Долзарб мавзулар Халқ билан мулоқот йили

ФАРРУҲ ЗОКИРОВДАН ТАНҚИД ЭШИТГАН ВА ТОҲИР СОДИҚОВ ДУЭТ КУЙЛАШДАН БОШ ТОРТГАН УМИДАХОН

Бўлимлар: Шоу-бизнес
Теглар: Хонанда
Добавлено: 11.08.2017, 16:04

"Даракчи" газетасидаги "10 қалтис савол" лойиҳасининг галдаги меҳмони профессионалмусиқий билимга эга хонанда УМИДАХОН...

1. “Умр ўтар”, “Юлдузимсан”, “Сендадур кўнглим” ва “Йўлимдан қоч”, “Сериал”, “Сафсата” қўшиқлари. Қай бири "тарози палласини босади"?

— Албатта, миллий йўналишдаги қўшиқларим. Чунки бу ижодим етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган аудиторияни қамраб ололган. Лекин замонавий, кайфиятбоп қўшиқларимнинг ҳам ўз тинг­ловчилари бор. Ижодкор серқирра бўлиши керак, битта йўналишда қотиб қолишни истамайман. Мақом, эстрада, рэп, қисқаси, ҳамма йўналишда куйлай оламан ва турли йўналишларнинг ихлосмандларини хурсанд қилишга ҳаракат қиламан. Ким ҳозир еттидан етмиш ёшгача бўлган мухлисларга ёқадиган қўшиқ куйлай оляпти? Ҳеч ким!

2. Демак, Умидахон ҳам бундай қўшиқ куйлай олмайди, шундайми? Аввал имконини топгансиз-ку, ҳозир нима халал беряпти? Эртага сизнинг ҳам қўшиқларингизни соғиниб тингланиши ёки унутилиши ўз қўлингизда-ку!

— Беш қўл баробар эмас, ҳаммага бирдек ёқиб бўлмайди. Устоз санъаткорларнинг қўшиқларини шлягер, деб эшитаверишади. Лекин бугунги мухлис бутунлай бошқача. Мендан аввал ижод бошлаганлар ҳам бор-ку. Бирортаси соғиниб тингланадиган қўшиқ ёзганича йўқ. Мен ижод бошлаганимга эса энди етти йил бўлади. Унутилмас қўшиқлар ёзишга ҳаракат қиламан, Худо хоҳласа.

3.Устоз санъаткор Нуриддин Ҳайдаровнинг “Юлдузимсан” номли қўшиғини янги сайқалда ижро этиб, озми-кўпми эътироф этилдингиз. Бироқ шу номли мусиқий альбомингиз муқовасидаги “Оти Юлдузимсан” ёзуви нафақат устоз санъаткорга, балки мухлисларга нисбатан ҳам ҳурматсизлик эмасми?

— Альбом чиқариш узоқ йиллардан бери кутилгани учун жараён тезлашиб кетди. Қолаверса, ўз шахсий муаммоларимга ўралашиб, бефарқлик қилдим, тан оламан. Лекин тақдимот ўтгач, сотувга чиққан ҳамма альбомнинг муқовасидаги ёзув “Юлдузимсан” деб тўғриланди.

4.Умидахон сўнгги вақтда шеърлардан эмас, матндан қўшиқ куйлаяпти. Танқидни бошлаб бердим, қолган камчилик­ларингизни виждонан давом эттиринг-чи...

— Тўғри, баъзи қўшиқларим матндан иборат, лекин ҳаммаси эмас. Худо хоҳласа, бундан буён шоирлар билан ҳамкорлик қиламан. Гоҳида дангасалигим тутса, ишга киришишим қийин кечади.

5. "Cover up" лойиҳасидаги иштирокингиз билан ижодкор сифатидаги имкониятларингизни синаб кўрдингиз. Хўш, нималарни ҳали эплолмас экансиз?

— “Голос” лойиҳасини кўриб, бизда ҳам шундай лойиҳалар бўлсайди, дердим. "Cover up"га таклиф қилишганида жуда хурсанд бўлдим. Бу лойиҳа мен учун катта “мактаб” бўлди. Саволга келсак, ҳаммасини эплай олар эканман!

6 . Унда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тоҳир Содиқовнинг сиз билан дуэт куйлашдан бош тортгани ва Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокировнинг танқидини қандай тушуниш керак?

— Тоҳир Содиқов кўрсатув бошида мақтаб туриб, сўнггида салбий фикр билдирди, дуэт куйлашдан ҳам бош тортди, тушунмай қолдим. Назаримда, бу ҳаракатини ўзини катта тутишга йўйиш мумкин. Фаррух Зокиров “сover” йўналишини қабул қилолмади, шу боис танқид қилди. Ваҳоланки, лойиҳа шартига кўра, қўшиқни “сover” йўналишида куйлагандим, ижроим ёмон эмасди. Агар бу услуб ёқмаслигини билганимда, қўшиғини худди ўзидек қилиб куйлаб берардим, қўлимдан келарди.

7. “Хит” қўшиқларингиз йўқлиги биргина сизга боғлиқ эмаслигини айтишдан чарчамайсиз. Кечирасиз-у, ижрочи сифатида шеър танлаш имкониятига эгасиз-ку ё продюсерлик маркази билан шартномангизга бундай ҳуқуқ киритилмаганми?

— Тўғри, авваллари ундай ҳуқуқим йўқ эди. Шу боис ижодни миллий йўналишдан бошлаганман ва эътиборга тушмаганман. Аслида “Кел, ярашайлик” қўшиғим йўналишида ижодга киришни истагандим, рухсат бўлмаган. Вақт ўтиб, “Кел, ярашайлик”ни куйлашга кўндириб, “ташриф қоғози”га эга бўлдим. Орада бу йўналишдан чекинилмаганида ҳозир бунчалик қийналмаган бўлардим. Яқиндан бери эркинликка эга бўлдим. Насиб бўлса, оммалашадиган қўшиқларим бўлади.

8. Санъатдаги қирқ йиллик тажрибага эга санъат­корларнинг фарзандисиз, “Йўлимдан қоч” клипи билан “плагиат”ликка қўл уриб, мисқоллаб йиққан обрўингизни совуриш шартмиди? Клипмейкерга ҳам кўчирмакашлиги учун пул тўландими, текинга ишламагандир?

— Йўқ, бу билан обрўим совурилмади. Машҳур санъаткорлар сингари “плагиат” қўшиқларни “ўзимники”, деб турганим йўқ-ку. Клипимда бир-иккита кадрдангина фойдаланилган, бу кўчирмакашликка кирмайди, назаримда. Клипмейкер ўша клип кадрларини кўрсатганида ўзим рози бўлганман. Асосийси, қўшиғим ўғирланмаган.

9.Умидахон қачон шоу-бизнес вакилидан санъаткорга айланади?

— (Ўйланиб) Йиллар ўтиб, устоз санъаткорларимиз сингари қоқилиб, йиқилиб, ўз йўлимни топаман ва санъаткорга айланаман, деган умиддаман.


10.Махсус савол!

Дилором Омонулаева, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби

— Умидахон, ҳам мақом, ҳам ўзбек ва Европа эстрадасини маромига етказиб ижро эта оладиган, профессио­нал техникаси юқори хонандасиз. Овоз зўр бўлса-да, ўз қўшиғи бўлмаса, бу — вақтнинг беҳуда кетгани. Битта камчилигингиз — ўз репертуарингиз йўқ ё янглиш­япманми?

— Дилором опа, сиз дарслик юзасидан куйлаган қўшиқларимнигина биласиз. Балки ижодимни кузатмаганингиз учун шундай фикрдадирсиз?!

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА суҳбатлашди

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии