АсосийShou-biznes

​Мадина Мумтознинг ноодатий саволларга жавоби

'​Мадина Мумтознинг ноодатий саволларга жавоби'ning rasmi

Хонанда, актриса, икки фарзанднинг онаси, суюкли ёр ва чаққонгина келин – Мадина МУМТОЗ билан “Суғдиёна” газетаси ижодкори боғланиб, ижоди ҳақида суҳбатлашмади! Бу сафар у ноодатий саволлар нишонида! Қани кўрамиз, берилган вазифани қай даражада уддалар экан.

– Ҳаётда қиёфадошингиз бўлиши мумкинми?

– Ҳа! «Зуҳрам»ни учратмаганман-у, аммо қайсидир жиҳатлари, эҳтимол ташқи кўриниши, юз тузилиши менга ўхшаш бўлганлар бор. Ўзим кўрганман!

– Опера, жаз, реп — қай бир йўналишда тажриба қилиб кўришингиз ёхуд дуэт ижроси амалга ошиши мумкин?

– Опера йўналишида тажриба қилиш ниятим йўқ эмас! Демак, опера!

– Таваккал қилиб...

– Билмасам... менимча, оила қураётганимизда, танлаган ёримизни қанчалик яхши билмайлик, танимайлик, қайсидир маънода таваккал қиламиз. Менда ҳам шундай бўлган.

– Кимларга нисбатан «аллергия»нгиз бор?

– Ўзига бино қўйган, атрофидаги одамларни қўл учида кўрсатадиган инсонларга нисбатан «аллергиям» кучли!

– Хаёлингизда тинимсиз айланадиган қўшиқ?

– ...кўпинча эрталаб бирор таронани тингласам, кун бўйи у хаёлимда айланаверади. Кўпчиликда шундай бўлса керак, ўйларимизни банд қиладиган қўшиқлар ўзгарувчан!

– Тасаввур қилинг, съёмкага кетаётиб йўлингизда адашдингиз. Телефонингизнинг қуввати тугаган, аксига олиб машина бензининг ҳам таги кўриниб қолаяпти, тағин денг, ёнингизда пулингиз йўқ! Нима қиласиз?

– Аввал машинани четроққа оламан, шу вақтда бирор ким ёнимдан ўтиб қолса, ундан ёрдам сўрайман, қўнғироқ қилиб олиш учун. Сўнг такси тўхтатаман-да, вазиятни тушунтириб манзилим томон ошиқаман. Хуллас, вазиятдан чиқиш йўлини топаман!

– Мадинанинг жаҳли чиққанда...

– Қорни очқаган бўлади (кулиб). Арзимаган нарсага ҳам аччиғим келиши мумкин, мабодо фикримни охирига етказиб беришимга қўйишмаса, жуда қаттиқ жаҳл қиламан.

– Қилаётган ишингиздан уяласиз, қачонки...

– Ёлғон аралашган бўлса... Эртами, кечми сирим фош бўлишидан чўчиб, қилаётган ишимдан уяламан. Лекин бунақанги вазиятлар сира бўлмаган. Ростгўйликни қадрлайман!

– Бир марта бўлса ҳам муштлашганмисиз?

– Мактаб пайтларим дугоналаримнинг ёнини олиб, тортишиб турар эдим. Лекин муштлашишгача бормаган.

– Пардозсиз кўчага чиқишингиз мумкинми?

– Ҳа ва бу ҳолат жуда кўп такрорланади.

– Турмуш ўртоғингизни кутиб олишда-чи?

– Баъзан пардозсиз бўлишим мумкин, лекин имкон қадар умр йўлдошимнинг ишдан қайтишига ясан-тусан қилволаман!

– Болалик хотираларингизни ёдга солувчи ифор қайси?

– Онам фойдаланган атир! Болалигимни эслаганимда айнан шу ифор димоғимга урилгандек бўлади.

– Телефонингиз туширилган сўнгги сурат?

– Маҳалладан чиқиб кетаверишда осмоннинг ярми булутли, ярми қуёш манзарасидан алланечук таъсирлангандим. Шу пейзажни суратга олган эканман.

– Ижодий сафарга кетаётганингизда ўзингиз билан олишингиз шарт бўлган 3 та нарса-буюм?

– Пул, уяли телефоним ва унинг қувватлагичи!

– Мадина Мумтоз ҳаётининг «саундтреки» қайси композиция?

– Ўзим ижро қилган «Бахтли бўл» қўшиғи!

Дилдора ЮСУФБЕКОВА суҳбатлашди.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар