Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қаҳрамон Қуранбаев фейсбукдаги расмий саҳифасида бу ҳақда маълум қилди. Маълум қилинишича, вилоят идоралараро кенгаши йиғилишида ёшлар фаолиятига масъул раҳбарлар натижаси сарҳисоб қилинган.
Ёшлар масалалари бўйича Навоий вилоят идоралараро кенгашининг навбатдаги йиғилишини вилоят ҳокими, идоралараро кенгаши раиси Кобул Турсунов олиб борди.
Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш соҳасида ҳокимликлар, Ички ишлар органлари, Ёшлар иттифоқи, маҳаллалар ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини ўрганиш якунлари бўйича ҳудудларда ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш юзасидан манзилли чоралар белгилаш йўлга қўйилмаганлиги сабабли Навоий, Зарафшон шаҳарларида Кармана, Навбаҳор, Қизилтепа туманларида содир этилган жиноятлар таҳлил қилинди ва кўпайганлиги танқид остига олинди.
Барча туманларда узоқ муддатга чет элга чиқиб кетганлар тўғрисида маълумотлар базаси шакллантирилган бўлсада, мигрант ёшлар категорияси алоҳида ажратилмаган, улар билан индивидуал ишлаш бўйича тизимли ишлар олиб бориш оқсоқланиб бораётганлиги, чет элдан қайтган ҳамда жазони ижро этиш муассасаларидан қайтиб келган ёшлар билан якка тартибда суҳбатлар олиб борилиб, амалий натижага эришилмаган, уларнинг бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар талаб даражасида эмаслиги таъкидлаб ўтилди.
Давомат-таълим самарадорлиги ва сифатининг асосидир. Лекин бу борада ҳам вилоятда давоматнинг 91% эканлиги ачинарлидир.
Барча ҳокимлар жойларда ҳар ойда ёшлар вакиллари билан учрашиб, очиқ мулоқотларни ташкил этиш, ёшларнинг таклиф ва муамммоларини адолатли ҳал қилиш борасида тизимли ишлар олиб борилишига алоҳида эътибор бериш лозимлиги шарт қилиб қўйилди.