Му5
48

​РАЖАБ АДАШЕВ: “ҲОЗИР ЎЗБЕК КИНОСИ ЎТИШ ДАВРИДА”

МАДАНИЯТ 21.11.2017, 09:45
1899
​РАЖАБ АДАШЕВ: “ҲОЗИР ЎЗБЕК КИНОСИ ЎТИШ ДАВРИДА”

“Абдуллажон”даги Бозорвой ролига еттита актёр киносинов топширган

Галдаги қаҳрамонимиз Константин Станиславский таъбири билан айтганда, санъатдаги ўзини эмас, ўзидаги санъатни севадиган профессионал актёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ражаб АДАШЕВ. Актёр ортга назар ташлаб, умр ва ҳаёт йўлини ёдга олди...

“Шўхлигим оламни бузарди”

— 1944 йилнинг 15 июлида Самарқанднинг Ургут туманида туғилганман. Аслида туғилганимга бир ҳафта бўлганида туғилганлик гувоҳномасини олиш ҳақида онамга эслатишган. Онам масъул ходимга аниқ сана ўрнига ой тўлин бўлган кечада туғилганимни айтгани учун туғилганлик гувоҳномамга тахмин қилиб, 15-сана ёзилган (кулади). Ражаб ойида дунёга келганим учун исмим Ражаб. Отам Адаш Ҳалимов Масхарабозлар труппасида масхарабозлик, кейинчалик колхозда қоровуллик қилган, онам Моҳтобой Йўлдошева уй бекаси бўлган. Асли ота-онамнинг иккинчи турмушидан бўлган фарзандман. Отамнинг рафиқаси вафот этган, онам бева қолганидан хабардор қўни-қўшнилар уларнинг оила қуришига сабабчи бўлган. Отамнинг биринчи турмушидан олтита фарзанди, онамнинг битта қизи бўлган. Ўрта ҳол оилада вояга етганман. Болалигимда жуда шўх эдим, онам ҳатто меҳмонга олиб бормасди. Йўқса, меҳмоннинг уйидаги паррандаларга мумкин бўлмаган нарсаларни едирар, қозон, челак сингари думалайдиган жиҳозларини тепаликдан думалатиб ўйнардим. Мезбон “Моҳтоб ўғлингга қарсанг-чи”, деб дод-вой қиларди. Шаталоқ отиб юраверганимдан баданимга тошмалар тошарди, бироқ онам шифокорларни ёқтирмагани боис сира шифохонага олиб бормаган...

ҲЕЧ ҚАЙСИ БАҲОНИ ХАФА ҚИЛМАГАНМАН”

— Мактабга чиқишим ҳам қизиқ кечган. Август ойи эди, дўстим Ҳотам “юр, мактабга борамиз”, деб уйимга келиб қолди. Қизиққанимдан бирга бордим, бизни рўйхатга ёзиб, “2 сентябрдан келасизлар”, дейишди. У вақтда мактабга қабул қилиш учун ҳужжатлар талаб қилинмасди-да. 2 сентябрда дўстим яна келиб, мени олиб кетди. Олти ёш бола эмасманми, мактабга қизиқишим йўқ, истасам борардим, истамасам йўқ. Мактаб даври ҳам шўхлигим натижасида турли саргузаштлар билан ўтган. Ҳеч қайси баҳони хафа қилмаганман, кундалигимда ҳаммасидан бор (кулади). 8-синфни тамомлаётганимизда мактаб қурилишида қатнашиш, ҳар бир ўқувчига беш юзтадан ғишт қуйиш мажбурий этиб тайинланган. 9-синф якунида эса 10 ва 11-синфлар очилиши ва колхозда ишлаб пул топиш имконияти борлиги маълум қилинган. Маблағ топишга қизиқиб, май ойларида колхоз даласида тамаки экиб, декабрда давлатга топширардим. Бу меҳнатимдан топган маблағимни заруриятимга сарфлардим. Шу билан бирга драма тўгарагига ҳам қатнашардим, рус тилида миниспектакллар ўйнардик. У вақтларда санъатга қизиқишим бўлмаган. Лекин пойдевор ўша вақтларда қуйила бошлагани аниқ. Рассомчиликка ихлосим баланд эди, чизган суратларим тинимсиз деворий газеталарда чиқарди. Шу тариқа Ургутдаги 1-сонли мактабни 11-синфигача ўқиганман.

“ТАҚДИРИМГА АКТЁР БЎЛИШ БИТИЛГАН ЭКАН”

— Рассом бўлиш истаги кучлилигидан Тошкентдаги П.П.Бенков номидаги Республика Рассомлик билим юртига ҳужжат топширдим. Бироқ қабул комиссиясидагилар чизган расмларим камлиги сабаб, келаси йил келишимни айтишган. Очиғи, Ургутга хурсанд бўлиб қайтганман, боиси онам ёлғиз қолганди-да. Отам ўн икки ёшимда вафот этган, ҳамма масъулият онамнинг зиммасида қолган. Уйда яктак, тўн тикиб, тикувчилик орқали қора қозонни қайнатарди. Ўқишдан омадим келмагач, Ургутдаги 2-қурилиш трестига ишчи бўлиб бир йил ишладим. Сўнг яна пойтахтга ўқиш илинжида келсам, яна ўша гапни эшитдим, ҳафсалам пир бўлиб изимга қайтганман. Ургутдаги Халқ театрига ишга олишган, ажабланманг, у вақтларда кадр йўқлиги учун соҳадан оз бўлса-да хабари бўлса ишга олаверишган. Унинг ичида кинотеатр ҳам бор эди, кинолар афишасини ёзардим. Бир йил давомида спектаклларда қатнашдим, театр қошидаги “Беш қарсак” ансамблида аккордеон ҳам чалганман. 1964 йили “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида “Ўзбекфильм” киностудияси қошида Киноактёр студияси очилаётгани ва унга ҳаваскорлар уч босқичли имтиҳон асосида қабул қилиниши ёзилганди. Омадимни синаб кўрдим, пешонамга гўзал тақдир битилган экан, орадан вақт ўтиб, “Ўзбекфильм” киностудияси қошидаги Киноактёр студиясига шогирд қилиб ишга олиндингиз”, деган телеграмма келган. (Ўйланиб) ўшанда онамни ёлғиз қолишини ўйламай, Тошкентга йўл олган эканман. 1965 йилдан бошлаб, кўзга аранг кўринадиган роллар ўйнаб юрдим. Бу вақт мобайнида Киноактёр студиясида актёрлик маҳоратидан сабоқ ҳам беришган. У вақтда актёрликнинг сир-асрорларини қунт билан ўрганмаганмиз. Кинога қадам қўйган ҳар бир ёш актёрлар сингари тезроқ бош ролларни ўйнаш, танилиш, қизларни ёқимтойига айланиш дардида бўлганмиз. Бироқ бу истаклар эса олға интилишга ундайди. Ҳозир ўйласам, камера қаршисида заррача ҳаяжонланмай, берилган вазифани бажарган эканман. Режиссёр Латиф Файзиевнинг “Наташахоним” фильмидаги ролим тақазоси билан от минишни ҳам ўргандим, қишлоқда эшакдан бошқасини минган эмасман-да (кулади).

1969 йилда Пўлат Файзиевнинг “Ой бориб, омон қайт” фильмида Қудрат Суюнов қаҳрамонига киносинов топширганман-у, ижодий гуруҳ таътилга чиққанмиз. Бу орада онамга ноҳақлик қилиб, “бу кампирнинг ўғли Тошкентда, бир ўзи яшайди”, деб Коммунистик партия қўмитасининг биноси олдида уйимиз харобадек кўрингани учун буздириш тараддудига тушишган экан. Мазкур гапларни эшитиб, Ургутга кетгандим. Ўшанда раҳматли поччам хонадони олдидаги бўш ерни бизга берган. У ерга пойдевор қуйиб, уйни кўтараётган вақтимда Тошкентдан ролга тасдиқланганим ва тезда ортимга қайтишим ҳақида телеграмма келган. Уйдагилар “ҳеч нимани ўйлама!” дея мени пойтахтга кузатишган. “Ой бориб, омон қайт” фильмидан сўнг Ражаб Адашев бўлиб танилганман. Ва кетма-кет фильмлардан таклифлар туша бошлаган.

У вақтларда томошабинларнинг савияси юқори эди, кинотеатрларни бўш қўйишмасди. Шунинг учун ҳам чин маънодаги “юлдуз”лар кўп эди, лекин мен улар сафига киролмаганман. Ёқимтой эмасдим, сочим ҳам 1974 йилдан тўкила бошлаган. Бироқ “Абдуллажон”дан кейин “юлдуз” бўлиб уйғонганман. Кўча-куйда кўрганлар “Ражаб ака, қўлингизни битта олиб қўяй”, дейишар, жавобан “кейин қайтариб берасиз-а?” деб кулдирардим. Машҳурликнинг ёмон томони кибрга “дўст” қилиб қўяр экан. Кунларнинг бирида ҳамкасбим Фарҳод Ҳайдаров “Ражаб, фильмларда ўйнаб, “кўтарилиб” кетибсанми? Кимсан ўзи? Кўришишларинг бошқача? О-о-о, Фарҳод ака, дейсан”, деб қолди. Ўйлаб қарасам, ўша дамда кибр, манманликка берилиш остонасида турган эканман. Фарҳод акадан миннатдорман, у “кўчалар”га кириб қолишимдан асраган. Актёр самимияти билан тирик эканини ўз вақтида англадим.

Аслида “Абдуллажон”нинг суратга олиниши бошланишидан бир йил аввал режиссёр Зулфиқор Мусоқовнинг Ўзбекистон халқ артисти Обид Юнусовга “сизга атаб зўр роль ёзяпман”, деганини эшитгандим. Шунга қарамай, еттита актёр Бозорбой ролига киносинов топширганмиз. Бадиий кенгашнинг 95 фоизи мени танлаган.

“ҲАМКАСБЛАРИМНИ ЎЙЛАБ, ТЕАТРГА ИШГА КИРМАДИМ”

— Сўнгги вақтларда ижодга бўлган чанқоқлик ва моддият “хонтахта” фильмларда ҳам кўринишимга мажбур қиляпти. Лекин уларнинг орасида ҳам пичоққа илинадиганлари бор. Кинотанқидчилар, мухлислар хусусий киностудияларга салбий назар билан қарайвергани боис яхшилари ҳам кўзга кўринмай қоляпти. Бу билан “мактаб” кўрмаган “режиссёр”лар ҳам борлигини инкор этмоқчимасман. Ўзимни такрорлайдиган роллар бўлса, ўйлаб ўтирмай рад этаман. Масалан, режиссёр Фарҳод Худойбердиевнинг “Баракасини берсин” фильмида бош ролни беришганди, сценарий ёқмади, бугунги куннинг қаҳрамони, муаммолари йўқ эди. Шу боис бош ролни эмас, эпизодик ролни танладим. Бироқ бош ролдан ҳам аъло қилиб ўйнаганим учун кўпгина саҳналаримни қисқартиришди. Режиссёрлар бош қаҳрамонлардан эътиборни тортиб оладиган эпизодни ўйнайдиган актёрлардан қўрқишади. Шу боис ҳам фильмларда камнамо бўлсам керак, бироқ режиссёрлардан хафа эмасман.

Кино ҳозир ўтиш даври жараёнида. Куни кеча йиғилиш бўлганида сўзга чиқиб, “Яхши отга бир қамчи...” деган мақолни ишлатдим. Гапим замирида иккинчи қамчи тушмасин, деган маъно бор эди. Президентимиз кинога шу қадар имконият яратиб бераётганларидан унумли фойдаланиб, юқори кўрсатгичларга эришиш керак. Очиғи, кинонинг бугунги аҳволи ҳеч кимни қониқтиролмаяпти. Ҳеч қайси режиссёр замон қаҳрамонини тополгани йўқ, фикрлолмаяпти. Биринчи Президентимиз икки марта шу мавзуда тўхталдилар, лекин бирорта режиссёр фильми билан “лаббай!” дея жавоб беролмади. Агар киночилар шу алфозда юраверса, бу ўзбек киноси учун жуда катта фожиа, уят! Киночиларга ҳозир битта қамчи урилди, лекин шунда ҳам масъулиятни чуқур ҳис қилишмаяпти. Иккинчи қамчи эса оғир бўлади...

Кино театрдан ҳам мураккаб соҳа. Театрда воқеа кетма-кетликда давом этади. Фильмда эса воқеанинг исталган қисмидан иш бошланади. Бу эса актёрдан юқори маҳорат, профессонализмни талаб этади. Театрда сўзни ёдлаб, режиссёрнинг вазифасини бажариб берсангиз бас, кинода эса яшаш керак! Бир нечта театрларга ишга чақиришди, “нега буни ишга олишди, Ражаб Адашев ўйнайдиган ролларни мен ҳам ўйнай оламан-ку”, деган гап-сўзлар бўлишини ўйлаб, рад этдим. Боиси театрда менинг амплуамдаги актёрлар кўп, фақат уларга роль тегмайди...

Кинодаги фаолиятимга қирқ йил тўлганида нафақага чиқдим. Лекин ҳануз фильмларга чақириб туришади, актёрга талаб борлигининг ўзи катта бахт!

ТУРЛИ ҚИЙИНЧИЛИКЛАРГА ЧИДАБ КЕЛГАНИ УЧУН РАФИҚАМДАН БЕНИҲОЯ МИННАТДОРМАН”

— 1971 йил онамнинг танлови билан ўқитувчи қиз Раънохон Сирожова билан унаштирилганмиз. Бир йил давомида тўйга тайёргарлик кўрилган. У вақтларда бўлажак келин-куёвни тўйдан аввал учрашиши уят эди (самимий кулади). Рафиқам мени узоқдан кўриб қолса ҳам қочиб қоларди. 1972 йил май ойида тўй қилдик. Ҳеч қанча вақт ўтмай, рафиқам ва онамни Ургутда қолдириб, режиссёр Али Ҳамроевнинг “Тансоқчи” фильми билан Тожикистонга кетганман. Июнда эса суратга олиш ишлари Самарқандда ўтган “Устанинг васияти” номли тўрт қисмли фильмда иштирок этганман. Иккита ўғлим туғилганида ҳам сафарда эдим, рафиқамнинг ёнида бўлолмаганман. Ургутга – уйга кам борганим учун ҳатто фарзандларим гоҳида мени танимасди. Тинимсиз суратга олишда банд бўлганим учун уйга уч-тўрт кунгагина борардим-да. Ярим йиллаб ишсиз қолганимда “нега бу касбни танладим ўзи?” деган хаёллар ҳам ўтган. Тошкентда ижарада турардим, 1979 йилда ўша вақтдаги давлат раҳбари Шароф Рашидовдан уй сўраб, хат ёзганимда, илтимосим бир йилда қондирилган ва тўрт хонали уй берилган. Сўнг оиламни Тошкентга кўчириб келганман. Унга қадар турли қийинчиликларга чидаб келгани учун рафиқамдан бениҳоя миннатдорман. Шукр, бахтли ҳаёт кечирдик, икки ўғил, икки қизнинг ота-онаси, ўнта набиранинг бува-бувисимиз.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА суҳбатлашди.

Фотомухбир: Ислом РЎЗИЕВ

Шарҳлар