АсосийShou-biznes

​Ирода Исмоилова: "Ҳеч қайси ансамбль мени ишга олмаяпти"

'​Ирода Исмоилова: "Ҳеч қайси ансамбль мени ишга олмаяпти"'ning rasmi

“Даракчи” газетасининг “10 қалтис савол” лойиҳаси меҳмони “Товус” рақсини маҳорат билан ижро этиб мухлислар қалбидан жой эгаллаган раққоса Ирода ИСМОИЛОВА...

Санъат соҳасида ҳар бир ижодкорнинг ўз даври бўлади. Сизнинг даврингиз қайси раққосанинг “тугаши”га тўғри келган ва маълум вақт камнамо бўлиб қолганингиз қайси ҳамкасбингизга йўл очиб берди?

— Ижод бошлаганимда раққосалар Саида Мансурхўжаева, Суғдиёна Исроилова нафақага чиқиш арафасида эди. Аслида ҳам раққосаларнинг саҳнадаги “умр”и қисқа бўлади. Лекин ҳар кимнинг ўз даври бўлишига қарамай, ижодкорни яна қайта кашф этадиган иккинчи “нафас” бўлади. Оила билан банд бўлиб, камнамо бўлиб қолганимда эса Зарина Аҳмедова, Паризода, Шодиёра Омонова, Дилором Мадраҳимовага кўпроқ йўл очилди.

Ирода Исмоилова “Офарин” рақс ансамблини ўз хоҳиши билан тарк этганми ё?..

— Аниқ кун тартиби бўлмагани боис тинимсиз ишлардик. Натижада биринчи ҳомилам нобуд бўлган. Ярим йилдан сўнг эса иккинчи бор ҳомиладор бўлганимни билган кунимоқ ансамблдан ўз хоҳишим билан кетганман. Қизим туғилгач, дунёқарашим бутунлай ўзгарди. Ўғлим дунёга келганида-ку умуман санъатга қайтгим келмади. Боиси, ўғлим онаси билан фахрланиши керак. “Онанг ўйинчими?” деган гапни эшитишини истамайман. Бироқ устозларим Қодир Мўминов, Гулмира Ширинова “Сиз шундай раққоса бўлингки, фарзандларингиз сиз билан фахрлансин!” дейишди. Шундагина санъатга қайтдим. “Ўзбекистон” ансамблида ишлаётгандим, фарзандларим бетоб бўлавергач, у ерда ҳам узоқ ишлай олмадим.

Ўзбекистон халқ артисти Маъмура Эргашева “Хусусий ансамбллар кўпайиб кетди. Уларнинг мақсади тўйдан пул топиш”, деганди. Профессионал раққосалигингиздан келиб чиқсак, нега айнан “Паризод” рақс ансамблини танладингиз ва нима сабаб уни тарк этдингиз?

— Паризода “Опа, “Ирода Исмоилова “Паризод” рақс ансамблида ишлаяпти” деган шов-шув бўлади”, деди. Ишни нимадандир бошлаш керак-ку, рози бўлдим. Бироқ ҳамкорлигимиз тўрт ойга ҳам бормади, вақти келган экан, йўлларимиз айро тушди.

Ирода Исмоиловани Ўзбекистон халқ артисти Маъмура Эргашева саҳналаштирган “Товус” рақси, хонанда Ойбек Ҳамроқуловнинг “Соҳибқироним”и билангина эслашади. Нега “Тановар”, “Муножот” каби қатор-қатор куйлар янграганда Мукаррама Турғунбоевани эслашганидек, сизнинг хотирланадиган умрбоқий рақсларингиз йўқ?

— “Офарин” рақс ансамблидаги ўн йиллик меҳнатим давомида яккахон рақс билан чиқаман, деган фикр хаёлимга ҳам келмаган экан. Лекин иккита бўлса-да, Ирода Исмоиловани эслатиб турадиган рақслар бор. Ютуқлари қатор-қатор раққосалар бор, бироқ уларнинг ҳатто исмини ҳам билишмайди. Ҳозир даврини сураётган Паризода, Шодиёра Омонова, Зарина Аҳмедова, Муҳаббат Қурбоновани эслатадиган қайси яккахон рақси бор? Улар фақат клиплар орқалигина ёдга тушади, холос.

Ҳозир Тамарахоним, Қундуз Миркаримова, Галия Измаилова, Исохор Оқилов сингари устоз санъаткорлар саҳналаштирган рақслардан фойдаланилади. Бугун даврини сураётган раққосаларнинг ҳам саҳналаштирган бирор рақси келажак авлодга қолармикан?

