Куни кеча Тошкент шаҳар ИИББда бўлиб ўтган брифингда маълум қилинишича, пойтахтда 50 та отдан иборат отлиқ отряд фаолият бошлайди.
Отряд базаси “Ипподом””да жойлашади.
Ўзбекистонда отлиқ отрядлари 2014 йилда Андижон ва Наманган вилоятларида тузилган. Наманган вилояти ИИБдаги отлиқ отряд 22 нафар ходим ва 22 бош хизмат отидан ташкил топган.
Тошкентда ташкил этиладиган отлиқ отряд отлиқ отряд патруль йўналишлари ва тегишли ҳудудларда жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлайди, очиқ майдонларда спорт, маданий-томоша ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказиш чоғида мобил тўсиқлар ва отрядларни ташкил қилади, оммавий тадбирларда хизмат отларидан фойдаланган ҳолда фуқаролар ва жамоат хавфсизлигини таъминлайди, хизмат отларидан фойдаланган ҳолда мустақил ва ички ишлар органлари ҳамда бошқа махсус операциялар тузилмаларининг кучлари билан ҳамкорликда тажовузкор оломонни тартибга солиш, оммавий тартибсизликлар ва жамоат тартибини бошқа гуруҳли бузилишида фаол иштирок этаётганлар ва уларнинг бошлиқларини аниқлаш ва қўлга олиш каби вазифалар билан шуғулланади.
Маълум бўлишича, отларга шовқиндан ҳуркмасликка, портлашдан, тутунли ҳудудларда қўрқмасликка, ҳужум қилувчиларга қарши чиқишга ўргатилади. Бу мақсадда россиялик мутахассисар билан ҳамкорликда ўқув машғулотлари ўтказилади.
Отлиқ отряд жорий йил оҳиригача пойтахтимизда фаолият бошлайди.