Ёшлар иттифоқи кафиллиги остида яна бир ёш жазодан озод этилди!
Соатбек Сойибжонов Андижон вилояти, Балиқчи тумани, Ўртақўрғон маҳалласи, Улуғбек кўчаси 2-уйда истиқомат қилади. 1993 йил 22 февралда туғилган. Сойибжонов Соатбек 2014 йилдан 2016 йилга қадар Балиқчи туман “Улуғбек” шахобчасида омбор ҳисобчиси вазифасида ишлаган.
Жорий йилнинг ноябрь ойида унга нисбатан “Улуғбек” шаҳобчаси омборидан камомат аниқланганлиги боис, Жиноят кодексини 167-моддаси билан ҳужжатларни сохталаштириш айби қўйилган ва жиноят иши қўзғатилган.
Ушбу жиноят ишида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Балиқчи туман Кенгаши Жиноят ишлари бўйича Балиқчи туман судига мурожаат қилиб, суд жараёнида иштирок этишни сўради. Мурожаат қондирилди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Балиқчи туман Кенгашининг тавсиясига, амалдаги қонунларга таянган ҳолда, Ёшлар иттифоқининг кафиллиги остида Жиноят ишлари бўйича Балиқчи туман суди Соатбек Сойибжоновга енгиллаштирилган интизомий жазо чорасини қўллади.
— Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳозирги кунда ёшларнинг дарди, ғам - қайғулари ва муаммоларини ҳал етишга қодир ташкилот эканлигига яна бир бор амин бўлдим. — Хатоларимни тузатаман. Ишончни оқлайман. Президентимизга минг раҳмат. Энди фақат ҳалол ишлаб, ҳалол яшайман, — деди Соатбек Сойибжонов.
Ёшлар иттифоқи кафиллиги остида Республика бўйлаб 100 лаб ёшлар муқаррар жазодан озод этилмоқда.