Бу актрисанинг ижоди давлат буюртмасига кўра суратга олинган “Йўл бўлсин” фильмидан бошланган. Зебо Наврўзова режиссёрлигидаги “Ромео ва Жульетта” картинаси эса унга машҳурлик олиб келди. Кейинчалик у шахсий ҳаётини йўлга қўйиб турмушга чиқди. Анча йиллик танаффусдан сўнг, режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов ўзининг “Қора кўз”и орқали уни яна катта экранларга қайтарди. Зарина Низомиддинова — бугун ўзбек киносининг юзларидан бирига айланишга улгурган. Илк бор сериалларда суратга тушган актрисанинг — “Саодат” сериалидаги иштироки суҳбатимизга сабаб бўлмоқда.
- Сизни кўриб турганимиздан хурсандмиз. Куни кеча биринчи фасли якунланган сериалда суратга тушдингиз. Адашмасак, биринчи маротаба сериалда ишладингиз...
- У билан “Ромео ва Жульетта” фильмида бирга ишлаганимиздан хабарингиз бор. Ўша йиллардаёқ феъл-атворимиз, дунёқараш ва мақсадларимиз ўхшаш эди. Кўп нарсаларда бир хил фикрлаганимиз учун ҳам ҳамкорликлар бизга қийинчилик туғдирмайди, деб ўйлайман. Бу эса албатта, натижанинг яхши бўлишига асосий пойдевор. Биласизми, Шоҳруххоннинг самимий ва кўнгли тозалигига тан бераман. Машҳурлик уни ўзгартирмаган. Ҳатто, атрофида кимдир, бошқаларни ғийбат қилаётганини эшитиб қолса, уришиб беради. Турмуш ўртоғи Асал Шодиевани ҳам жуда ҳурмат қиламан. Ҳамкасб сифатида муносабатларимиз яхши. Биз оилавий дўстмиз, десам хато бўлмайди.
— Очиғини айтиш керак, бу сериал нафақат томошабинларга балки, ўзим учун ҳам янгилик бўлди. Аввал бундай катта лойиҳада иштирок этмагандим, сериалда ишлаш бошқача бўларкан. Ўзингиз яхши биласиз, бугун фильмларни суратга олиш учун кўп вақт берилмайди. Ролга киришишга улгурмасимиздан, ишларни якунлаб қўйишарди. Сериалнинг ишлари умуман бошқача. Мазза қилиб ижод қилиш, ролни ҳис этиш мумкин. Мен ойлар давомида Саодат образида яшадим. Икки ярим ой давомида, ҳар куни тасвирга олиш ишлари бўлиб ўтди. Зарина эканимни эсдан чиқариб ишладим. Ва энг асосийси бу менга жуда ёқди. Ана шундай жараён, роҳатланиб ишлаш имконини беради.
— Сериалда жабрдийда, ҳаётдан бироз қийналган қиз ролини гавдалантирдингиз. Аввал ҳам сизни бундай образда кўрганмиз. Ўзингиз учун бирор янгилик бўлдими?
— Жуда катта кастинг ўтказишди. Бир қанча машҳурларимизнинг киносиновлар топширишганига гувоҳман. Ўзимга келсак, аввалига Саодат билан Шоҳсанам ролининг “проба”сини топширдим. Режиссёр узоқ ўйлаб, бош қаҳрамонни менга мос, деб топди. Ролимга келсак, меҳрибон, кўнгли тоза, яқинлари учун қайғурадиган қизман. Тўғри, бир қарашда у аввалгиларига ўхшашдир, лекин асосийси ўзимнинг ички ҳолатим ва унга ёндашишим ўзгарганини сездим. Иш бир-икки ҳафтада тугагани йўқ. Сериалнинг қисмлари кўпайгани сари ҳаракатларим, қараш ва вазиятлардаги ҳолатларим бир хил бўлиб қолмаслиги учун кўпроқ ҳаракат қилдим, изландим. Ҳа, яна бир гап, сериални суратга олиш ишларида жуда ҳам майда деталларга аҳамият бериш кераклигини ўргандим. Фильмларда эътиборсиз қолдирилган жиҳатлар бу ерда муҳим саналади. Бир сўз билан айтганда, “Саодат” — ижодимдаги ўсиш бўлди.
— Икки-уч йил аввал, бир йилда ҳатто саккиз-тўққизта фильмларда суратга тушардингиз. Бугун эса катта экранларда сиз иштирок этган картиналар нисбатан жуда кам...
— Йилда ўнга яқин картиналарни суратга тушиш мен учун чўт эмас. Ҳаммасига улгурардим. Уларнинг ичидаги икки-учтасидаги савиялилари, бироз одатий ролларни ёпиб кета оларди. Бугун эса ёмонини яширадиганини топиш жуда қийин. Балки ҳозирги айтадиган гапим бошқаларга бироз эриш туюлар. “Актёрларнинг топган баҳонаси шу” дейдиганлар ҳам бор, албатта. Бироқ бундан бошқа сабаб бўлмагандан кейин нима дейишга ҳайронман. Бугун режиссёрлар, сценарийнавислар бироз эринчоқ бўлиб қолганини яширмайман. Бир хил воқеаларни таклиф этишдан ҳеч ким уялмаяпти. Ҳатто, таклиф этилган айрим фильмларимдаги воқеалар реал ҳаётга тўғри келмайди. Мен кўринмай қолдим, рол ўйнашим керак, деб ҳамма таклифга кўниб кетиш эса бугуннинг талаби эмас. Йиллар давомидаги тажрибалардан келиб чиқиб, бироз каттароқ лойиҳаларнинг иштирокчисига айланишни истайман.
— Клипларда эса аксинча, фаоллашгандексиз...
— Адашасиз, клипларда ҳам камнамоман. Охирги марта Шоҳжаҳон Жўраев, Муниса Ризаева ва Шоҳруххон билан ҳамкорлик қиляпман, холос. Шоҳжаҳонни ижодкор сифатида ҳурмат қиламан. Ўзим учун ҳам бу хонанда билан ишлаш қизиқ бўлди. Мунисанинг клипидаги образимни ўзим жуда ёқтирдим. Кўрган бўлсангиз, эртаклардаги жангари қизлар ролидаман, бу мен учун янгилик. Шоҳруххон билан ҳамкорликка келсак, у менинг болаликдаги дўстим. Биргаликда қилган ҳамма ижодий ишимиз доим омадли чиққан. Буни Шоҳруххоннинг ўзи ҳам кўп такрорлайди.
— Кун давомида тез-тез “айлантириб” туриладиган клипларда чиқиш экранлардан тушиб қолмасликнинг бир йўлидир...
— Тўғри, бу нарса билан ўзларига рекламани таъминлаган ҳамкасбларим йўқ эмас. Тан олиш керак, ўзим ҳам ижодий танаффусдан сўнг, энди кинога қайтганимда телевизорда кўриниб туришни ёқтирардим. Аммо бу професионалларга хос йўл эмас. Чунки ким билан тўғри келса, ўшанинг клипида чиқавериш аксинча натижани кўрсатиши аниқ. Яъни, бу билан одамларнинг меъдасига тегиб қолиш ҳеч гап эмас. Мен учун кинодаги каби клипда ҳам муҳим жиҳатлар жуда кўп. Хонанданинг кимлиги, қўшиқнинг маъноси ва режиссёр кимлигини инобатга оламан.
— Ўзингиз айтганингиздек, хонанда Шоҳруххон билан кўп ҳамкорлик қиласиз. Нега айнан у?
— Бир неча йил аввалги бўлган суҳбатимизда “Яхши ва машҳур актёр бўлиш учун, институтда ўқиш шарт эмас. Маҳоратнинг ўзи етарли” деган гапларни айтгандингиз. Аммо хабаримиз бор айни пайтда Ўзбекистон Давлат Санъат ва Маданият институтининг Драма актёрлиги бўлими талабасисиз...
— (Бироз уялиб) Ёш ва тажрибасиз эдим, ўшанда. Ўйламасдан гапириб қўйган бўлсам керак. Санъатга энди қадам қўйганимда омадим келиб, тезда тилга тушганим учун ҳаволаниб “ўқимасдан ҳам машҳур бўла олдим-ку” деган фикр келган. Бироқ бугун ҳақиқий санъаткор бўлиш учун албатта, устозлардан дарс олиш шарт, деган фикрдаман. Институтда тажриба, янгилик, рақобат бор. Ўзингизни доим синаб туриш имкониятига эгасиз. Менга айниқса, “пластика” ва саҳна нутқи дарслари ёқади. Яна бир гап, ўтган семестрда дарсга кам келганим учун маҳорат дарсининг имтиҳонини, мюзиклда рол ижро этиш орқали топширдим. Биласизми, шу кичик синов менинг театрга бўлган меҳримни оширди. Устозим ва курсдошларимга ҳам ролим маъқул келганини эшитдим. Агар астойидил меҳнат қилиб, ўқисам, жонли ижро — театрда ҳам ишлай олишимга кўзим етяпти. Фақат бу ҳақида ҳозирча аниқ гапиришга бироз эрта.
— Инстаграмда саҳна нутқи устозингиз билан бирга тушган суратингизни жойлаштирдингиз. Бу қўшимча сабоқлар билан бандлигингизнинг ҳисоботими?
— Афсуски, ундай эмас. Устозимиз Рамзиддин Қодировнинг профессионаллигига тан бераман. Ўз ишини билади. Инсон сифатида ҳам самимийлиги эътиборимни тортган. Бу суратни эса дарсдан сўнг, улардан ўзим илтимос қилиб тарихга муҳрлагандим. Қўшимча дарсга келсак, бундай ниятим бор. Фақат бунинг учун вақт керак. Тез кунларда бу режамни амалга оширишга ҳаракатни бошлайман!
— Ижро этган ролларингизда, одамлар билан мулоқотда бўлишни ёқтирадиган касб эгаларини кўп кузатамиз. Адвокат, психолог, журналист... Бошқалар билан мулоқотда бўлиш, уларнинг дарди, муаммоларига ечим топиш ҳаётдаги Заринага қанчалик яқин?
— Актёрга яқин образни таклиф эта олиш бу — маҳоратли, ўз касбини ҳурмат қиладиган режиссёрнинг даражасини белгилаб беради. Ҳақиқатдан ҳам одамлар билан суҳбатда бўлиш, уларни қийнаётган муаммоларни тинглашни ёқтираман. Айниқса, маслаҳатлар бериш орқали тўғри йўлда эканини кўриш жуда завқли. Балки, бу ичимдан яширин бирор-бир касбга бўлган меҳрдир, билмадим.
— Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларга юклаётган фотосуратларингиз катта муҳокамаларга сабаб бўляпти. Лекин бу гаплар сабаб қадди-қоматингизга урғу бериб суратга тушишни тўхтатаётганингизча йўқ...
— Тўхтатмайман ҳам! Чунки ким нима деса, десин, мен айримларга ўхшаб очиқ-сочиқ кийиниб юрганим йўқ. Шунчаки, бироз тор либосларни яхши кўраман, холос. Бундан ташқари, бу мен танлаган замонавий услуб. Назаримда, ҳамманинг ўз диди ва хоҳишлари бўлиши табиий. Бунга биров тўсқинлик қилиб, уни тарбиясиз ва ахлоқсизга чиқариши нотўғри! Мени ёмон гаплар билан муҳокама қилаётганлар, интернетдаги бошқаларнинг ҳаётига ҳам назар солиб кўришса ёмон бўлмасди...
