Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги “Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-3152-сонли Қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси 2017/2018 ўқув йили учун Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтининг талабалари контингентини Тошкент вилоятида доимий яшаётган, ушбу вилоят туманларидаги таълим муассасалари эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда Тошкент давлат педагогика университети ва бошқа турдош олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириб, мазкур таълим муассасаларига белгиланган тўлов-контракт квоталари доирасида ўқишга қабул қилинмаган мос ва турдош таълим йўналишлари абитуриентлари ҳисобидан шакллантиради.
Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтига 2017/2018 ўқув йили учун талабалар ўқишга амалдаги базавий тўлов-контракт миқдори бўйича тасдиқланган квота доирасида қабул қилинади.
Тасдиқланган квотага кўра мазкур олий ўқув юртига жорий йилда жами 20 та йўналишда 750 нафар талаба қабул қилиниши белгиланган.
Давлат комиссияси Тошкент вилоятида доимий яшаётган Тошкент давлат педагогика университети ва бошқа турдош олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириб, мазкур таълим муассасаларига белгиланган тўлов-контракт квоталари доирасида ўқишга қабул қилинмаган абитуриентлар орасидан вилоят туманлари таълим муассасалари эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда белгиланган квота (750 нафар) доирасида баллар кетма-кетлигида сараланади ва Институт қабул комиссиясига тақдим этади, деб хабар беради Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати.
Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти қабул комиссияси Давлат комиссияси томонидан саралаб олинган абитуриентларга хабар беради.