Му5
48

ЎЗБЕКИСТОНДА МДҲДА ЯГОНА БЎЛГАН ЯНГИ ЗАВОД БАРПО ЭТИЛАДИ

ИҚТИСОДИЁТ 05.12.2017, 13:16
2915
ЎЗБЕКИСТОНДА МДҲДА ЯГОНА БЎЛГАН ЯНГИ ЗАВОД БАРПО ЭТИЛАДИ

«Ўзиккиламчиранглиметалл» АЖ матбуот хизматининг хабар беришича, завод дунёнинг саноат аккумуляторлари бозорида етакчилардан бири бўлади. Ишлаб чиқаришнинг барча босқичларини ўз ичига олган мазкур лойиҳа МДҲда ягона саналади.

Завод Unicor Co. Ltd (KOREA) Жанубий Корея ишлаб чиқарувчиларининг юқори технологик ускуналари билан жиҳозланади. Бугунги кунда кореялик ҳамкорлар билан ҳамкорлик қилиш иқтисодиётимизнинг асосий йўналишларидан бири саналади. Бунга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ушбу мамлакатга амалга оширган давлат ташрифи ҳам яққол мисол бўлади олади. Ташриф доирасида кореялик ҳамкорлар билан иқтисодиёт, энергетика, молия, инвестиция, юқори технологиялар, ўзаро товар айланмаси ҳажмини ошириш, вазирлик ва идоралар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш соҳаларида истиқболдаги режалар кўриб чиқилди.

Мазкур лойиҳа ҳукумат қарори билан амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори билан “Ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизациялаш ва диверсификациялаш чора- тадбирлари” Дастури ишлаб чиқилди ҳамда унинг доирасида «Ўзиккиламчиранглиметалл» АЖга Саноат аккумуляторларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш топширилди.

Лойиҳа самараси ўлароқ муқобил энергия, уяли алоқа, мудофаа тизимида янги ва замонавий технологиялар жорий этилиб, заҳира қувват манбалари оширилади.

Бугун дунёнинг иқтисодий тараққий этган ва ривожланиб бораётган мамлакатларида углеводород хомашёсининг жаҳон миқёсидаги захиралари камайиб бораётган шароитда иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши ва рақобатбардошлигини оширишнинг энг муҳим омили сифатида муқобил энергия манбаларидан амалда фойдаланиш бўйича ишланмалар жадал суръатлар билан олиб борилмоқда.

Ўзбекистонда муқобил энергия манбаларидан, энг аввало қуёш энергиясидан фойдаланиш соҳасида илмий ва экспериментал тадқиқотлар олиб бориш борасида салмоқли тажриба тўпланган бўлиб, улар юзасидан бир қанча ўн йиллар мобайнида ишланмалар олиб борилмоқда.

«Ўзиккиламчиранглиметалл»да саноат аккумуляторлари ишлаб чиқарилишининг йўлга қўйилиши ушбу соҳада муҳим аҳамият касб этади.

Янги заводнинг қурилиши бир томондан саноат аккумуляторларига бўлган мамлакатимиздаги талабни қондирса, иккинчи томондан унинг экспортга етказиб берилишини таъминлайди, — дейди лойиҳа менежери Беҳзод Юнусов.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ҳудудида 2018 йилнинг ўрталарида саноат соҳасида муҳим аҳамият касб этадиган замонавий йирик корхона барпо этилади.

Шарҳлар