— Бугун ҳамкасбларингиз орасида санъатдан ташқари шахсий бизнесини йўлга қўйганлар кўп. Балки сизнинг ҳам биз билмаган фаолиятларингиз бордир...
— Бир марта тадбиркорлик билан шуғулланишга ҳаракат қилиб кўрдим. Бироқ, минг афсуски, мендан “biznes women” чиқмас экан. Ишим юришмади. Шунинг учун бугунги даромадим фақат кинодан. Бахтимга оилам, акам бор. Улар мени қўллаб-қувватлаб, кўп ёрдам беришади.
— Ҳаётингиздаги воқеалар эрта бошланган. Машҳурлик, турмушга ҳам эрта чиқкансиз. 19 ёшда она бўлиш ҳам насиб этган. Бунинг ижобий ёки салбий тамонларини нимада кўрасиз?
— Ижодимни эрта бошлаб, бугунги кундаги муваффақиятларимни бошдан ўтказаётганимга ҳеч афсусланмайман. Санъат билан шуғулланиб ёмонлик кўрмадим. Оила қуриш борасида эса афсуслар йўқ эмас. Ўшанда, 18 яшар қиз эдим. Ҳаётий тажрибаларсиз, фақат ҳис-туйғуларга таянган эканман. Агар бугунги кундаги ақлим билан оила қурганимда, биринчи турмушимдан ажрашмаган бўлардим, деб ўйлайман. Лекин, минг шукр, фарзандим ёнимда. Ўзим билан худди опа-укадек улғаяпти. Мени танимаганлар она эканимни билмаганлар, шундай катта болам борлигини кўриб, ҳавас қилишади. Шу бахтим ҳаётимдаги бошқа камчилик ва афсусларни ювиб кетади.
— Ўғлингизнинг ҳамма саволига жавоб бера оладиган онаман, деб айта оласизми?
— Албатта! Ота-онам менга ҳеч қачон ёлғон гапирмаган. Мен ҳам худди шу тарбия усулини ўғлимда қўллаяпман. Фикримча, болани ҳеч қачон алдаш керак эмас. Улар ҳамма нарсани борича қабул қилишга кичиклигидан ўрганишса ҳаётда камроқ қийналишади. У бугун иккинчи синф, лекин катта одамлардек суҳбатда бўламиз. Мисол учун дадаси чет элда, бир-биримизга тўғри келмаганимиз учун ажрашганимизни, ҳатто муносабатларимиз яхши эмаслигини ҳам тушунтириб берганман. Кўчада мен ҳақимда ёлғон гапларни эшитиб сиқилгандан кўра, ўзимдан бор гапни билгани яхшироқ, назаримда.
— Нима бўлганда ҳам у бола. Дадаси ҳақида гапирганингизда кўнгли синишидан чўчимайсизми?
— Собиқ турмуш ўртоғим билан ажрашганимиздан сўнг қайта ярашишга кўп уринди. Уйимизга келиб кечирим сўраган пайтлари ҳам бўлганди. Ўша пайтларда болам, деб меҳр кўрсатганини эслолмайман. Она учун боласига нисбатан бундай бепарволик оғир ботади. Айтмоқчиманки, ўғлим Темирхон бўлиб ўтган воқеалардан кейин дадасини қўмсаши ёки соғиниши қийин.
— Кеча, бугун ёки эрта. Сиз учун ҳаётда қай бири муҳим.
— Кеча бу — ўтган кун. Уни тузатиб бўлмайди. Шунинг учун кўпроқ эртанги кунни ўйлаб яшаш керак. Эртани эса бугундан яхшилашимиз, табиий. Менимча, келажакка интилиш, унинг пойдеворини яхшилаш ҳар бир ўзбекка хос бўлган жиҳатлардан.
Алия СУЛАЙМАНОВА