш гуноҳмасми?

Бу борада мен учун доим отам ва Ботир акам ўрнак бўлган. Отам буюк санъаткор эди, десам, асло муболаға эмас. Вилоятларда яшовчи кишилар яқинларига, оғайниларига «Тошкентга кетаяпман», деса, «Вой, Карим Зокирийни кўраркансан-да», дея ҳавас қилишган. Қўйи қўзиласа, «Бу қўзичоқ катта бўлса, сотиб, пулига Карим Зокирийнинг пластинкасини оларкансан-да», дея гапиришган. Содда, аммо қанчалик муҳаббатга йўғрилган а? Отам эса ўта камтар эдилар. Буни дўстлари ҳам кўп эътироф этишган. Ботир акам катта унвонларни олдилар, Парижларда концерт берганлар, лекин ҳеч ўзидан кетиб қолмаган. Айтмоқчиманки, муҳими, машҳурликни қадрлаш ва «юлдузлик» касалига учрамаслик даркор.

— Сиз учун энг юксак баҳо?

— Болалагимда ҳам, ҳозир ҳам, хоҳ атрофдагилар билан муносабатда бўладими, хоҳ профессионал ижодда «Карим Зокирийнинг ўғли! Баракалла, ота ўғил» деган таъриф мен учун юксак баҳо. Ботир акам — ижодий виждоним. Доим қўшиқ ёзаётганда Ботир Зокиров қандай фикр билдирардилар, деган хаёл келади.

Санъаткор бўламан деб ўйламасдим, чин сўзим. Йигитлик йилларим мусиқа басталашга мойиллигим бор эди. «Шундай қўшиқ ёзсамки, Ботир Зокиров репертуарига киритса», деб орзу қилардим. Акам эса эшитиб кўрарди-да, «Йўқ, ҳали бор, ҳали пишмаган», дерди. Шукр, бу бахтга мушарраф бўлдим. 1974 йил «Мажнунтол» қўшиғини ёзган бўлсам, бир йиллардан кейин «Шу қўшиқ жуда чиройли чиқибди, майлими, мен куйласам», дея сўраганлар. Ўшанда юрагим ёрилиб кетай деган. Ҳозир ҳам кучли ҳаяжон билан эслаяпман. Маданиятни қаранг, майлими, деб сўраганлар.

— Ҳурмат қилган эканлар...

— Ҳа, яшанг! Укага ҳам эмас, ижодкорга нисбатан ҳурмати юқори даражада бўлган.

— Сизнингча, эркак кишига хос бўлиши шарт фазилат, бу...

— Меҳрибонлик!

— Қаттиққўлик эмасми?

— Йўқ.

— Афсуски, айрим кишилар қаҳри қаттиқликни, айниқса, аёл кишига нисбатан қаттиқ муносабатда бўлишни эркакларга хос хусусият, деб санашади.

— Асло. Заиф эркакларнинг хулосаси бу. Мен йигирма ёш йигитнинг ёки ўттиз ёш эркакнинг фикрини айтмаяпман. Эркак киши меҳрибон бўлиши керак. Унинг жами хусусиятлари шу фазилатнинг негизида бирлашади.

— Аёллар учун-чи?

— Назокат! Биласизми, ўзбекистонлик аёллар бошқача назокатли. Улар қайси миллатга мансуб бўлмасин, Ўзбекистоннинг ҳавосидан нафас олиб улғайишганми, ажралиб туришади. Хорижда учратиб қолсам ҳам, битта ҳаракати ёки сўзидан «Ўзбекистонликмасмисиз?» деган саволни бераман. «Ҳа, албатта, Тошкентда туғилганман, Самарқандда ўсганман» каби жавобларни кўп эшитганман. Аёлим рус миллати вакиласи. Чой узатишлари, сўзлашларидан ўзбекона назокат уфуриб туради.

— Онангиз раҳматли-чи? Қандай табиатли аёл эдилар?

