my5
Sevimli

​Тошкентда намунали оилавий поликлиника ташкил қилинди (Фото)

ЖАМИЯТ 11.07.2017, 10:03
Теглар: Фото, Тиббиёт, Тошкент
​Тошкентда намунали оилавий поликлиника ташкил қилинди (Фото)

Шу йилнинг 6 июль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, соҳадаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш масалаларига бағишланган навбатдаги видеоселектор йиғилишда ҳам бирламчи тиббий-санитария ёрдамини, айниқса, патронаж ишларини талаб даражасида ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.

Шу мақсадда мамлакатимиз Президентининг “Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Тошкент шаҳар аҳолисига кўрсатилаётган бирламчи тиббий-санитария ёрдамини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди.

Мазкур ҳужжатлар аҳолини сифатли ва тезкор бирламчи тиббий-санитария ёрдами билан янада кенгроқ қамраб олиш, ихтисослашган тиббий ёрдамни вилоятлар аҳолисига яқинлаштириш, касалликларнинг олдини олиш ва эрта босқичларда аниқлаш, касалланиш даражасини пасайтириш, профилактик тадбирларни амалга ошириш орқали саломатлик кўрсаткичларини янада яхшилашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.


Давлатимиз раҳбари жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида пойтахтимиз туманларига ташриф буюрганда ҳам тиббиётнинг бирламчи бўғинига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбари Шайхонтоҳур туманида бўлганда аҳолига малакали тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш бўйича намунали оилавий поликлиникани айнан шу туманда ташкил этиш таклифини киритган эди.

Ушбу ташаббус соҳа мутасадди ходимлари томонидан қўллаб-қувватланди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси билан ҳамкорликда дарҳол қўшма режа ишлаб чиқилиб, амалий ишлар бошлаб юборилди. Шайхонтоҳур туманидаги 47-оилавий поликлиника фаолияти таҳлилий ўрганилди ва мазкур мақсад учун танланди.

Поликлиника Чақар, Чорсу, Қоратош, Гулбозор маҳаллаларини қамраб олган бўлиб, 26 минг нафардан ортиқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Шунингдек, ҳудудда жойлашган учта мактаб, битта коллеж ва тўртта боғчага ҳам 47-оилавий поликлиника бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатади. Ушбу вазифани поликлиникада фаолият юритаётган кардиолог, эндокринолог, гинеколог, невропатолог, окулист, отоларинголог, стоматолог каби тор мутахассислар ҳамда 15 нафар умумий амалиёт шифокори ва 32 нафар патронаж ҳамшира сидқидилдан бажариб келмоқда. Бундан ташқари, поликлиника замонавий тиббий техникалар, хусусан, УТТ, ЭКГ, рентген аппаратлари билан жиҳозланган.


Президентимиз топшириғидан сўнг, қисқа вақт ичида поликлиника фаолияти қайта кўриб чиқилиб, тубдан ислоҳ қилинди. Бунда асосий эътибор аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифати ва самарасини янада яхшилаш, шифокор қабулига кириш учун навбатларни қисқартириш, касалликларни эрта аниқлаш ва патронаж ишларини ўз вақтида мақсадли олиб бориш, шошилинч ҳолатларда тез тиббий ёрдам хизматини самарали ташкил этишга қаратилди.

Айни дамда Шайхонтоҳур туманидаги 47-оилавий поликлиника фаолияти ҳавас қилса арзирли даражага етган. Тиббиёт муассасасига киришданоқ поликлиника фаолиятининг асосий мезони халқ розилиги эканини англаш мумкин. Бундай дейишимиз бежиз эмас. Сабаби бу ерда яратилган барча шарт-шароитлар замирида, аввало, аҳолига қулайлик яратиш мақсади мужассам.


Поликлиникага ташриф буюрувчи эътибори аввало киришда осилган ўзига хос ранглардаги маълумотлар тахтасига тушиши тайин. Айнан ушбу маълумотлар орқали қайси ихтисосликдаги шифокор нечанчи хонада қабул қилиши, иш вақти ва қабул кунлари билан танишиш мумкин. Шунингдек, ҳар бир хонадонга қуйидаги маълумотларни ўзида жамлаган ташриф қоғозлари тарқатилди:

  • аҳоли ўз фикр ва таклифларини билдириши учун оилавий поликлиника бош шифокорининг телефон рақамлари;
  • беморларни олдиндан шифокор қабулига ёзилишларини қайд этиш телефон рақами;
  • аҳоли билан ҳудуд шифокори ва оила ҳамширалари билан узвийликни янада яхшилаш мақсадида уларнинг телефон рақамлари;
  • 103 тез тиббий ёрдам хизматидан фойдаланишда аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида уларнинг телефон рақамлари кўрсатиб ўтилган.

  • Эътиборли томони, ташриф қоғозида шифокор ва ҳамширалар сурати ҳам бўлиб, бу фуқаролар учун яна бир қулайлик бўлди. Тан олиш керак, илгари баъзи ҳамюртларимиз ўз оилавий шифокори ёки ҳамширасини танимасди. Эндиликда, мутахассисларнинг телефон рақамлари суратлари билан бирга тарқатилиб, аҳоли ва тиббиёт ходими орасидаги алоқа мустаҳкамланмоқда.


    Поликлиникага, одатда, режали тарзда ва шошилинч ҳолатларда мурожаат қилинади. Пойтахтимиздаги 47-оилавий поликлиникада ҳар икки ҳолатда ҳам беморга ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатиш учун барча шароитлар яратилган. Агар бемор режали тарзда тиббий кўрикдан ўтмоқчи бўлса, шифокор қабулига олдиндан ёзилиши мумкин. Буни икки хил усулда амалга ошириш мумкин: телефон орқали ва уйдан чиқмаган ҳолда, электрон тарзда.
    Яна бир қулайлик, бемор шифокор қабулига олдиндан навбат олмай келган бўлса, поликлиниканинг ўзида электрон тарзда навбатда туради. Бунинг учун ҳар бир ташриф буюрувчи махсус ўрнатилган қурилма орқали ўз тартиб рақамини олиб, мониторда навбати қачон келишини кузатиб бориши мумкин. Кутиш вақтини фойдали ташкил қилиш ҳам эътибордан четда қолмади. Яъни поликлиника ҳудудида wifi зона ташкил этилган бўлиб, навбатини кутаётган фуқаро бепул интернет орқали саломатликка доир фойдали маълумотлар билан танишиб боради.
    Шошилинч ҳолатларда эса, мурожаат тушган хонадонга зудлик билан етиб бориш учун поликлиника қошида тез тиббий ёрдам подстанцияси ва унга бириктирилган махсус автомошина хизмати йўлга қўйилган. Ушбу подстанциянинг поликлиника қошида ташкил этилиши бежиз эмас. Бундан кўзланган мақсад – тез тиббий ёрдам чақирилганда масофа билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олиш ҳамда бригада хонадонга етиб боргунча беморнинг амбулатор картаси билан танишиб боришдир. Бу эса бемор аввал ўтказган касалликлари, олган муолажалари ва саломатлигига доир бошқа зарур маълумотларни аввалдан билиш имкониятини пайдо қилади. Шунингдек, тез ёрдам бригадаси кўрикдан сўнг, бемор саломатлиги ҳақида умумий амалиёт шифокорини огоҳлантиради ва режали патронаж ўтказиб борилади. Кўриниб турибдики, бирламчи тиббий ёрдамнинг бундай кенг қамровли ташкил этилиши тиббий ёрдамнинг занжирдек узвийлигини таъминламоқда.


    Бугун замон билан ҳамнафас ҳаракатланмаган ҳар қандай тизим фаолиятида олдинга силжиш, самарадорликни кўриш мушкул. Шу нуқтаи назардан, поликлиникада ҳам ахборот коммуникация технологиялари кенг жорий этилмоқда. Поликлиника ходимларининг замонавий технологияларда ишлаш малакаси оширилаётир.

    Айтайлик, бемор шифокор қабулида бўлди, унга ташхис қўйилиб, муолажалар ўтказилди. Бундай вақтда шифокор ташхиси ва ўтказилган муолажа беморнинг амбулатор картасида қайд этилади. Энди эса, поликлиникада электрон амбулатор карта юритила бошланди. Ҳар бир маълумот онлайн тарзда киритилади. Бу эса, инсон омили билан боғлиқ айрим ҳодисалар, масалан, амбулатор картанинг йўқолиши, баъзи саҳифаларининг тушиб қолиши кабиларнинг олдини олади. Бундан ташқари, мутахассислар фаолиятида ҳам самарадорлик пайдо қилади.

    Яна бир эътиборли жиҳат дори-дармон воситалар таъминоти билан боғлиқ. Яқиндан поликлиника ичида чекланган нархларда савдо қилувчи дорихона ва фитобар фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, шифо муассасасини дори-дармон воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлашга ажратилаётган маблағлар ҳам ўтган йилга нисбатан уч бараварга оширилди.
    Гувоҳи бўлдикки, поликлиника фаолияти намунали тарзда ташкил этилган. Халқ манфаатини кўзлаб, одамларни рози қилиш учун қилинган амалий ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда. Зеро, жорий этилаётган ҳар бир янгилик фуқаролар томонидан мамнуният билан қабул қилиниб, эътироф этилаётир. Келажакда ушбу тажриба мамлакатимиздаги барча оилавий поликлиникаларга татбиқ этилиши кўзда тутилган, дея хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати.

    Шарҳлар

    Тошкент шаҳрида ўтказиладиган U-22 Осиё чемпионатининг янги санаси маълум қилинди

    21.11.2021, 17:05

    шу йил Тошкент шаҳрида 22 ёшгача бўлган боксчилар ўртасида Осиё чемпионати ўтказилиши ҳақида хабар қилгандик. Бу ҳақда Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати хабар берди. Аммо, маълум...
    Тошкентда кир ювиш кукунларини қўлбола усулда тайёрлаб сотаётган цех фош этилди

    10.11.2021, 18:36

    Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Учтепа туман бўлими томонидан “The Procter & Gamble” компанияси ишончли вакилининг мурожаатига асосан ўтказилган тезкор тадбирда, ЯТТ “С.Х.” тегишли ҳужжатлари бўлмаган...
    Тошкентда Президент соврини учун халқаро шахмат турнири ўтказилади

    06.11.2021, 22:06

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-йил 14-январдаги “Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида 2021-йилдан бошлаб ҳар йили анъанавий тарзда Тошкент...
    Тошкентда бўлиб ўтадиган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатининг барча иштирокчилари маълум бўлди

    02.11.2021, 23:54

    2022 йилда Тошкентда 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Осиё чемпионати бўлиб ўтади. Хабарингиз бор, мазкур чемпионат олдидан саралаш беллашувлари ўтказилди. Тошкент мезбонлик қилган баҳсларда Тимур Кападзе...
    Кун мавзуси: коронавирус
    Об-ҳаво: Ташкент
    Валюта курси