Хонанда Муниса Ризаева "Сўғдиёна" газетасига интервью берди.
—Концертга тайёргарликни бошлаб юборибсиз. Дастур қачонга режалаштириляпти?
—Насиб қилса, октябрь ойларининг охирини мўлжал қилганмиз. Дастурни ўтказиш учун керакли ҳужжатлар тайёр бўлиши керак унга қадар. Қолаверса, реклама баннерлари учун фотосессия ўтказилгани йўқ ҳали. Ҳозирча режа шу, октябрнинг охирлари, вазиятга қараб балки концерт санаси ўзгариши мумкиндир.
—Чарчамаяпсизми?
—Рости чарчаб қоляпман. Икки йил концерт бермадим, бу галгиси эса жонли ижрода бўлиб ўтади. Шунга ҳам жиддий тайёгарлик кўриляпти.
—Икки йил концерт дастурингизни кутган мухлисларингиз учун сюрпризларингиз бордир?
—Албатта! Энг катта совғам бу жонли ижрода куйлашим. Шоуга келсак, бунга у қадар аҳамият бермаяпман. Режамга кўра, концерт ижодий кеча тарзида бўлиб ўтади. Бир қанча хонандалар билан дуэт куйлаймиз, шогирдларнинг чиқиши ҳам бор. Яна бир сюрпризим бу турли хил йўналишда ва бир нечта тиллардаги янги қўшиқлардир.
—Аксарият тароналарингизнинг аранжеровкасини жонли ижрода уддалаш қийин. Бу муаммо бўлмайдими концерт давомида?
—Аранжеровкаси мураккаб бўлган қўшиқ мусиқалари тайёр кўринишда ҳавола этилади, аммо жонли овозда куйлайман. Фонограмма бўлмайди.
—Яъники «минуси»нинг устидан куйламоқчисиз?
—Ҳа. Созандалар бемалол чала оладиган қўшиқлар эса жонли ижрода жаранг сочади.
—Томошабинлар қаторида кузатган сўнгги концерт дастури қайси бўлди сиз учун? Негадир, бундай тадбирларда сизни кам кўрамиз?
—Концерт дастурларига бораман, аммо кўпга эмас. Негаки, тўй хизматларига улгуришим керак. Санъаткорлар бу ҳолатни яхши тушунишади ва ҳамиша бир–биримизни қўллаб келганмиз. Шахсий ҳаётимиз, концертлар халқ хизматидан қолиш учун баҳона бўлолмайди. Иситмам кўтарилиб, касалхонага тушиб қолсамгина хизматларни қолдиришим мумкин, бошқа вақт тобим бўлмаса ҳам қўшиқ куйлайман. Куни кеча ҳам мазам бўлмади, кўнглим беҳузур бўлиб, аранг ўзимни тутиб турдим. Аммо шунда ҳам саҳнага чиқдим. «Бошим оғрияпти, бугун тўйларни бекор қилинг» дейдиган одатим йўқ. Мухлисларим олдида масъулиятлиман негаки.
—Мухлислар йилдан йилга ўзгаради, шунга яраша уларнинг талаби ҳам...
—Рост айтасиз. Ижодимнинг илк паллаларида асосий мухлисларим болалар эди. Кейинчалик улар сафига ота–оналари қўшилишди. Бугун эса катта ёшли мухлисларим ҳам бор. Авваллари имкон қадар ёшларнинг эътиборини жалб қилишга ҳаракат қилардим. Изланишда бўлсангиз, ўз–ўзидан тингловчилар аудиторияси ҳам кенгайиб бораверар экан.
—Мунис, шу кунларда «Хафа-хафа» номли қўшиғингизга ишланган клип телеэфирлардан тушмай қолди. Кўпчиликни ундаги сўзлар қизиқтирган...
—«Ичиб олганмисиз, гапизга тушунмадим» шуни айтяпсизми?
—Ҳа! Ижтимоий сайтларнинг бирида бир аёлнинг постини ўқиб қолдим. «Қизим Мунисанинг «Хафа-хафа» ашуласини ёдлаб олган, аммо нима деётганини ўзи тушунмайди, «Ичиб олганмисиз....» каби сўзлар боланинг фикрини бузади-ку, нега хонандаларимиз қўшиқни болалар ҳам тинглашини ҳисобга олишмайди» деган.
—Нимаси ёмон қўшиқ сўзларининг? Умуман клип ғояси нима мақсадда яратилганидан хабари борми уларнинг? Эр–хотин бир–бири билан уришяпти, хафалашяпти ва клип охирида психологнинг хулосаси янграйди, сиз энг бахтли оиласиз деган! Бу шунчаки оилавий мавзудаги видео кетма–кетлик эмас, балки чуқур маъноси бор. Бугун ажрашишлар кўп, биласиз. Улфатлари билан маишат қилиб, уйда аёлига қўл кўтарадиган эркаклар ҳам йўқ эмас. Ота–онасининг раъйига қараб уйланиб, кўчада эса «Севганим бор» деб иккита турмуш қилиб яшаб юрганлар қанча. Баъзи йигитлар бор, рафиқасига беписанд муомала қилади, аёл ҳуддики уй хизматкори! Қизлар ҳам бор, турмушга чиқади, салгина гап–сўзга чидолмай характерини кўрсатади, бетга чопади, кейин бўлса «Яшамайман, тўйиб кетдим, ажрашаман» дейди. Менинг мақсадим эр–хотинларга уришманглар, аҳил яшанглар, эркакларимиз ичкиликбозликка берилишмасин, дея айтиш эди. «Хафа-хафа» клипининг мавзусини ажрашишларнинг олдини олиш учун ишлаб чиққанмиз. Яқинда ажрашишлар бўйича статистикани суриштирдим, бир йиллик ҳисоб-китоб саксон фоиз! Қўрқиб кетасан киши. Бир йигит бир йил ичида уч маротаба уйланди, учаласида ҳам хизматда бўлдим. Яна бир танишимнинг тўй кунигача уч марта келин алмашди. Кўряпсизми, нималар бўляпти. «Хафа-хафа» қўшиғида янграйдиган сўзлар болаларим тарбиясига ножўя таъсир кўрсатади дейишса, эшиттиришмасин қўшиқни. Телевизор кўришни тақиқлаб қўйишсин. Мана, катта опам, жиянларимга умуман телевизор кўрсатмайди. Болалар ўзлари учун келтирилган дисклардаги мультфильмларни томоша қилишади, холос. У ҳам бўлса замонавий ур-йиқит, маҳлуқлар ҳақидагилари эмас, балки болани яхшиликка ўргатувчи мультфильмлардир.
—Клип ғояси ўзингизга тегишлими?
—Ҳа! Дўстим Даврон Кабулов билан клип сценарийсини ёздик, сўнг суратга олинди видео кетма–кетлик. Мухлислар эътиборига ҳавола қилганимиздан кейин эса россиялик хонанда Алексей Воробьёвнинг қўшиқларидан бирига ишланган клипга ўхшаш бўлиб қолибди дейишди. Ваҳоланки, клип сюжетини «Мистер ва Миссис Смит» фильмида ҳам кўриш мумкин. Энг ёмон кўрганим, кимдандир ниманидир «ўғирлаб», ўзим учун фойдаланиш! Муниса Ризаева ҳеч қачон кўчирмакашлик қилмайди! Илҳомланишим мумкин, аммо у ўзимники бўлади, уни ўз дунёқарашим билан бойитаман. Одамларнинг гапи билан яшасангиз, нималар дейишмайди. Айниқса мен, ижодимни бошлабманки, танқид қилишади. Агар шунчалик ёмон бўлсам, мухлисларим бўлмасди-ку, тўйларга, тадбирларга таклиф қилишмасди-ку мени, деб ўйлаб қоламан баъзан. На овози, на ташқи кўриниши бор, ҳеч ким ёқтирмаса ҳам ўзича санъаткорман деб куйлаб юрганлар ҳам «Ижод қилаяпман» дейди-ку. Менинг қўшиқларимни телефонларга юклаб олишади, клипларимни томоша қилишади, тўй, тантаналарига чақиришяпти. Ўзига шукур, демак, керакман одамларга.
—Албатта, кераксиз! Келинг мавзуни ўзгартирайлик-да, Йигитали Мамажонов билан ҳамкорлигингиз ҳақида суҳбатлашсак.
—Йигиталини бир сўз билан таърифлашим мумкин ҳақиқий талант! Кибр йўқ унда, атрофидаги инсонларга ҳурмат билан муомалада бўлади. Ишига нисбатан ўта масъулиятли. Бунақа актёрлар саноқли бўлишади. Фарруҳ Соипов шундай эди ёшлар орасида. Алишер Узоқов, Муҳаммадисо Абдулҳаиров улар кўпроқ комедия жанрида ижод қилишади. Йигитали эса нафақат драматик актёр, балки каскадёрлик трюкларини ҳам қойилмақом бажаради. Бу инсонга ҳурматим жуда баланд. Яқинда уйланибди деб эшитдим, илоҳим бахтли бўлсин! Унинг учун жуда хурсандман.
—Сўнгги учрашувимизда миллий қўшиқлар куйлайман, аммо Муниснинг «фишка»си бўлади, дегандингиз?..
—Октябрь ойига режалаштирилаётган концерт дастурида миллий қўшиқлар бўлади, албатта. Ижодимда янгилик бўлиши кутилаётган таронани ҳозирлаяпман. Йиғлатадиган, кишини ўйлантирадиган ашула! «Сен йироқларда» деб номланувчи таронани ҳам ҳавола этаман. Яна «Аха-ўхў» каби «микс»ларга ҳам ўрин ажратилган.
—Мунисанинг қўшиқларида дард сезилади, дейишади.
—Сабаби мен уларни ўзимдан ўтказиб куйлайман. Айниқса, мунгли тароналаримнинг ҳар бири юрагимдан чиқади. Ҳақиқий санъаткор билан ижодкорнинг фарқи шунда. Ҳар ким ҳам ижодкор бўлолади, аммо санъаткор номи ҳаммага ҳам эмас. – Сўнгги қўшиқларингизда муҳаббатга талпиниш бордек...
Бахтимни топишни истайман. Оила қуриш, оналик мақомига эришиш ниятим. Барча мухлисларим кутишяпти, қачон турмушга чиқасиз дея. Вақти–соати билан бўлади!
—Тадбиркорликда ҳам ўзингизни синаб кўрдингиз, дўконингиз бор...
—Ёпдик!
—Ишлар қандай кетаётганини сўрайман деб оғиз жуфтлаётгандим...
—Айни кунда дўкон фаолияти тўхтатилган, чунки ателье ишлари билан шуғулланишга вақтим йўқ. Синглим Каримага топширгандим бошқарувни, аммо унинг ҳам қўли тегмади. «Муниса опа, мен шуғулланаман дўкон билан, менга беринг» дейдиган одам чиқса, бажонидил.
—Бундан чиқди янги ҳамкорликка тайёрсиз?
—Янги ғояларни ҳамиша қўллаб–қувватлайман, таваккал қилишдан чўчимайман сира.
—Характерингизга кўра лидерсиз ва кўпгина қизлар сиздек бўлишни исташади. Ҳавас қилганларга айтар сўзингиз борми?
—Билим олишсин, мутолаани канда қилишмасин ва тўхтовсиз ҳаракат! Кўпроқ ижобий ўй-хаёллар билан яшашсин, табассум қилишсин, ўзларидан кимнидир ясашга уринишмасин, инсон аслиятини йўқотмаслиги керак ҳар қандай вазиятда ҳам!
—Саҳна учун курашиш...
—Мен учун бу пасткашлик, очиғи. Шоу–бизнесда ўз ўрним бор, аммо саҳна учун курашмайман. Бошқалардан фарқли ўлароқ, ҳамкасбларим учун хурсанд бўлишни ҳам биламан. Яқинда Гулсанам Мамазоитованинг «Кел» номли қўшиғини эшитиб қолдим, жуда ёқди. Гулсанам мени у қадар хушламаслигини биламан, лекин санъаткор сифатида уни ҳурмат қиламан, ашуласини тинглаб «Зўр чиқибди» дедим. Ижтимоий тармоқдаги шахсий саҳифамга ҳам жойладим, янги тарона дея. Ҳақиқий портлаш қила оладиган янги хонандалар чиқармикан дея кутаман. Ваҳоланки, аксарият хонандалар буни ҳазм қила олишмайди. Қанийди иқтидорли, ғайратли ёшлар шоу–бизнесга кириб келса!
Мунис, қизиқарли суҳбат учун раҳмат!
Блиц:
—Болалигингизда сизга кимдир “юлдуз” бўласан деганми?
—Мен саккиз ойлик туғилганман. Ўшанда шифокорлар «Ҳомилангиз нобуд бўлган» дейишса ҳам онам «Нима бўлса ҳам туғаман» деган. Дунёга келганим ҳамон чинқириб йиғлаган эканман, шунда доялар «Бу қиз хонанда бўлади» дейишган экан. Лекин «юлдуз» бўласан демаган ҳеч ким. Устозларим Дони Илёсов, Маъмура Қурбоновалардан вокал бўйича таҳсил олганман, фурсатдан фойдаланиб, уларга ўз миннатдорлигимни изҳор қилиб қоламан.
—Малика Аҳмедовада рақс бўйича таҳсил олганингиз ростми?
—Ҳа! Машғулотлар Туркистон санъат саройида бўлиб ўтарди.
—Мунис, айни нималарни тилаяпти ўзи учун?
—Сиҳат–саломатлик, бахт ва узоқ умр! Бу ўзимга тилаганларим! Шунингдек, ота–онам набираларининг тўйларини кўришсин, ҳамиша соғ бўлишсин, деб ният қиламан.
Дилдора ЮСУФБЕКОВА суҳбатлашди.