— Эсласам, отам иккаласи икки хил дунё бўлган эканлар. Бирлаштириб турувчи нуқталар бор эди, албатта — санъат, санъатга бўлган муҳаббат, уни чуқур англашлари, болалар. Аммо отам оғир табиатли, камгапроқ инсон эди. Онам эса довюрак, сўзамол аёл бўлганлар. Маҳаллада уришган эр-хотинларни ҳам эринмай уйларига бориб, яраштириб келардилар. Кўчада икки маҳалладош маст кишининг ёқалашаётганини кўрсалар ҳам, жим ўтиб кетолмасди. Онамдан ҳайиқишарди, битта сўзларини эшитишлари билан «Хўп, Шойиста опа, хўп», дея қўлларини кўксига қўйиб уй-уйларига тарқалишарди. Дугоналари, раҳматли Иқбол хола «Травмайда бирор ким нотўғри қараш қилса, Шойиста кавушини тўғирлаб қўйишга дарров киришарди. Ўзи қилтириққина-ю, гапиришга чўчимасди. Бу бошлаган муҳокамани мен давом эттиришимга тўғри келарди», дея кулиб эслардилар. Онам нозиккина, Иқбол хола эса саватли аёл бўлган-да.

— Фаррух ака, сизни футбол майдонида учратиш мумкинми?

— Йўқ. Ҳозир спорт билан шуғулланмай қўйдим. Болалигимда сузишга, кейинчалик боксга қизиқдим. Кўп йиллар бокс машғулотларига қатнашдим. Бироқ умрим бино бўлиб, бирор марта муштлашмаганман. Ўсмирлик йилларимда ҳам, кейин ҳам. Доим ажратувчи ролида эдим. Авторитет бор эди, қолаверса, одатда, муштлашишга шай турган икки томонни ҳам танирдим.

— Руҳшуносларга ишонасизми?

— Психологияга фан сифатида қарайман, холос.

— Ўтган йилларга назар ташлаб, нимага амин бўласиз: кўнгилга қулоқ тутиб яшабсизми ё ақлнинг ҳукмига?

— Кўнгилга. Ижодкор инсон кўнгил кишиси бўлади. Тўғри, онгли равишда қадам ташлашга ҳаракат қилганман. Кўнгилга эса қарши бормаганман. Менга истараси иссиқ, юраги бор одамлар билан суҳбатлашиш ёқади. Ҳисоб-китоб билан яшайдиганлар совуқ одамлардек туюлади.

— Қай бирининг измида яшаш осонроқ?

— Билмадим... Менга кўнгилнинг измида... Иккаласини бир нуқтада бирлаштира олсангиз, қанийди...

— Эллик, олтмиш йиллик дўстларингиз билан учрашиб турасизми?

— Ҳа, синфдошлар йиғиламиз, «чойхонамиз» бор. Олтмишдан юқори сонни тилга олгим келмаяпти. Кечагина ёнма-ён ўтирган дўстларимиз бугун ёнимизда йўқ. Ҳаётнинг қонуни шу экан... У-бу жойларга борганда ёшларнинг йиғилишганига кўзим тушади. Улар салом-алик қилишгач, икки-уч дақиқа ўтар-ўтмас телефонлари билан овора бўлиб қолишади. Дийдор ғанимат эканлигини унутиб қўйишаяпти одамлар...

— Биринчи муҳаббатингизни эслайсизми?

— О-о-о! Эслаганда қандоқ?! Тўртинчи-бешинчи синфда ўқиб юрган кезларим хат ёзганларим ёдимда. Ўқитувчилардан шу сабаб дакки эшитганим ҳам. Дарсларда ҳам хат ёзиб ўтирардим-да. Жуда романтик бўлганман. Синфдош йигитларнинг севги мактубларига ҳам муаллифлик қилардим. Ҳуснихатим чиройли эди, такрорланмас, шоирона сўзларни топиб қўярдим-да. Ўн олти ёшимдаги илк севгимни эса унутмаганман. Алоҳида дунё бу... Муҳаббат — тақдирнинг энг катта инъоми. Энг биринчи ва муҳим инсоний фазилат. Қалб гўзаллиги севгида акс этади.

— Инсон орзу билан тирик, дейишади.

— Бетакрор жумла — инсон орзу билан тирик! Ёшингиз етмишдан ошгач ҳам орзу-ҳавасларингиз ўлмас экан. Ижодий орзуларим, мақсадларим бор. Улгураманми, деган савол ўйлантиради. Одамзот икки юз йил яшаса ҳам, вақт етмагандек туюлса керак...

— Фаррух ака, узоқ яшанг! Мазмунли суҳбат учун ташаккур!

— Раҳмат!

Шоира ШАГИАҲМЕДОВА суҳбатлашди.

Фотомухбир: Аълохон АБДУЛЛАЕВ.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар