АсосийJamiyat

​ФИРДАВС АБДУХОЛИҚОВ: ГУЛНОРАНИНГ ТОШ-ТАРОЗИСИ

'​ФИРДАВС АБДУХОЛИҚОВ: ГУЛНОРАНИНГ ТОШ-ТАРОЗИСИ'ning rasmi

Ҳар бир инсоннинг ҳаётида шундай дамлар бўладики, у бир лаҳза тўхтаб, кундалик ташвишлардан бир муддат чекиниб, босиб ўтилган йўлни, қилган ишларини сарҳисоб қилишга тутинади. Гоҳида тақдирнинг ўзи атайин, инсонни маълум бир жойда, муайян шахслар билан юзлаштириб, кўп нарсаларни хотирлаш, ёдга олишга, тафаккур қилишга ундайди. Менда ҳам худди шундай ҳолат юз берди.

Шу кунларда биз “Россия-Культура” телеканалининг суратга олиш гуруҳи билан Бухоройи шарифда, кўпчилик учун таниш, севимли бўлиб қолган “Ўзбекистон – қумликлар жавоҳири” фильмининг давоми бўлиши кутилаётган навбатдаги ҳужжатли киноасар устида иш олиб бораётган эдик. Айнан шу ерда тақдир мени бир гуруҳ ватанпарвар, олижаноб кишилар билан юзлаштирди. Эсимда, улар билан 2013 йилда Фонд Форум лойиҳаларидан бири (дарвоқе, бу мен учун охиргиси бўлиб қолди) доирасида Нақшбандия тариқатининг буюк вакили Хожа Баҳовуддин Нақшбанд ҳазратларининг волидалари – Биби Орифа мақбарасини таъмирлаш асносида танишиб, дўстлашиб қолганмиз.

Бир пиёла чой устида эски қадрдонлар билан тўрт йил аввал юз берган ўша ҳодисаларни ёдга олдик. Кўпчиликнинг эсида – ўшанда, Гулноранинг шубҳали ғоялари сабаб кўп асрлик тарихга эга бўлган ушбу меъморий обидага туташ аёллар масжидини қурмоқчи бўлишган, фақат жамоатчилик вакилларининг кескин норозилиги сабабли мазкур обиданинг асл ҳолатини сақлаб қолишга эришилган эди. Хуллас, ушбу ёдгорлик бухоролик қўли гул усталар томонидан таъмирдан чиқарилди.

Гулнора... Худди хотираларимизнинг акс-садоси сингари, бу исм кутилмаганда мамлакатимиз медиа-майдонини эгаллаган сўнгги воқеа-ҳодисаларнинг асосий иштирокчиси сифатида жаранг сочди. Гулноранинг шахси ва жиноий фаолияти ОАВ ва ижтимоий тармоқ муҳокамасидаги қайноқ мавзуга айланди. Бухорода эканимда бу янгилик менга худди ўзига хос аломат сифатида таъсир қилди ва бугун, Тошкентга қайтар эканман, мазкур мақолани қоғозга туширишга жазм этдим.

Шу билан бирга Гулноранинг коррупцияга алоқадорлиги хусусидаги факт ва рақамлар оммага расман маълум қилингач, ахборотни ошкор этиш борасидаги расмий тўсиқларнинг барчаси олиб ташланган айни пайтда, журналист сифатидаги фикрларимни ошкор этишим, шахсий фуқаролик позициямни билдиришим, ҳаммаси қандай бошланганию, қай тариқа ривожлангани, бугун бош прокуратура ўз сайтида эълон қилган ҳодисаларнинг сабаблари нималарга бориб тақалиши хусусидаги мулоҳазаларимни қисқача бўлса-да, баён этишим лозимлигини англадим.

Бугун кенг жамоатчилик орасида Гулноранинг шахсияти ҳақида турфа хил фикрлар авж олганидан хабардорсиз. Мен 2004 йилдан бошлаб унинг ташаббуси билан илгари сурилган ижтимоий ва маданий лойиҳаларнинг марказида бўлиб келганман. Бинобарин шу боис ёзилажак ҳар бир сўз учун юксак касбий масъулиятни ҳис этган ҳолда, ушбу мулоҳазалар кўпчиликнинг бу борадаги нуқтаи назарини мустаҳкамлаши ёки ўзгартиришига ишончим комил.

Ҳозир кўпчилик Гулноранинг жиноий фаолияти молиявий жиҳатларини муҳокама қилмоқда. Келинг, биз гапни бу ҳодисаларнинг ахлоқий жиҳатларига эътибор қаратишдан бошлайлик. Зеро, Гулноранинг раҳбарлигидаги хайрия лойиҳалари кўплаб таниқли фан ва маданият арбоблари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, илғор ёшларни ўз атрофида бирлаштирган, уларнинг барчаси ушбу хатти-ҳаракатлар инсонларга фойда келтиришига, жуда кўп ижтимоий муаммоларни ҳал этишига ишонган эдилар.

Тамаддун ва тараққиёт шиорлари билан суғорилган инсонпарвар ғоялар атрофида одамлар тобора кўпроқ жипслаша борди. Жаҳонга машҳур олимлар, жамоат ташкилотлари вакиллари, санъат ва сиёсат арбоблари, тадбиркорлар, миллий ва хорижий эстрада юлдузлари ҳам Гулноранинг саъй-ҳаракатлари самимийлигига шубҳа қилишмасди. Жумладан ҳар бир янгиланиш ва ижобий ўзгаришларга хайрихоҳ ташкилотчи сифатида мен ҳам улар сафига қўшилгандим.

2004 йилдан бошлаб, у билан бирга вилоятлар бўйлаб сафарларда бўлганман. (Фурсатдан фойдаланиб, айтишим лозимки, мен Фонд Форумда бирор расмий лавозимни эгалламаганман ва айрим хорижий ОАВлар шов-шув кўтарганидек, унинг матбуот котиби ҳам бўлмаганман. Шунингдек, Гулнора билан ҳамкорликдаги фаолиятдан ҳеч қандай тижорий мақсадни ҳам кўзламаганман.)

Қисқа вақт ичида ҳудудларда ўтказилган бундай ижтимоий акциялар оммавий тус олди. Мазкур тадбирларда илгари сурилган таклиф ва ғояларни амалга ошириш биргина ташкилотнинг имкон доирасида сиғмагани сабабли, Фонд Форум қошида бир қатор янги нодавлат нотижорат ташкилотлар очилди. Нодавлат телерадиостудиялар билан ҳамкорликда ана шундай ғоялардан бири – ёшлар журналистикасини ривожлантириш лойиҳасини амалга оширдик. Бу борадаги ҳаракатларимиз унинг шахсий эътиборида бўлгани учун ассоциация аъзолари, жумладан шахсан ўзим унга кўп бора миннатдорчилик билдирганман.

Биз шунингдек, унинг фаолиятини кенг ёритганмиз, маҳаллий ва хорижий сиёсат арбоблари, иқтисодиёт ва маданият ходимларининг интервью ва мулоҳазаларини эфирга узатганмиз – буларнинг бари бизга куч ва илҳом бағишларди. Бошқа кўплаб маҳаллий ва хорижий ОАВлар ҳам Гулноранинг “йирик хайрия тадбирлари” ва уларнинг самарадорлиги ҳақида ҳаяжон билан хабар беришар, бу борада кино ва эстрада вакилларининг жўшқин таассуротларини ҳам эфирга узатишарди. Бошқача айтганда, бутун мамлакатни қамраб олган хайрия тадбирларида иштирок этаётганларнинг аксариятини уларнинг беғаразлигига ишонишганди.

Инсоф юзасидан айтиш лозимки, кўплаб кенг қамровли тадбирлар масъулиятли тадбиркорларнинг, маҳаллий ҳокимият вакилларининг, фаол фуқароларнинг ҳаракатлари ва маблағи эвазига ўтказилган. Дастлабки босқичларда биз у ёки бу лойиҳанинг фаол иштирокчиларига Гулноранинг номидан махсус дипломлар ҳам тақдим этганмиз. Бироқ, афсуски, кейинчалик бу анъанага чек қўйилди ва йирик жамоанинг барча ютуқлари фақат Гулноранинг номи, шахсий ташаббуси ва хизматлари билан боғланадиган бўлди.

2010 йилдан бошлаб эса, Гулноранинг музаффарона одимларини жаҳон матбуотида тарқалаётган, унинг ноқонуний тижорий фаолиятига оид турфа ахборотлар тез-тез таъқиб эта бошлади. Орадан маълум вақт ўтиб, тадбиркорлик соясидаги яширин хатти-ҳаракатлар ҳеч кимни ажаблантирмай қўйди.

Гулнора эса, айни пайтда ўзини оқлаш, мамлакатда ва хорижда уни таъқиб этаётган, амалга ошираётган хайрия ишларига тўсқинлик қилаётган аллақандай кучларни қоралаш мақсадида тез-тез матбуот анжуманлари уюштира бошлади.

Гулнора борган сари асабийлашиб, қуюшқондан чиқиб борарди. Бу унинг жамоатчиликка нисбатан муносабатида ҳам яққол кўзга ташланарди. Илгари у тадбирларга бир соат кечикиб келган бўлса, 2012 йилдан бошлаб, одамлар уни соатлаб кутишга ўрганиб қолишди. Илгари куч-ғайрат, жўшқинлик билан кечган йиғилишлар, форумлар ва тадбирлар эндиликда қандай умидсиз ва сўлғин руҳда бошланар, бу тадбирларни асосан у ўзини мақташ ва ёқмай қолганларни кескин қоралаш билан ўтказарди.

Залларни одамлар билан тўлдириш катта қийинчилик туғдирар, ҳамма турли баҳоналар билан хўжакўрсинга уюштирилаётган бундай тадбирлардан қочишга тиришарди. Бир қатор халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва таниқли шахслар Фонднинг тадбирларига ошкора менсимаслик билан қарай бошладилар. Жумладан машҳур хонанда Лара Фабиан Art Week Style.UZ ҳафталиги доирасида ўтиши белгиланган концертда қатнашишдан намойишкорона бош тортди. Натижада кенг кўламли лойиҳалар шунчаки расмиятчиликка айланди-қолди.

Айтиш жоизки, ўша кезлари унинг атрофида ўзининг тубан режаларини амалга оширишни истаган кимсалар тўпланди. Турли гуруҳларнинг ўз таъсир кучини орттириш мақсадидаги бир-бирига қарши ҳатти-ҳаракатлари хорижий матбуот ва мутасадди идораларнинг эътиборига тушди.

2012 йилнинг ёзи. Кўплаб хорижий ОАВлари Гулноранинг номи билан боғлиқ коррупцион можаролар хусусида жар солишни бошлади. Бир неча миллионлар билан ўлчанадиган порахўрлик ҳолатлари, ноқонуний ўзлаштиришлар ҳақидаги рад этиб бўлмас фактларга асосланган мақолалар унинг “салтанати” пойдеворига зарба берган, даставвал ижтимоий аҳамиятга молик дея даъво қилинган мақсаду муддаолар бошқалар нигоҳини чалғитиш учун ўйлаб топилган найранг эканлиги ўз исботини топганди.

Ана шундай нохуш ҳолатларга бир мисол: Ижтимоий масъулиятга эга бўлган тадбиркорлик субъектлари маблағи ҳисобидан амалга оширилган қатор лойиҳалар халқаро жамоатчилик кўзи олдида гўёки Гулноранинг шахсий молиявий манбалари, хусусан шахсий брендига оид заргарлик буюмлари савдоси ҳисобидан амалга оширилгандек кўрсатилган. Афсуски, ҳар йили қатор вилоятларда муборак Рамазон ойида ўтказилган “ифторлик” маросимларида ҳам ана шундай йўл тутилган. Шу ўринда ўша савобли ишларга бош қўшган ва бу ҳақда лом-мим демаган тадбиркорларга, саховатпеша ҳамюртларимизга беихтиёр тасанно айтгинг келади.

У ҳимояси остидаги кишилардан ўзининг жиноий тузилмалари ва обрў-эътиборини асраб қолиш йўлида фойдаланишдан ҳам тоймади. Хусусан, Швейцария ҳукумати унинг молиявий тузилмаларига алоқадор шахсларни қамоққа олганида, у “Аёллар кенгаши” вакилларидан махсус жадвал асосида Швейцария Конфедерацияси элчихонасида олдида пикет уюштиришни талаб қилди. Бу ишга охиригача рози бўлмаганларни аяб ўтирмади.

Шунда одамлар суд можаролари ва узунқулоқ овозалар шунчаки тасодиф эмаслигини, балки уларнинг барчаси Гулноранинг ўзи ҳам кутмаган нохуш оқибатлар эканини тушуниб етишди. Унинг тарафдорлари ва тобеларидан бир қатор ОАВ ва элчихоналарга нисбатан “ғазабнок” имзолар тўпланди.

Фаолларнинг катта қисми унинг жамоасини тарк эта бошлагач, у бошқача йўл тутди: оммавий ахборот ҳужумларига қарши ўз ҳимоя қобиғини янада мустаҳкамлаш борасида тегишли кўрсатмалар бериш учун тўкин дастурхонлар устида турли “дилкаш” суҳбатлар уюштирди. Ана шундай суҳбатлар натижасида юзага келган тунги йиғинлардаги ниҳоясиз ҳайқирқ ва хитоблар Гулнора қандай бўлмасин ўзини оқлашга, кенг жамоатчилик олдидаги обрў-эътиборини тиклашга жон-жаҳди билан уринаётганини кўрсатарди.

Ўша пайтларда ҳатто бир гуруҳ ёшларни унинг номини оқлашга йўналтирилган оммавий тадбирларга жалб этишди. Аммо, эндиликда бу ҳаракатлардан кўзда тутилган мақсад шунчаки молиявий манфаатларни асраб қолишдан бошқа нарса бўлмагани ойдек равшан. Гулноранинг шахсан ўзи Интернет тармоғида зарур ахборот оқими учун ёш журналистларни саралаб, махсус гуруҳларни шакллантирар, уларнинг фаолиятини ўзи назорат қиларди. Мазкур гуруҳ модераторлари Гулноранинг исмини қоралашга интилаётганларга қарши нафратомуз “постлар”ни ўқдек ёғдиришарди.

Бир пайтлардаги дўстона таклифлар ва тенг ҳуқуқли муносабатлар ўрнини таҳдид ва таъқиблар эгаллади. Жамоатчилик ташаббуслари ҳам унинг кайфиятига боғлиқ бўлиб қолди, бунинг жабрини эса, санъаткорлар, санъат ва маданият арбоблари торта бошлади.

Гулнора сал бўлса-да, фикри, нуқтаи назари ўзиникидан фарқ қиладиган кишиларни четга сурарди. Мен ҳам бир гал ана шундай вазиятга тушганман: ўшанда мен бухоролик оқсоқол ва мутахассислар норозилигига асосланиб, Биби Орифа масжиди ва мақбарасидаги қўшимча қурилишни қўллаб-қувватламаган, ушбу обидани фақат таъмирлаш билан чекланишга эришган эдим.

Бу тортишувни у эслаб қолган экан. 2013 йилнинг май ойида, қайта таъмирланган мақбаранинг очилиши маросимида Гулнора каминани оз эмас, кўп эмас, нақ сотқинликда айблади. “Айбим” мамлакатдаги телерадиоэшиттиришлар фаолиятини назорат қилувчи давлат комиссияси аъзоси сифатида, ундан рухсат сўрамасдан янги «Uzreport-TV» телеканалининг очилишини ёқлаб овоз берганим экан. Қарангки, халқаро жамоатчилик кўз ўнгида бир неча маротаба сўз эркинлиги, ОАВ тараққиёти ҳақида бонг урган инсоннинг ўзи унинг назорати остида бўлмаган янги тузилмалар ва лойиҳаларни яратишга қарши эканини яққол сездириб қўйди.

Шу билан бирга 2013 йилнинг 15 май куни Ўзбекистонда шахсан ўзим биринчи бўлиб 1991 йили ташкил қилган нодавлат телекомпания – СТВда Гулноранинг бевосита назорати остида бошланган текширишлар ёзга бориб нафақат телекомпания директори ва журналистлари, балки мен ва менинг яқинларимга нисбатан ошкора тазйиқ даражасига бориб етди.

Гулнора билан охирги марта унинг барча ҳуқуқбузариликлари фош этилиб, асл қиёфаси очилиб қолган пайтда – 2013 йилнинг октябрида учрашганмиз. У чек-чегарасиз ҳуқуқий машмашалардан безгани кўриниб турарди. У менга очиқдан-очиқ ультимамтум қўйди: агар мен халқаро журналистлар ҳамжамияти билан шахсий алоқаларимдан фойдаланиб, у ва унинг оила аъзолари ўртасидаги зиддиятларда унинг фойдасига хизмат қиладиган ахборотларни тарқатишга кўмак берсам, менга нисбатан тазйиқ ва таъқиб тўхтатиларкан! Ўшанда унинг таклифлари мантиққа зид эканини ва у ўз мақсадларига эришиш, ўз номи ва шаънини сақлаб қолиш учун йўлида учраган барча нарсани яксон этишга, ўзини оқлаш учун бошқаларнинг юзига лой чаплашга тайёр эканини ва ушбу вазиятда унинг таъқибларидан яшириниш мен учун энг тўғри йўл эканини тушуниб етдим.

Шундан кейин бошимга тушган ташвишларни батафсил ёзиб, ўқувчини қимматли вақтини олмоқчи эмасман. Зотан бўлиб ўтган воқеа-ҳодисаларни биргина мақолага сиғдириш амри маҳол. Фақат бир савол такрор ва такрор хаёлимда чарх ураверади: наҳотки тарозининг бир палласидаги нафс васвасаси нариги паллада турган Ўзбекистон ва хориждаги ўн минглаб одамларнинг ишончидан, уларнинг покиза орзу-истакларидан, ҳаққоний интилишларидан кўра кўпроқ тош босган бўлса?

***

Бугун комил ишонч билан айта оламизки, янги ғоялар ва лойиҳаларни қисқа муддатдан амалга ошириш учун қандайдир йирик нодавлат ташкилотларнинг кўмагига ҳожат йўқ. Барча бюрократик ғов ва тўсиқлар олиб ташланиши баробарида, соғлом фуқаролик ташаббусларини ҳар томонлама тўлақонли қўллаб-қувватлаш борасида кучли механизмлар яратилмоқда.

2016 йилда тузилган Халқаро Пресс-клубдан тортиб, яқинда таъсис этилган Ўзбекистон Ёшлар иттифоқигача (уларнинг санаб саноғига етиш қийин) фикримизнинг исботи бўла олади.

Давлат ва жамият тараққийпарвар қонунларга таянган ҳолда коррупцияга қарши курашишнинг мукаммал механизми, халқаро меъёрлар талабларига жавоб берадиган, давлат раҳбаридан тортиб, ҳокимиятнинг барча тармоқлари, адолати суд-ҳуқуқ тузилмалари, эркин ОАВ, фуқаролик жамиятининг кучли институтларини ўз ичига олган халқ билан мулоқот тизими шаклланмоқда. Бу эса, кимларнингдир мамлакат ичида коррупция ва жиноятчиликка асосланган “салтанатини” яратишига, давлат ва жамият манфаатларини шахсий мақсадларни амалга ошириш йўлида оёқости қилишига асло йўл қўймайди.

Фирдавс АБДУХОЛИҚОВ

    Бошқа янгиликлар