Ўтган ҳафтада чиққан бир янгилик бутун Ўзбекистонда катта шов-шувга сабаб бўлди. Адашмаяпсиз, бу жаҳон киноси афсонаси, миллионлаб инсонларнинг кумири Жан Клод Ван Даммнинг биринчи бор Ўзбекистонга ташрифи билан боғлиқ хабар. Шунингдек, аралаш жанглар ишқибозлари Жеф Монсон ва Фёдор Емельяненконинг келишидан боши осмонга етди.
Бироқ бу хабар ўз тасдиғини топмади. Аниқроғи ташкилотчилар халқаро турнир ҳужжатлари ҳали тайёр бўлмаганини эълон қилишди. Бу ҳақида Darakchi.uz сайти ҳам тегишли материални чоп этди.
Хўш, 2017 йил 9 сентбяр куни “Бунёдкор” стадионида “ASIAN FIGHT - 2017” халқаро спорт турнири ростдан ҳам бўладими? Ван Дамм, Жеф Монсон, Фёдор Емельяненко, Ван Бюренлар юртимизга ҳақиқатан ташриф буюришадими?
Олдиндан берилган ваъда бўйича саволларга расман жавоб олиш учун Ўзбекистон Пенчак Силат федерацияси раиси, “ASIAN FIGHT - 2017” халқаро спорт турнири ташкилий қўмитаси раиси Азиз Жўрабоев билан батафсил суҳбат уюштирдик.
– Азиз Абдуллаевич, тўғридан-тўғри савол: халқаро турнир ўтиши ва фахрий меҳмонлар иштироки қанчалар ҳақиқатга яқин?
- “ASIAN FIGHT - 2017” халқаро спорт турнири Ўзбекистон Пенчак Силат федерациясининг 2017 йил учун тасдиқланган йиллик тақвимига киритилган эди. Яъни бу ўтган йилнинг охиридаёқ режалаштирилган. Май ойининг сўнггида турнир низоми тегишли тартибда Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасига тасдиқ учун киритилди ва июнь ойининг бошида тасдиқланди.
- Демак, турнирни ўтказиш учун рухсат олинди, ҳуқуқий асос бор?!
- Ҳа, албатта. Халқаро спорт турнирини ўтказиш учун расман рухсат бор. Фақатгина “Бунёдкор” стадионида бундай кенг миқёсда ўтказиладиган оммавий тадбирни ташкил этиш бўйича тегишли тартиб-қоидалар мавжуд. Сир эмаски, мазкур тадбир Ўзбекистон нуфузини дунё миқёсида янада оширишга, етишиб келаётган ёш авлодда соғлом турмуш тарзи, хусусан спортга муҳаббатни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Барча ишларнинг амалдаги қонунчилик ва меъёрий ҳужжатлар доирасида бўлишидан биринчи навбатда ўзимиз манфаатдормиз. Шу мақсадда зарурий ҳужжатлар тўплами Вазирлар Маҳкамасига киритилди. Расмийлаштириш ишлари тезроқ якунига етиши учун астойдил ҳаракат қиляпмиз.
- Энди меҳмонлар бўйича! Ростдан ҳам кино, спорт ва мусиқа юлдузларини кўриш бахтига муяссар бўламизми?
- Жан Клод Ван Дамм, Жеф Монсоннинг иштирокини тасдиқловчи ҳужжатлар қўлимизда турибди. Бу борада гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Фёдор Емельяненконинг оғзаки тасдиғи олинган. Энди расмий хатини кутяпмиз. Фақатгина DJ Армин Ван Бюрен билан вақтларимиз тўғри келмади. Шу сабабли унинг келмаслиги аниқ бўлиб улгурди. Лекин мусиқа шайдолари ташвишланмаса ҳам бўлади. Улар кутгандан ҳам ажойиб сюрпризларимиз бор, уни кейинроқ эълон қиламиз.
- Ҳаммага қизиқ бўлган бир савол: ташкилотчилар ким ва турнир қай тарзда ўтади?
- Халқаро турнир ташкилотчилари –Ўзбекистон Пенчак Силат федерацияси ва “Sunrise Entertainment” МЧЖ.
Турнир режаси қуйидагича: “Бунёдкор” стадиони ўртасига ринг қурилади. Майсага зарар етказмаслик учун махсус материалдан ясалган қоплама хорижга буюртма қилинди. Ринг жаҳон талаблари даражасида, етарлича ёруғлик берилган ҳолда, стадионнинг исталган қисмидан кўринадиган тарзда ўрнатилади. Халқаро турнирда микс-силат профессионал йўналиши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари хорижлик рақиблари билан куч синашади.
- Бир пайтлар “Россия против мира” шиори остида жанглар ташкил этилган. Худди шунга ўхшайди-да?
- Умуман олиб қараганда концепция шундай. Микс-силат профессионал йўналиши бўйича терма жамоа аъзолари – ҳақиқий ўзбекнинг мард ўғлонлари. Уларнинг аксарияти хорижда кўплаб мусоқаларда ғолиблик шоҳсупасини эгалламоқда. Энг асосийси, уларнинг барчаси Ўзбекистон байроғи остида рингга кўтарилмоқда. Масалан, Анвар Бойназаровни олайлик. Қачон қарасангиз, хорижда. Бугунги кунгача 110 дар ортиқ жанг ўтказди. Лекин ҳар доим юртимиз байроғини кўтариб юрибди. Ўзбекистонга ўзига яраша обрў-эътибор келтиряпти. Алпомишлар юртидан чиқаётган паҳлавонлар ғалабага доим ташна эканини исботлаяпти. Бир сўз билан айтганда, бизнинг терма жамоа ана шундай ватанпарвар, юртини, байроғини севувчи, бугунги кун қаҳрамонларидан иборат. Улар сафида Анвар Бойназаровдан ташқари, нафақат Ўзбекистон балки бутун дунёга ўз исмини танитаётган Маҳмуд Муродов, Ҳасан Баротов, Мухаммадали Тоштурғуновспортчиларимиз. Агар интернетга кириб, қидирувга берсангиз улар ўтказган жанглар видеолари мавжуд. Шу орқали улар ҳақида кенгроқ маълумот олиш мумкин.
- Бундай жаҳон даражасидаги халқаро турнирларни ташкил этиш бўйича сизда етарлича мутахассислар борми?
- Албатта, бу жуда катта масштабли тадбир. Федерация ҳам, “Sunrise Entertainment” ҳам бундай тажрибага эга эмас. Шу сабабли турнирни юқори савияда ўтказиш учун россиялик ва голландиялик тажрибали промоутерларни жалб қилдик. Улар июль ойининг ярмидан бошлаб шу ерда яшаб, тайёргарлик ишларига ёрдам беришади.
- “ASIAN FIGHT - 2017” га Ўзбекистондан бошқа давлатларда ҳам қизиқиш борми?
- Ҳа. Марказий Осиёда истиқомат қилувчи қўшниларимиз аллақачон чипта ва меҳмонхона қидиришга тушган. Ҳар куни уларнинг турли спорт федерацияларидан, спорт ишқибозларидан тинимсиз мурожаатлар бўляпти. Ҳозирча расмийлаштириш ишлари тугамагани сабабли, уларга жавобни кечиктиряпмиз.
Лекин бир нарсани ғурур билан айтишим мумкин, “ASIAN FIGHT - 2017”ни бир нечта хорижий телеканал тўғридан-тўғри эфирга узатади. Ҳозирча фақатгина EuroSport билан музокаралар охирига етди.
- Ўзимизнинг каналларчи? Улар билан ҳамкорлик қилинмайдими?
- Ахборот ҳамкори сифатида битта телеканал, радиостанция ва интернет нашрини танлашимиз керак. Чунки фахрий меҳмонлар иштирокидаги эксклюзив интервью ёки уларнинг қайсидир кўрсатувда қатнашиши бўйича олдиндан аниқ режа тақдим қилишимиз керак. Бу борада таклиф билан чиқишяпти, лекин ҳали ҳал қилганимиз йўқ.
- Ҳомийларчи? Ҳозир юртимизда жуда кўплаб кучли компаниялар бор. Улар ўз брендларини бутун дунёга кўрсатишни хоҳлашлари аниқ. EuroSport каби каналлар бу учун жуда катта имконият. Яна бир савол: ҳомийлар учун нима ваъда қила оласиз?
- Турнир низоми тасдиқлангандан кейин ҳомийлик бўйича учрашувларни бошладик. Лекин ҳали аниқ тўхтамга келмадик. Бу бўйича “Sunrise Entertainment” вакиллари шуғулланишяпти. Ҳомийлар учун манфаатли таклифлар берилди. Масалан, халқаро турнир Бош ҳомийси ТВ, радио, интернет, умуман барча жойларда доимий эълон қилиниши билан бир қаторда, унинг логотипи ринг ўртасига қўйилади. Бу дегани барча жанглар унинг логотипи устида бўлиб ўтади. Маҳаллий ва хорижий телеканаллар, интернет тармоқларидаги барча видеоларда у яққол кўриниб туради. Шунингдек, Бош ҳомийнинг офиси, объекти ёки бирон тантанали тадбирида фахрий меҳмонлар иштирок этади. Бундан ташқари яна бир нечта жозибадор таклифлар берилди.
Бош ҳомийдан ташқари яна иккита расмий ҳомий бўлади. Уларга ҳам ўзига яраша қулайликлар яратилган. Улардан бири ринг устунларига логотип жойлаштириш.
Асосий ҳомийлардан ташқари “Турнирнинг Бош ичимлиги”, “Турнир энержайзери”, “Турнир интернет провайдери” каби 10 га яқин йўналишда ҳамкорларни жалб қилиш ниятидамиз.
- Фахрий меҳмонларнинг асосий роли нимада?
- Фахрий меҳмонлар аввваламбор юртимизнинг халқаро нуфузини кўтариш учун таклиф этиляпти. Чунки жаҳон кино ва спорт юлдузлари бутун дунёнинг нигоҳида бўлади. Кўплаб хорижий оммавий ахборот воситалари уларнинг ортидан кузатади. Ўзбекистонда бундай юлдузларнинг тадбирда иштирок этиши юртимизга бўлган эътиборни кескин кучайтиради. Меҳмонлар тадбирдан бир-икки кун олдин келишади, жаннатмакон юртимиз билан танишади.Шунингдек, халқаро турнирдан олдин фахрий меҳмонлар иштирокида алоҳида дастур асосида ёш спортчилар ва киноактёрлар учун мастер-класслар ва матбуот анжумани ўтказилади.
- Турнирни ёритиш бўйича ОАВ вакилларига кириш эркинми?
- Тартибни сақлаш мақсадида барча оммавий ахборот воситалари вакиллари аккредитациядан ўтказилади.
- Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур. Умид қиламанки, қўшимча маълумотлар пайдо бўлганида уни биз орқали ўқувчиларига ҳавола этасиз.
- Сизга ҳам аниқ ва лўнда саволлар учун раҳмат. Янгиликлар бўлганида албатта, яна бир суҳбатлашамиз.
Лайло РУСТАМОВА суҳбатлашди