— Ҳақиқатда изланиш йўқ. Балетмейстрлар ҳам бирор тадбирда кўриб, ёқтирган рақс ҳаракатини ўзиники қилиб олади. Тўйларда ҳам раққосалар бир хил дастур асосида ишлайди, ҳатто либослари ҳам фарқ қилмайди. Уларга ўз йўналишингни топ, дегим келади. Ўзини ҳурмат қилган ижодкоргина ўз устида ишлайди. Сиз санаган профессионал ижодкорларни эса ўз “мен”и бўлган.

Маҳорати сиздан устун бўлган тенгдош раққосани санаб беринг...

— Кимнидир кимдандир устун қўя олмайман, бошқачароқ жавоб бераман. Паризода ижод билан бир қаторда, ташқи кўринишга урғу бериб, қўғирчоқ имиджини яратиб олган ва бу Паризодага ярашади, ундан гўзал раққосани ҳали кўрмадим. Мухлислар “Ирода чиройли аёл-да”, деб эмас, “Профессионал раққоса-да!” деб гапиришлари учун ҳеч қачон ташқи кўринишимга урғу бермаганман ва мақсадимга етдим. Муҳаббат Қурбонова кўп қиррали профессионал раққоса. Водий йўналишидаги рақсларда эса Малика Қурбоновага етадигани йўқ.

Концерт ва халқ хизматларидаги иштирокингиз учун анча катта нарх сўрайсиз. Бу ўзингизга юқори баҳо бериш эмасми? Наҳотки, мухлиснинг шароитини инобатга олмайсиз?

— Аслида рақс санъатини у қадар қадрлашмайди. Тўйларга айтган нархига югуриб бораверсак, қадр тушунчаси қаерда қолади? Ҳақиқий санъат доим юқори баҳоланган. Асл нарсалар қиммат бўлади, нусхаси эса арзон. Танлов эса харидорда қолган гап.

2011 йил турмушга чиққанингиздан кейин ижодингиз тўхтади. Тарози палласини тенг ушлолмаганингиздан афсусланмайсизми?

— Асло! Ижодни 15 ёшда бошлаганман. 19 ёшимда Шерали Жўраев, Юлдуз Усмонова каби етук санъаткорлар билан ишлаганман. Яқинда Озодбек Назарбеков “Иродахон, мен ҳали танилмасимдан сиз Ирода Исмоилова эдингиз. Ўшанда қўшиғимга чақирсам, рақс тушиб берармикан?” деб ўйлагандим”, деб қолди, этим жимирлаб кетди. Шукр, Озодбек Назарбеков, Гулсанам Мамазоитова, Алишер Файз, Ботир Қодиров, Шаҳзода каби ўз “мен”ига эга хонандалар билан ҳам ҳамкорлик қилишга улгурганман. Битта раққоса эришиши мумкин бўлган ҳамма ютуқларни кўриб бўлдим, ижро этмаган рақсим қолмаган. Бундан ортиқ яна нима бўлиши мумкин? Янгилик бўлмаса, кетма-кет концертларда чиқаверишдан нима наф?! Тўғри, мухлислар “Нега ижод қилмаяпсиз?” деб дакки беришади. Очиғи, ҳеч қайси ансамбль мени ишга олмаяпти-ку! Санъатда ўрним бор, лекин ишлайман, десам жой йўқ. Имкон беришсин, ишлашдан қочмайман.

Устозингиз Карима Узоқова “Тошкент зеболари” ансамблига қайта-қайта ишга чақирган, лекин ишга бормаган экансиз-ку?

— “Тошкент зеболари” ансамбли, деганда Муҳаббат ва Малика Қурбоновалар ёдга тушади. Мен кимнингдир ўрнини эгаллашни истамайман, шу боис ансамблга бормадим. Аслида-ку, Карима Узоқова улардан аввал менинг устозим бўлган.

Махсус савол:

Карима Узоқова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

— Кимларни устозларим, дея тан оласиз?

— Ҳар бир балетмейстрдан нимадир ўрганганман. Камида ўн нафар устозни кўрганим, бу — менинг ютуғим. Ирода Исмоилова бўлишимда, онам — “Баҳор” рақс ансамбли раққосаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Матлуба Абдуллакова, отам — “Шодлик” рақс ансамбли раққоси Исмоил Абдуллаковнинг хизмати катта. Илк устозим Розия Каримова, қош билан ишлашни шу инсондан ўрганганман. Ижодимда ўчмас из қолдирган устозларим бу сиз — Карима опа, Маъмура Эргашева, Қодир Мўминов, Ўғилой Муҳамедова. Сизларни йўқлаб турадиган муносиб шогирд бўлолмаган бўлсам, узр сўрайман!

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА суҳбатлашди.

Фотомухбир: Ислом РЎЗИЕВ

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар