Тошкент-Жанубий вокзалининг очилиши Мустақиллик айёмига мўлжалланмоқда.
«Ўзбекистон темир йўллари» АЖдан хабар беришларича, вокзални қайта таъмирлаш зарурияти йўловчи поездларининг янги йўналишлари юзага келиши ҳамда йўловчилар оқимининг ошиши билан юзага келди.
Бинонинг фасад қисмининг архитектура ечими «Боштранслойха» АЖ лойиҳалаштириш ташкилоти томонидан Франциянинг «MB architects» архитектура бюроси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Бино замонавий халқаро талаблар асосида лойиҳалаштирилмоқда. Вокзалда янги йўловчи перронлари ва ерости йўллари кўзда тутилган.
Вокзални қайта таъмирлаш учун таҳминан 25 миллиард сўм сарфланиши режалаштирилган. Қурилиш ишларида 250 киши иштирок этмоқда, шундан – 5 прораб, 7 – етакчи муҳандис технологлар, 238 – турли ихтисосликдаги қурувчилар. Шунингдек қурилиш ишларига 100 дона техника жалб қилинган.
Очилишдан сўнг янгиланган вокзалнинг ўтказиш қобилияти ўртача 11000 йўловчини ташкил қилади. Бу эса ўз навбатида Марказий “Тошкент” вокзалининг бандлигини 40 фоизгача камайтиради.