Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов оммавий ахборот воситалари ходимлари билан учрашув чоғида "Даракчи" газетаси мухбирининг "Ўқитувчи пахтага теримчи ёллашга мажбурми?" деган саволига қуйидагича жавоб берди.
— Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида сўзлаган нутқида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам берилганини жаҳон минбаридан туриб таъкидлаб ўтди. Бугунги кунда ўқитувчи ва ўқувчиларимизни пахтага чиқиши қатъиян таъқиқланган. Ўқитувчилар ўз фаолияти билан шуғулланишлари керак. Агар саволда қўйилгани каби, теримчи ёллашга мажбурлаш ҳолати юз берадиган бўлса, бунга нисбатан тегишли чоралар кўрилади, албатта. Халқ таълимининг позицияси таълим сифат самарадорлигини оширишга қаратилган ва ўқитувчиларимизни бундай ҳолатлардан ҳимоя қилиш учун бизда тегишли норматив ҳужжатларимиз ҳам бор. Қолаверса, давлатимиз қонунлари ҳам бунга йўл қўймайди.