“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси “Инчхон” (Корея) халқаро аэропорти корпорацияси билан “Тошкент-4” йўловчи терминалини лойиҳалаштириш ва “Тошкент-2” терминалидан фойдаланишни оптималлаштириш масалалари юзасидан музокараларни бошлади.
Кореялик мутахассислар салоҳиятли маслаҳатчи сифатида И.Каримов номидаги аэропортда йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш учун таклиф этилди.
Кореялик ҳамкасблар лойиҳалаштирилаётган “Тошкент-4” терминали ўлчамлари ва лойиҳа бўйича капитал қуйилмаларни ҳисоб-китоб қилиш бўйича ўз талқинларини, шунингдек мавжуд “Тошкент-2” терминалида қулайлик ва кўрсатиладиган хизматлар даражасини ошириш, уни планлаштириш ечимини қайта кўриб чиқиш орқали терминалнинг ўтказиш қобилиятини ошириш бўйича таклифларини тақдим этдилар.
Таъкидлаб ўтамиз, Ислом Каримов номидаги “Тошкент” аэропорти бугунги кунда қулай географик ўринга эга, аэропорт МДҲ дан Жануби-Шарқий Осиё, Европа ва Америкага борадиган ҳаво йўллари кесишувида жойлашган. Аэропорт дунёнинг деярли барча йирик шаҳарлари билан ҳаво йўллари орқали боғланган. Аэродромда иккита учиш-қўниш йўлаги бор, ICAO иккинчи тоифасига эга, бу унга барча русумдаги ҳаво кемаларини қабул қилишга имкон беради.
“Тошкент-2” терминали соатига 1 мингдан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатишга қодир. Ҳар йили унинг хизматидан 2,5 млн дан ортиқ ёʻловчи фойдаланади.