Бу санъаткорнинг феъл-атворини яхши билсам-да, иш масаласида ўта масъулиятли эканлигини яна бир бор кашф қилолдим. Суҳбатнинг бошланишига саноқли сониялар қолганида синглисининг келолмаслигини эшитган Муниса Ризаева унга шундай танбеҳ бердики, ортиқча изоҳга ҳожат ҳам қолмади. Роппа-роса ярим соатдан сўнг эса интервьюни бошлаб юбордик.
– Адашмасам оилада уч фарзандсизлар?
Муниса: – Ҳа, катта опам, мен ва Карима. Уч қизмиз. Опам турмушга чиққан, уч нафар фарзанди бор, оиласи билан Лондонда яшайди. Синглим Карима университетни тугатиб, Тошкентга қайтди. Бугунги кунда «Munis» дўконини бошқараяпти. Мен ҳақимда эса яхши биласиз (кулади).
– Опа сифатида синглингизга қаттиққўл бўлсангиз керак?
Муниса: – Керагидан ортиқ деяверинг. Карима оиламиз кенжаси бўлгани учун яхшигина эркалиги бор, аммо мендан ҳайиқиб туради. Сал аввал ўзингиз ҳам гувоҳ бўлдингиз, уришиб бердим. Кичиклигидан ҳамма унинг кўнглига қараган, айниқса, дадам ҳеч қайси истагига йўқ демагани боис бугун салгина қайсарлигини кўрсатиб туради. Аммо ҳаёт бир текис эмас, ўзига яраша қийинчиликлари бор. Синглим мен қилган хатолардан холи бўлишини истайман. Шунга ҳам тергаб, кези келганида танбеҳ бериб тураман. Гапирсам хафа бўлади, «Нега мени уришаверасиз», деб. Лекин охир-оқибат айтганимни қилади.
– Чиндан ҳам шундайми, Карима?
Карима: – Кимдир сизга танбеҳ берса, албатта, хафа бўласиз, аразлайсиз. Аммо Мунис мени опам, яхши бўлсин, деб гапиради. Жахлим чиқса ҳам, рост сўзлаётганини биламан ва фикрига қулоқ соламан.
Муниса: – Баъзан ўз билганича иш қилиб, сўнг «Тўғри айтган экансиз, бекор сизга қулоқ солмабман», деган пайтлари ҳам бўлган.
– Назаримда, опа-сингилларнинг характери ҳар хил?
Карима: – Учаламиз уч хилмиз.
Муниса: – Дунёқарашларимиз турлича. Бир хил тарбия олганимизга қарамай фикрлашимиз бир-биримизникидан тубдан фарқ қилади. Ота-онамиз барчамизга бирдек муносабатда бўлишган, фақат мен ва опамга рухсат берилмаган айрим нарсалар Каримага мумкин бўларди, негадир.
– Карима, опангизнинг характеридаги айнан қайси жиҳатни ўзингизда кўришни истардингиз?
Карима: – Муниснинг характерини ҳурмат қиламан. Ўзимникидан ҳам кўнглим тўқ. Ундаги бирор сифат менда ҳам бўлишини ўйламаганман-у, лекин либослари меники бўлишини хоҳлардим (кулади).
Муниса: – Ҳалигача шундай. Гардеробимдаги бирор кийимнинг йўқлигини кўрсам, биламанки, бу Кариманинг иши.
Карима: – Менимча, бу ҳамма опа-сингилларга хос одат. Сиз ҳам менинг кийим жавонимга мўралаб турасиз-у.
– Муниса одам ажратади деган фикрга нима дейсиз, Карима?
Карима: – Йўқ, бу нотўғри. Опам одам ажратишни билмайди. Бу одат кўпроқ менга хос. Мунис жуда кўнгилчан, ишонувчан қиз. Таниган-танимаган одамига ҳам яхшилик қилиб кетаверади. Куйинчаклик менда ҳам бор, аммо бу фазилатимни фақат яқинларимга, астойдил ишонган инсонларимга нисбатан қўллайман.
– Лекин ўзи ва атрофидагиларга нисбатан жуда талабчан, тўғрими?
Карима: – Бу фикрингизга қўшиламан. Айниқса ишга нисбатан ўта масъулият билан ёндашади. Ҳатто «Бу синглим-ку» деб ҳам ўтирмайди, агар бирга ишлайдиган бўлсак.
– Бу қадар талабчанликнинг ўзига яраша юки бўлади. Салгина енгиллашишни истамайсизми, Муниса?
Муниса: – Менга қолса, жуда кўп истакларим бор, лекин сусткашлик қилолмайман. Оёқни узатиб ётаверсангиз, осмондан пул тушмайди-ку. Ҳаракатда барака, мана, менинг шиорим! Нафақат санъатимга, балки бизнес масаласида ҳам ўта талабчанман. Умуман ҳар қандай мавзуга жиддий қарайман. Иш масаласида синглим бўладими ёки бошқа бирор яқинимми, масъулиятни талаб қиламан.
– Бир-бирингиз билан бўлишган сирингизни ота-онангиздан яширган пайтларингиз бўлганми ҳеч?
Муниса: – Йўқ! Ҳеч қачон бундай бўлмаган. Карима билан орамиздаги фарқ етти йил. Бирор гапимни қулоғига илмаса, дадам орқали таъсир ўтказаман. Дадамнинг гапини ерда қолдиролмайди-да. Онам билан эса дугоналардекмиз, бирор марта қаттиқ сўзлаганини эслолмайман.
Карима: – Онам билан ҳақиқатан ҳам жуда яқинмиз. Бемалол сирлашоламиз, фикр алмашамиз. Дадам билан эса ўйлаб муомала қиламан. Гапирмоқчи бўлганларимни аввал хаёлдан ўтказиб оламан-да, кейин юзланаман.
Муниса: – Оиламизда бир-биримиздан яширган сиримиз йўқ. Хоҳ бу шахсий ҳаёт бўлсин, хоҳ иш ёки таниш-билишлар билан муносабатлар, ота-онамиз биз ҳақимизда ҳаммасини билади. Кимлардир отамга гапириб қолади «Қизингизнинг маст аҳволдаги суратини кўрдим», деб. «Мунис спиртли ичимлик ичмайди, агар бунинг акси бўлганида мен билардим, чунки қизларимнинг мендан яширадиган сири йўқ», дейди дадам жавобан. Кичиклигимиздан ота-онамиз бизга эркинлик бериб, кўнглинг тусаган ишни қил, аммо бу сенинг ҳаётинг эканлигини унутма, деб тарбия беришган.
Карима: – Отам айтарди «Уни қилма, бу иш мумкин эмас, деганим билан, барибир, ўз билганингни қиласан. Яхшиси, ҳеч нимани яширма», деб. Болаликдан ўз ҳолимизга қўйиб беришгани билан бизга билдирилган ишончни йўқотмаганмиз.
Муниса: – Кимлардир атрофингиздагиларнинг таъсири бўлади, дейди. Ишонсангиз, шу пайтгача ҳеч ким менга таъсир ўтказа олмаган. Нафақат мен балки опам ва синглимда ҳам шундай. Бир неча йиллар олдин атрофимдаги «дўстларим»нинг ичида яхшиси ҳам, ёмони ҳам бўлган. Бугун эса уларнинг ҳеч бири ёнимда эмас. Ота-онам, опам, синглим ва ижодий жамоам – шулар бугун менинг атрофимдагилар.
Карима: – Хорижда бир ўзимиз яшаган пайтларимиз кўп бўлган. Назорат йўқ, ҳеч ким тергамайди, лекин шунда ҳам ортиқча ҳаракат қилмаганмиз. Чунки тарбиямиз бунга йўл қўймасди.
– Ҳамма гап одамнинг ўзига боғлиқ демоқчисиз-да?
Муниса: – Албатта! Номаъқул йўлга юраман дегани, эшикни ёпсангиз, дарчадан бўлса ҳам, йўл топади-да, мақсадига эришади. Чунки унинг ўзи шуни истаяпти-да. Акси бўлганида-чи, бошидан зар ёғдирмайсизми, ўз тушунчаларига содиқ қолади. Фурсатдан фойдаланиб, айрим ёшларга эътирозим борлигини айтмоқчиман. Қизлар ўз қадрини билмай қолаяпти, йигитлар масъулиятни унутишган. Яна денг ўз устида ишлашмайди, изланишмайди. Нега шунча имкониятлар турганида фойдаланмасликларини англолмайман. Ижтимоий тармоқларга бирор изоҳ ёзишда инглиз ёки рус тилига мурожаат қилсам, норози бўлишади «Биз тушунмаймиз, ўзбекча ёзинг», деб. Уят эмасми, чет тилини билмайман дейиш?! Эрталабдан кечгача интернетда ўтиргандан кўра тил ўрганишсин, китоб ўқишсин. Шулар кўпроқ фойда келтиради-ку ахир. Синглимга ҳам кўп айтаман, ўзинг ҳаракат қил, ўқи, излан, оёққа тур, ҳеч кимдан умид қилма, фақат ўзингга ишон, деб. Тўғри, яқинларимиз ёрдамини аямайди, аммо эртага нима бўлиши фақат Яратганга аён. Мен синглимнинг қийналишини, қўполроқ бўлса ҳам, айтаман, синиб қолишини истамайман. Ҳозир замон шундай бўлиб қолди, ҳеч кимга ишониб бўлмайди. Ўзини-ўзи эплаб юрган мен ҳам вақти келганида алданиб қоламан, хато қиламан. Аҳамият берган бўлсангиз, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқлардан анча узоқлашганман. Инстаграмга деярли сурат қўймаяпман. Ижодим билан боғлиқ янгиликлар бўлсагина бўлишаяпман. Каримага ҳам талабим шу, интернетга камроқ кирсин.
– Мухлисларингиз норози бўлишмаяптими бундан?
Муниса: – Ким нима деса деяверсин, ҳақиқий мухлис ўзини қизиқтирган ижодий янгиликни излаб тополади. Ўзимни ҳадеб кўз-кўз қилаверишни ёқтирмайман, биласиз. Интервью кам бераман, телевидениеда ҳам кўп чиқавермайман, ҳатто қўшиқ ёзишимда ҳам шундай. Бир ҳафтада ўнта қўшиқ чиқаргандан нима наф?
– Кимдир сен ҳақингда гапирса, қалбингда чумолидек нафрат пайдо бўлади. Уни ўша заҳоти янчиб ташламасанг, у бора-бора аждаҳога айланиши мумкин, деб ўқигандим яқинда. Муниса ўзи томонга отилаётган «тош»ларга дош беролаяптими?
Муниса: – Мени хафа бўлишим беш дақиқалик. Жаҳлим чиқади, аччиқланаман, кейин бир неча дақиқадан сўнг унутиб юбораман. Баъзан кўча-кўйда бирор дугонам ёки танишимни учратиб қолсам, индамай ёнимда ўтиб кетади-ю, мен ўйга толаман «Нега сўрашмади, уришиб қолмаганмидим у билан», деб. Лекин сира эслолмайман, нима гап-сўз бўлганини. Кимгадир нисбатан нафратни ўзимда ушлаб ўтирмайман, чиқариб юбораман.
– Сиз-чи, Карима?
Карима: – Мен ҳамма нарсани юрагимга яқин оламан. Ваҳоланки дадам кўп айтади «Гап-сўзларга эътибор берма, ким нима деса деяверсин, сен ўзигга ишон», деб. Лекин кимдандир ранжисам, кек сақламайман, тезда унутиб юбораман.
– Таъсирчан инсонлигингизга қараганда опангиз тўғрисидаги миш-мишлар оғир ботса керак?
Карима: – Жуда ҳам! Мунисни менга ёмонлаган ёки у ҳақда бирор ноўрин гап қилган одам мен учун йўқ ҳисоб! Ким бўлишидан қатъи назар аяб ўтирмайман.
– Эшитган ёки ўқиганларингизни Мунисага айтасизми?
Карима: – Айтадиган ва айтилмайдиган гаплар бор. Уни ранжитадиганларини, яхшиси, билдирмай қўя қоламан. Ортиқча ташвишга қўйиб нима қилдим.
– Ҳамиша барчанинг диққат-эътиборида бўлиш қийин эмасми, Муниса?
Муниса: – Шоу-бизнесда мени ёқтирмайдиганлар кўп. Буни очиқчасига айтоламан. Лекин уларга нисбатан гинам йўқ. Яхшига ўн чандон яхшиман, ёмон муносабатда бўлганлар билан эса ҳеч қандай муомала қилмайман. Сиз айтаётгандек, ҳамиша эътибордаманми, демак, олдиндаман.
– Аввалгига қараганда эҳтиёткорроқсиз ёки менга шундай туюлаяптими?
Муниса: – Илгари мен учун ҳамма яхши эди. Аммо бошим деворга урилавериб, жуда эҳтиёткор бўлиб қолдим. Ҳозир атрофимдаги инсонлар доираси у қадар катта эмас.
– Карима, агар Муниса ҳеч нима қилгим келмаяпти деса....
Карима: – Йў-ў-ўқ, унда бу Мунис бўлмай қолади. Лекин дам олгани бирор ерга борсак, ухлаб, ҳордиқ чиқарадиган одати бор. Чет элга саёҳат қилсак ҳам, ухлашни ёқтиради. «Юринг айланиб келамиз, шаҳарни томоша қиламиз», деб қанча гапирмай «Йил давомида тиним билмай ишладим, ухлаб олай», дейди.
