Му5
50

"ЎЗБЕКЭНЕРГО" АЖ ТОМОНИДАН 44,9 МИЛЛИАРД КИЛОВАТТ-СОАТ ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ ҲУДУДЛАРГА ЕТКАЗИБ БЕРИЛДИ

ИҚТИСОДИЁТ 23.11.2017, 09:58
1782
"ЎЗБЕКЭНЕРГО" АЖ ТОМОНИДАН 44,9 МИЛЛИАРД КИЛОВАТТ-СОАТ ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ ҲУДУДЛАРГА ЕТКАЗИБ БЕРИЛДИ

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида "Ўзбекэнерго" акциядорлик жамияти томонидан 2017 йилда амалга оширилган ишлар ва 2017-2018 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

“Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси ўринбосари Р.Райимов ва бошқалар Президентимизнинг жорий йил 22 июндаги “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2017/2018 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида "Ўзбекэнерго" АЖ томонидан куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўрилаётганини таъкидлади.

Жорий йилнинг ўтган ўн ойи давомида "Ўзбекэнерго" АЖ томонидан 44,9 миллиард киловатт-соат электр энергияси ҳудудларга етказиб берилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,1 миллиард киловатт-соатга кўпдир. Шунингдек, жорий йилнинг 10 ойида ҳудудлардаги 3124 километр электр узатиш тармоқлари ва мингдан ортиқ трансформатор пункти модернизация ва реконструкция қилинди. Бу ўтган йилда амалга оширилган ишларга нисбатан 5,7 баробар кўп.

Республика ишчи гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган тармоқ жадвалларига асосан ҳудудларда 406 километр электр узатиш тармоғи ва 380 та трансформатор пунктини янгидан қуриш ва реконструкция қилиш белгиланган. Бугунги кунда ҳудудий электр тармоқлари корхоналари томонидан 336,6 километр узунликда электр узатиш тармоғи ва 311 та трансформатор пунктида модернизация ва реконструкция ишлари бажарилди.

Куз-қиш мавсумида юзага келган носозликларни бартараф этиш мақсадида мамлакатимизда 324 та аварияни бартараф этиш бригадаси ташкил этилиб, улар замонавий алоқа воситалари ва 315 та махсус автомашина билан таъминланди.

– "Ўзбекэнерго" акциядорлик жамиятида бир қатор янги технологиялар жорий этилди, – дейди “Ўзбекэнерго” АЖ электр станцияларидан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи Лутфулла Нуруллаев. – Жумладан, 2016 йилнинг октябрь ойида "Талимаржон ИЭС" унитар корхонасида ишлаб чиқариш қуввати 450 мегаватт бўлган биринчи буғ-газ қурилмаси ва 2017 йил февралда худди шундай қувватли буғ-газ қурилмаси тўлиқ ишга туширилди. Буғ-газ қурилмаларининг тўлиқ ишлаши йилига қўшимча 7 миллиард киловатт-соатдан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятини беради. Ҳозирги кунда станциянинг ўрнатилган қуввати 1700 мВА ва бу қувват орқали йилига станция бўйича 12,5 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқаришга эришилмоқда.

2017-2018 йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини ўз вақтида бажариш мақсадида йиллик таъмир жадвали бўйича 14 та энергоблок, 15 та қозон агрегати, 3 та турбоагрегатни мукаммал таъмирлаш кўзда тутилган эди. Бугунги кунда бу борадаги барча ишлар якунига етказилди.

Бундай чора-тадбирлар туфайли аҳоли узлуксиз электр энергияси билан таъминланиб, корхона-ташкилотларнинг қиш мавсумида барқарор фаолият кўрсатишига замин яратилаётир.

Матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига мутахассислар жавоб қайтарди.

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+1° пасмурно
Валюта курси
rightuz