АсосийJamiyat

​АБИТУРИЕНТЛАР ҚЎЛИДА Х-ВАРИАНТИНИНГ НИШОНАЛАРИ ПАЙДО БЎЛДИ

'​АБИТУРИЕНТЛАР ҚЎЛИДА Х-ВАРИАНТИНИНГ НИШОНАЛАРИ ПАЙДО БЎЛДИ 'ning rasmi

Facebook ижтимоий тармоғининг Халқ билан мулоқот гуруҳида бу йил олий таълим муассасасига топшираётган абитуриентлардан бирининг мурожаати чоп этилди.

Ижтимоий тармоқнинг Равшан Мелиқўзиев исмли фойдаланувчиси олий таълим муассасаси кириш имтиҳонлари олдидан бозори чаққон бўладиган Х вариант ҳамда баъза саволларни олиб чиқаётганларга қарата мурожаат ёзиб қолдирган.

Унинг ушбу кескин мурожаатини ўқиб, “Даракчи” таҳририятига таклиф қилдик.

Абитуриент ўз постида келтирилган барча маълумотларни асослаб берди.

Хусусан, у пойтахтга Фарғона вилоятидан келганлиги сабабли бир домланикида ижарада тургани ва унинг уйида гувоҳи бўлган айрим воқеаларини сўзлаб берди. Абитуриентнинг маълум қилишича, у шу кунгача айнан мана шу Х-вариант ва база саволларни тест марказидан олиб чиқаётганларга ва катта пул эвазига ушбу саволларни жавоблари билан фақатгина ўзларининг уйларидан чиқмаган ҳолда ёдлатиш ҳолатларини кўрган.

Абитуриент бундай қаллобликлар бўлар экан, ўз кучига ишонган, тунлари ухламай имтиҳонга тайёрланадиган болалар барибир ўша “бункер”да турадиган ёхуд Х вариантларни ёдлаб кирадиганлар олдида ожиз бўлиб қолаётганини, номдор ОТМлар кириш имтиҳонларида 200 балларнинг тўпланаётганлигига айнан шу ҳолатлар сабаб бўлаётганлигини билдирди.

Ижтимоий тармоқдаги мурожаатни ёзган абитуриентнинг ўзи билан боғланганимизда, у бу йил иккинчи бор олий таълим муассасасига имтиҳон топшираётгани, афсуски, кечаси билан тайёрланиб, ҳақиқий талаба бўлишга муносиблар қолиб, аслида кўп ҳолларда ана шундай Х-вариантларни ёд олиб, аслида билими талабга жавоб бермайдиганлар талабалик бахтига сазовор бўлаётганини маълум қилди.

Айни пайтда абитуриентнинг бирдан-бир истаги унинг ушбу мурожаати мутасаддилар томонидан назоратга олиниб, айрим мансабидан фойдаланаётган ва қандини ураётганларга нисбатан ўз вақтида тегишли жазо қўлланилишини таъминланишидир.

Дарвоқе, Халқ билан мулоқот гуруҳига ёзилган мазкур пост эгасига гуруҳ томонидан қуйидаги жавоб ёзиб қолдирилган:

“Ҳурматли Равшан Мелиқўзиев! Бундай шахслар ҳақида сизда маълумот бўлса, ўша заҳоти ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига мурожаат қилинг. Бу билан жамиятимизга катта фойда келтирасиз.”

Ижтимоий тармоқда Равшан Мелиқўзиевнинг мурожаатига Файзбек исмли фойдаланувчи қуйидагича изоҳ қолдирган:

“Афсуски хамма жойда шу гаплар юрибди. Х-Вариант олий ўқув юртига кириш учун энг асосий қинғир йўл бўлиб қолди. Шамол бўлмаса, дарахт учи қимирламайди. Ҳар йил шу аҳвол. Исбот талаб қилгунча, ДТМни ревизия қилиб коррупцион схемалар йўлини тўсиш энг мақбул йўл, деб ўйлайман. Ҳозир айни вақти. Тестлар тарқалиб кетмасдан, корчалонлар ишга тушмасдан вазиятни қўлга олса бўлади. Зудлик билан вариацияларни алмаштиришми ёки алтернатив чораларни кўришми, ишқилиб нимадир қилмоқ керак. Бу сиз билан бизни қўлимизда эмас. Буни назорат органлари қилмоғи керак ва шарт.Шу билан ҳам адолатни таъминлаган бўлишарди, ҳам жиноятни иссиғида фош қилиш эмас, балки олди олинган бўларди. Зеро, ҳозирги давр талаби ҳам шу. Жиноятни пайини қирқиш, йўлига тўсиқ қўйиш. Сиз ариза ёзинг ёки тегишли жойга билдиринг, деб эмас, балки фикрларни инобатга олиб тегишли жойда ўртага ташланг. Ҳар йил тарқаладиган миш-мишлар пуч ердан чиқмайди. Мавҳум, лекин бор нарсага исбот талаб қилинмайди, балки тусмолдан тўғри хулоса қилинади.”

Шу кеча-кундузда телеканалларимиз орқали айнан мана шу мавзуга бағишланган кўрсатувларда иштирок этиб, бундай вариант ёхуд база саволларни сизиб чиқишга йўл қўйилмаслиги, ҳеч қандай “бункер” бўлмаслиги ҳақида баралла гапираётган мутасаддилар наҳотки уларнинг чиқиб кетаётганлигидан бехабар бўлса.

Юқорида кўтарилган масала жуда жиддий ва айтиш жоизки, Ўзбекистон келажагини белгилаб берадиган асосий омиллардан бири. Ақлли, ўз устида ишлайдиган йигит ва қизлар қолиб, ота-онасининг пулига ишонадиган, ҳамма нарсани пул билан ҳал қилса бўлади, деб ўйлайдиган ёшлар келажакда давлатимиз ривожига албатта ўзининг салбий таъсирини ўтказмай қолмайди.

Афсуски, ҳар қанча фикр билдирмайлик, айбдорлар қўлга олинган тақдирда ҳам бу йил ҳам кечикдик, чунки аллақачон Х-вариантлар ўз “эгалари”га етиб боришга улгурди.

Абитуриентнинг юқорида ёзиб қолдирган эътирозлари ва бошқа у каби ўз билимига ишониб, талаба бўлиш истагида бўлган шундай ёшларнинг мурожаатлари асосида давлатимизнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари, Давлат тест Маркази, Олий таълим вазирлиги ва бошқа мутасадди идоралар раҳбарлари шу бугунданоқ ушбу иллатнинг илдизини қирқишга киришишса, айни муддао бўларди...


    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар