АсосийShou-biznes

ОЙХОН ИФОРЗОДА: "ҚОМАТИНГИЗНИНГ ТАШВИШИНИ ҚИЛМАНГ, МУҲИМИ, ФАРЗАНДИНГИЗ САЛОМАТЛИГИ!"

'ОЙХОН ИФОРЗОДА: "ҚОМАТИНГИЗНИНГ ТАШВИШИНИ ҚИЛМАНГ, МУҲИМИ, ФАРЗАНДИНГИЗ САЛОМАТЛИГИ!"'ning rasmi

Бошловчи Ойхон Ифорзода "Сўғдиёна" газетаси меҳмони.

— Сизни кўриб турганимиздан хурсандмиз! Ёш, ижодкор онанинг ҳаёти қандай ўтяпти?

— Жуда қизиқ! «Кечалари уйқу йўқ» деган сўзлар рост экан. Бунга ўзим гувоҳ бўляпман. Аммо шунга қарамай оналикнинг ёқимли, ширин ташвишлари-да бу! Менимча, ҳар бир аёл бола парваришининг қандай машаққати бўлишидан қатъи назар она бўлишни ният қилади!

Илк бор фарзандингизни қўлларингизга тутқазишганидаги ҳиссиётларни эслайсизми?

— «Нега бу бунчалик оғир» дегандим (кулади)

—Катта вазнда туғилдими?

— Тўрт килою уч юз вазнда дунёга келди паҳлавонимиз! Бўйи 58 сантиметр. Амиршоҳни менга кўрсатишганида, аввалига акамга ўхшатдим, кейин бўлса, "Отасининг худди ўзи" деганим ёдимда. Фарзандли бўлиш энг катта орзум эди! Болажонимга алла айтаётиб, «Сен менинг орзумсан», дейман. Кимдир яхши яшашни, чет эл сафарларини, карьера қилишни ният қилар балки, мен бўлсам чиройли оилам бўлишини, қайнота-қайнонамнинг хизматини қилиш ва севган инсоним билан бахтли бўлиб, бир этак болаларни вояга етказишни истайман. Асли ниятларим жуда кўп, шукр, улардан айримлари бугун амалга ошди!

Қолганларининг ҳам рўёбини кўринг!

— Айтганингиз келсин!

Адашмасам, ҳомиладорликнинг сўнгги ойларигача ижоддан ортмадингиз?

— Ҳомиладорликнинг еттинчи ойига келиб, ўзимга-ўзим таътил бердим. Аммо «Тўйимизга сизларни ният қилгандик», «Яна битта съёмкада қатнашсангиз, бас, шу охиргиси» қабилидаги илтимосларга йўқ деёлмай, яна бир ойни ўтказиб юбордим. Декабрь ойи бошланганида эса «Энди дам олмасам бўлмайди» дея, кўпроқ сайр қилдим. Чиройли манзараларни томоша қилдим, бамаъни инсонлар билан ҳамсуҳбат бўлдим, ёқимли мусиқалар тингладим. Кўзим ёришидан икки ҳафта олдин мен бошловчилик қилиб келаётган кўрсатувнинг Янги йил сонини суратга олишди. Табиийки, мен ҳам съёмка жараёнида иштирок этдим, «Келмасангиз бўлмайди», дейишди-да.

Қийналмадингизми, ахир ҳомиладорликнинг сўнгги ойлари нисбатан оғирроқ ўтади?

— Ўйлаб кўрсам, ҳомиладорлигимда жуда эркатой бўлиб қолибман. Съёмка жараёнида ҳамма кўнглимга қарарди, ширинлик ейишни истасам, дарров муҳайё этишарди. Яқинларимнинг асраб-авайлашлари билан тўққиз ойни ўзимни уринтирмай ўтказдим.

Бугун «ойиси» дейишлари қандай эшитиляпти?

— Ноодатий, рости. Сабаби «Фалон инсоннинг рафиқаси» дейишса, ғалати бўлардим, энди бўлса «Амиршоҳнинг онажони», дея чақиришяпти. Ўрганишим бироз қийин бўляпти-ю, лекин ёқимли! Гўё узоқ йиллар фарзанд кутган аёлдек тўлиб-тошиб сўзлаётганимга ҳайрон бўляпсизми? Табиатан болажонман, жиянларимни ўзим катта қилганман. Райҳон опамнинг кенжатойи Марям, турмушга чиққанимдан сўнг дунёга келгани боис уни бошқа жиянларим сингари парваришлолмадим. Аммо ҳозир хола-жиян тил топишиб қолганмиз. Райҳон опам съёмкага кетадиган бўлсалар, Марямни менга қолдириб кетадилар, худди эгизаклари бор онадек, иккисига қараб ўтираман (кулади). Тез-тез кўришиб турганимизгами баъзан Марям опам иккимизни адаштириб қўйяпти.

— Амиршоҳ олти ойлик бўлди-а?

— Еттинчи ойга қараб кетяпмиз!

Ўзига хос қилиқлари пайдо бўла бошлагандир?

— Ҳар куни янги қилиқ чиқаряпти. Айримларини кўришга ҳам улгурмай қоляпмиз. Ишдан қайтганимда, ойижоним «Кутиб туринг, бугун мана бундай қилди», дейдилар-у, сўнг ҳаммамиз нима қилиқ чиқардийкан, дея кутиб ўтирамиз. Аксига олиб ўша куни ухлаб қолади. Бир кунлик чақалоқлик пайти бошини кўтариб қўярди, бир ойлик бўлганида қорнига, ён томонга ўгирила бошлади. Ҳозир бўлса, аразлашни ўрганиб олган. Одам ажратадиган одат чиқарган. Ўтирган бўлсангиз, сизга бормайди. Тик турсангиз, йўқ демайди, чунки сиз билан сайр қилиш мумкинлигини билади-да.

— Ҳойнаҳой чақалоқлигиданоқ тез-тез сайрга олиб чиққансиз, шундай?

— Кичик чилламиз чиқиши билан сайрга чиқа бошлаганмиз. Ёмғир ёғадими, қорми, кун қуёшлими ёки булутли, албатта, сайр қилардик. Кўча айланишни яхши кўриши шундан. Фаввораларни томоша қилади, дарахт баргларининг шитирлашини кузатади. Лекин қизалоқлардан ўзини олиб қочади, бирор ким у билан ўйнамоқчи бўлса, дарров қовоғини уйиб олади. (ўғлига қарата) Жудаям жиддий, доим қоши чимирилган, ҳаммага ҳам табассум қилавермайди, сизни ёқтирсагина кулиб қўйиши мумкин.

— Буни қаранг, ўзи кичиккина-ю, ҳалитдан характерини кўрсатяпти?..

— Нимасини айтасиз, феъл-атвори шаклланиб боряпти. Туғилган кунидан бошлаб то ҳозиргача ҳар уч соатда овқатланади, буни атай ўргатмаганман. Ҳар уч соатда қорни очиққанини билдириб, ғиншиб қўяди, унгача сира инжиқлиги йўқ. Буни айтишим жоизми ёки йўқ, билмадим-у, аммо фарзандимни 10 январь санасида дунёга келишини ният қилгандим.

— Бунинг бирор сабаби борми?

— 1 январь куни туғилса, Янги йил байрамининг эртаси бўларди. Улғайса дўстлари билан қандай нишонлайди, байрамдан кейин ҳамма чарчаган бўлади, ким келолади, ким эса йўқ, деб ўйландим. Негадир 10 январь санасини мўлжаллайверардим, ўзимча. Ва буни қарангки, 9 январь санасининг энг сўнгги дақиқаларида тўлғоқ бошланиб, 10 январга ўтганида кўзим ёриди.

Пунктуалликка ўзингиз ўргатган экансиз-ку, Ойхон?

