Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Озодбек Назарбеков санъаткорлар хизматидан текин фойдаланадиган давлат ташкилотларига пул ўтказиш йўли билан санъаткорлар хизматидан фойдаланишни йўлга қўйишни таклиф қилди.
У бундай таклиф билан 2 июнь куни “Ўзбекконцерт” ташкилотида бўлган мажлисда чиқди, деб ёзади 1news.uz нашри. Вазирликдаги мулозим ушбу таклифни тўлиқ қўллаб-қувватлашини айтди.
Ўз чиқишида хонанда, хусусан, прокуратура ва бошқа давлат муассасалари амалдорларининг ўз базмларида хонандалар хизматидан бепул фойдаланиш устига, дўқ уриб санъаткорларни обрўсизлантириши ҳақида шикоят қилди.
“Давлат ташкилотлари олдида санъаткорларнинг ҳурмати йўқ. Давлат тадбирлари ҳақида гапирмаяпман. Ташқи ишлар вазирлигида тадбир қилади ёки прокуратурада оддий ўтириш қилади, масалан, Наврўзга ўтиради, нонни пулга олади, сувни пулга олади, ресторанни пулга заказ қилади ва санъаткор текинга бориши керак. Ҳурмат ҳам шунга яраша бўлади”, - деди Назарбеков.