Муниса: – Бу ҳам йилда бир марта рамазон ойида бўлади. Фақат шу пайтдагина дам олишим мумкин.
Карима: – Қолган пайтлари тиними йўқ. Ҳатто, тоби бўлмаса ҳам, тинч ўтирмайди. Ўзим ҳам ҳайрон қоламан, шунча ғайратни қаердан олади деб. Болалигимизда мен эринчоқроқ эдим, ойим «Кўчага чиқ, тенгдошларинг билан ўйна», деб жойимдан қўзғата олмасди. У эса уйда ўтирмасди.
Муниса: – (кулади) Ўғил болалар билан футбол ўйнардим, бокс, карате, ушуга борардим, вокалга ҳам улгурардим.
Карима: – Лекин ҳозир анча ҳаракатчан бўлиб қолганман. Спорт билан шуғулланаман, Мунис эса бундай юмушларни ёқтирмай қолган.
– Опангиз ижросида энг севимли таронангиз?
Карима: – Ҳамма қўшиқларини яхши кўраман! Мен Муниснинг энг ашаддий мухлисиман! Ҳар бир янги қўшиғини биринчилардан бўлиб телефонимга юклаб оламан. Уяли телефонимнинг мусиқий жовонида Муниснинг барча ашулалари бор.
– «Ота-она» қўшиғига ишланган клипда Карима волидангизнинг ёшлигини ижро этди. Бу фикр кимдан чиққанди?
Муниса: – Синглим онамнинг ёшлигига ўхшайди. Клип режиссёрининг таклифи билан уни шу ролга таклиф қилдик.
– Суратга олиш жараёнида қийналмадингизми, Карима?
Карима: – Ўзига яраша қийинчилиги бўлди. Айниқса, тўлғоқ бошланадиган саҳналарда жуда ҳаяжонландим. Съёмка майдонидаги шифокорларнинг йўл-йўриғи билан кўзи ёриётган аёлни ижро этишга ҳаракат қилдим. Тасвирга олиш ишлари қизалоқлар ҳам қатнашишганди. Бир неча кун ичида уларга боғланиб қолган эканман.
– Яқинларингиз қўшиқ ва унга ишланган клипни қандай қабул қилишди?
Карима: – Онам қўшиқни Муниснинг концертида эшитди. Ота-она тўғрисида тарона ижро этилишини айтиб, ҳаяжонга берилмаслигини сўраган бўлсам-да, кўз ёшларини аранг ушлаб турди.
– Муниса «Лол бўламан» номли қўшиғингиз ҳақида сўрасам, кўпчилик уни хоразмча деб ўйлаганди.
Муниса: – Мусиқасида хоразмча оҳанглар бор, аммо соф хоразм шевасида куйламадим. Лекин мухлисларим яхши кутиб олишди. Тўй хизматларида ҳам кўп сўрашаётганидан манзур бўлганини билаяпман. Ростини айтсам, бу қўшиққа катта умид боғлагандим. Чиндан ҳам кутганимдек бўлди.
– Сўнгги пайтларда миллий мусиқага кўпроқ мурожаат қилаётгандексиз?
Муниса: – Бу йил фақат шу йўналишда ижод қилишни режа қилганман. Албатта, ҳар бир таронамда ўзимга хос бўлган услубим сақланиб қолади. Яқин кунларда яна бир янги қўшиқни ҳавола этамиз. Эшитиб, ўзингиз баҳо беришингиз мумкин.
– Карима, опангизнинг орзулари ҳақида биласизми?
Карима: – Муниса, ҳаётининг ҳар бир кунидан завқланиб яшайди. Энг катта орзуси мана бу деб бирор нимани айтолмайман, балким улар ҳақида билмасман. Лекин синглиси сифатида ўз бахтини топишини, шириндан-шакар фарзандлари бўлишини тилаб қоламан.
– Мунисага опа сифатида қандай таъриф берасиз?
Карима: – Қаттиққўл, талабчан, меҳрибон, куйинчак опа. Ҳаммани кўнглига яқин олиб, ғамхўрлик қилаверади, аммо кўп озор чекади.... (кўзига ёш келди). Узр, бу ҳақда гапириш мен учун оғир. Опамнинг қийналишини кўтара олмайман, ич-ичидан азобланаётганини кўрганимда қўлини тутганча ёнида бўлоламан, холос. Истардимки, Мунис ҳамиша кулиб юрсин, ҳеч қачон ғам кўрмасин! Зеро у шунга лойиқ!
– Яхши тилакларингиз ижобат бўлишини истаб қоламиз!
Дилдора ЮСУФБЕКОВА суҳбатлашди.