— Эҳтимол, лекин ҳақиқатан ҳам шундай. Ўғлим билан худди катталардек суҳбатлашаман. Илтимос қилсам кечаси уйғонмайди, инжиқлик қилганида койиб берсам, бошини эгиб олади. Амиршоҳ келгусида ўта жиддий, аммо шу билан бирга меҳрибон йигит бўлиб улғайса керак. Мен фарзандимни ана шундай тасаввур қиляпман.

— Жиддийлиги кимдан ўтган?

— Билмасам, ҳомиладорлигимда ҳис-хаяжонга берилувчан бўлиб қолгандим, сал нарсага кўнглим бўшаб кетарди. Турмуш ўртоғим драма жанридаги фильмларни томоша қилишни тақиқлаб қўйганди ҳатто. Негаки икки севишган бир-бирига дил изҳор қилаётганига кўзим тушса ҳам, йиғлаб юборардим. Кимдир менга яхши гапирса ҳам, кўз ёшим юмалаб кетарди. Амиршоҳдаги жиддийлик дадасидан ўтган, менимча. Умр йўлдошим саҳнада ҳазилкаш инсон, ҳаётда эса жиддийлиги бор.

Бола парваришида ким билан кўпроқ маслаҳатлашяпсиз?

— Биринчи ўринда энг яқин маслаҳатчиларим, бу ойижоним ва волидамдир. Опам ва келинойимдан кўп нарсаларни ўрганяпман. Ижтимоий сайтлардаги форумларни кузатиб бораман. Кўз тегмасин, шу чоққача бирор муаммога дуч келганим йўқ, фақат бир маротаба иситмаси кўтарилганида, мустақил чора кўришимга тўғри келди. Соат алламаҳал бўлиб қолгани боис катталарни уйғотишга кўзим қиймади ва жиянларимга қараганимда опам, келинойим қандай йўл тутишганини эсга олдим. Спирт эритмаси билан қўлларимни ишқалаб, болажонимнинг баданига суртдим. Шукр, иситма тушди.

Энагангиз ҳам бор экан?

— Энага эмас, бола парваришида ёрдамчим десак, тўғрироқ бўлади. Қайнота-қайнонам ишли одамлар, турмуш ўртоғимнинг ҳам вақти тиғиз, шунга ҳам ёрдамчи олишга қарор қилдик. Айни дам ижодга қайтяпман, табиийки, бола билан бир ўзим қийналиб қолишим мумкин.

Нилуфар Усмонова билан суҳбатда, хонанданинг қирқ кунлик чиллада 11 килограмга озганини билдик. Сизда ҳам қоматни тартибга келтириш масаласи кўтарилгандир?

— Фарзанд кутаётганимда хамирли таомларга бошқоронғи бўлдим. «Семиртиради» дея ўйланиб қолганимда, турмуш ўртоғим бир гап айтдилар: «Сен ҳозир ё қоматингни ўйла, ёки туғилажак фарзандимизни. Сенга қай бири муҳимроқ». Туғруқдан сўнг озроқ тўлишдим, аммо бу истеъмол қилганларимга боғлиқ эмас. Негаки ҳомиладорликнинг олтинчи ойига қадар ҳеч нима еёлмаганман. Чилла пайтида анчагина ортиқча вазндан халос бўлдим, чунки болажонимни кўкрак сути билан парваришлаётгандим. Аммо Амиршоҳ бир ярим ойлик бўлганида кўкрак сутидан юз ўгирди. Шуни билдимки, бола она сути билан боқилса, аёлнинг озиши ҳам осонлашаркан. Ҳозир бўлса, фитнес машқларига қатнаяпман, аста-секин аввалги вазнимга қайтаман ҳали. Асосийси, фарзандим соғ-саломат, қомат эса ўзгарувчандир.

Қўнғироқлашганимизда иш жадвалимга қараб олай дегандингиз?

— Ҳамма аёллар каби туғруқ таътилида бола парвариши билан банд бўламан, деб режалаштиргандим. Қайда, фарзандим икки ойлик бўлганидаёқ, ижодга қайтдим. Лекин бу билан фақат иш, иш деркан-да, дея тушунманг. Ўзим учун иш жадвалини тузиб олганман, қачон, қаерга боришим, ким билан учрашишим тартибга келтирилган. Бунинг орасида ўғлим билан сайр қилиш, уни парваришлашга эса алоҳида вақт ажратилади. Янги мавсумда телеканалларнинг бирида турмуш ўртоғим билан янги лойиҳани ҳавола этамиз.

— Эр-хотиннинг ҳамкасб бўлишида қандай мураккабликлари бор? Осон тарафи-чи нимада?

— Турмуш ўртоғим билан ўн йил мобайнида дўст бўлганмиз, сўнг муносабатларимиз муҳаббатга айланган. Иш жараёнида бир-биримизни тўлдириб турамиз, ярим оғиз сўздан тушунамиз, кайфиятимизни била оламиз. Мураккаблиги эса зиммамдаги масъулиятнинг катталиги, назаримда. Тадбир ёки тўй хизматларига йўл олсак нафақат ўзимнинг, балки умр йўлдошимнинг ҳам уст-бошини тайёрлайман, тартибга келтираман. Шуларни айтмаса, бирга ижод қилишимиз иккимизга ҳам қулай.

Акангиз Жаҳонгир яқинда иккинчи бор ота бўлди, сал аввал опангиз Райҳоннинг қизалоғи дунёга келди, кейин сиз. Оилангиз сафи кенгайиб боряпти?

— Худо шукр. Бир сирни очишим мумкин, насиб қилса, куз ойларига синглим Зулайҳо ҳам фарзандли бўлади. Ҳозир онам олти набиранинг бувижонисилар!

Опа-синглингиз Райҳон ва Зулайҳо билан биргаликда ижро этилган қўшиқ интернетда машҳур бўлганди. Яна шу каби чиқишларни кутиб қоламиз деган изоҳларга жавоб бўлмади кейин?

— Асли бу тасодифий видеоролик. Уч опа-сингил тадбирдан қайтиб, расмга тушаётгандик. Қўшиқ куйлашимиз эса опа-сингиллар анъанаси. Акамнинг видеога олаётганини билмай куйлайверибмиз, кейин билсак, ролик интернетга жойланибди. Тўғри, кўплаб изоҳлар бўлди, яна бўлсин деган мазмунда. Лекин бугун учовимизнинг ҳам ўз оиламиз бор, йиғилиб қолсак, қўшиқ куйлашимиз мумкиндир-у, аммо гапимиз тугамайди-да. Бир хонага кириб олиб, соатлаб суҳбатлашамиз, онажонимиз сафимизга қўшилсалар, тўрт дугонага айланамиз. Учовимизнинг орамизда етти йилдан фарқ бор, шундай бўлса-да биз худди дугоналардекмиз.

Аҳилчилигингизга кўз тегмасин!

— Раҳмат!


БЛИЦ:

—Шахсий омад формулангиз?

—Оилам!

—Ойхон аввал гапиради, кейин ўйлайдими?

—Баъзида.

—Эрнинг аччиғи келганида аёл...

—Паст келиши керак.

Ўзи билан гаплашадиган одам телбами?

—Йўқ, ўзи билан гаплашадиган инсон доно бўлса керак, деб ўйлайман, мендаям бор-да бунақа одат.

Яхши она бўлиш учун Ойхон нималарни ўзи учун муҳим деб биляпти?

—Фарзандимиз учун баъзан ўз эҳтиёжларимизни четга суришимиз керак экан. Мана шу мен учун муҳим қоида.

Дилдора ЮСУФБЕКОВА суҳбатлашди

Фотомухбир: Ғайрат УБАЙДУЛЛАЕВ

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар