my5

​ДАВЛАТ СИЁСАТИГА ХИЁНАТ ҚИЛГАНЛАР ФОШ ЭТИЛДИ

ИҚТИСОДИЁТ 15.12.2017, 09:36
3413
​ДАВЛАТ СИЁСАТИГА ХИЁНАТ ҚИЛГАНЛАР ФОШ ЭТИЛДИ

Давлатимиз раҳбарининг «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янги босқичга кўтарди.

Хусусан, Фармонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг аралашувини тубдан қисқартиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналиши ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси этиб белгиланган.

Фармон билан белгиланган муҳим йўналишлардан бири ноқонуний текширишлар ўтказилишини олдини олиш, айниқса, давлат органлари ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари оқибатида тадбиркорлик субектларининг фаолияти асоссиз тўхтатилишига ва зарар етказилишига йўл қўймасликдир. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизмати ўтган давр давомида бу вазифалар амалда қандай ўз ифодасини топганини маълум қилди.

Хабарда қайд этилишича, таҳлил натижалари тадбиркорлик субъектларини назорат қилиш ваколатига эга бўлган айрим вазирлик ва идораларда текширишларни тартибга солишга доир қонунчилик талаблари ходимларга етказилмаганлиги ва бу борада талаб даражасида назорат ўрнатилмаганлиги натижасида ноқонуний текширишларга йўл қўйилаётганлигини кўрсатган.

Маълум бўлишича, жорий йилда ўтказилган ўрганишлар натижаларига кўра, аниқланган ноқонуний текширишларга йўл қўйилишида айбдор бўлган раҳбар ва мансабдор шахсларнинг интизомий жавобгарлигини кўриб чиқиш тўғрисида тегишли вазирлик ва идораларга 17 та тақдимнома киритилган.

Хусусан, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги назорат органларига 5 та, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги назорат органларига 3 та, Ички ишлар вазирлиги, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда «Ергеодезкадастр» давлат қўмиталарига 2 тадан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва «Автодарётранс» агентлигига 1 тадан тақдимномалар киритилди.

Ушбу тақдимномалар тегишли вазирлик ва идоралар томонидан кўриб чиқилиб, ноқонуний текширишларга йўл қўйганлиги учун 7 нафар раҳбар ва мансабдор шахслар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинди, 14 нафар мансабдор шахс эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, 7 нафарига «ҳайфсан» ёки «танбеҳ» интизомий жазо чоралари қўлланилди, 8 нафар ходим ўртача ойлик иш ҳақининг 20-50 фоизигача жаримага тортилди.

Хусусан, 2017 йил июн-июл ойларида 18 та тадбиркорлик субектларида Кенгаш билан келишилмаган ҳолда ноқонуний текшириш ўтказганлиги учун «Ўзавтодарётранс» агентлигининг 2017 йил 14 ноябрдаги 132-ш-сонли буйруғига асосан агентликнинг Фарғона вилояти бўлинмаси шўъба мудири Х.Турсунов билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.

Андижон туманидаги «Мухтор» фермер хўжалигида 2017 йил 9 январда ноқонуний текшириш ўтказганлиги учун «Эргеодезкадастр» давлат қўмитаси Андижон вилоят бошқармасининг 2017 йил 27 октябрдаги 69-сонли буйруғига асосан ушбу туман бўлим бошлиғи Д.Абдурашидов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Шунингдек, ушбу қўмитанинг Бухоро вилояти бошқармаси ҳамда Ромитан туман бўлинмаси ходимлари томонидан 2017 йил 8 июнда «Шавкат Шариф ўғли» деҳқон хўжалигида ноқонуний текшириш ўтказилганлиги учун вилоят бошқармасининг 2017 йил 25 октябрдаги тегишли буйруқлари билан бошқарма мутахассиси Ш.Даминов ва Ромитан тумани бўлинмаси бошлиғи У.Султонов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Сирдарё вилояти Божхона бошқармаси ходимлари томонидан 2017 йил 6 апрелда «Гулистон кино» хусусий корхонасида ноқонуний текшириш ўтказилганлиги ҳолати бўйича вилоят божхона бошқармасининг 2017 йил 29 майдаги 13-ш/т-сонли буйруғига асосан бошқарма ходимлари М.Усмановга «ҳайфсан» ва А.Қурбоновга «танбеҳ» интизомий жазо чоралари қўлланилган.

Шунингдек, Чиноз туман давлат солиқ инспекцияси ходимлари М.Нусратов ва Ж.Муродов томонидан 2017 йил 30 май куни «Inter Media Solution Group» МЧЖ фаолиятида ноқонуний текшириш ўтказилганлиги учун М.Нусратовга нисбатан ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида жарима жазоси қўлланилди ҳамда шўба бошлиғи Ж.Муродов билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.

Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани давлат солиқ инспекцияси томонидан 2017 йил 1 апрел куни якка тартибдаги тадбиркор «Д.Юлдашев» фаолиятида ноқонуний текшириш ўтказилганлиги учун участка давлат солиқ бош инспектори А.Жовлиевга нисбатан «ҳайфсан» интизомий жазо чораси қўлланилиб, ушбу ходимнинг хўжалик юритувчи субъектларда текшириш ўтказиш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномаси бекор қилинди.

Аммо мазкур йўналишдаги назорат шу билан тўхтаб қолмайди. Яъни давлат раҳбари таъкиди билан қайд этсак, “тадбиркорлик фаолиятининг эркинлиги, хусусий мулк дахлсизлигини амалда таъминлаш бундан буён ҳам давлат сиёсатида устувор йўналиш бўлиб қолади”.

Ҳал қилувчи аҳамиятга эга бу соҳани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, унинг олдида пайдо бўладиган тўсиқларни бутунлай олиб ташлаш масаласи доимий эътибор ва назоратда бўлишини эътиборга олсак, давлат раҳбарининг

“Тадбиркор йўлига тўсиқ бўлишни давлат сиёсатига хиёнат, деб қабул қилиш керак”

деган таъкидини ҳар доим ёдда тутиш мақсадга мувофиқ.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+13° облачно с прояснениями
Валюта курси
10315.62
USD 20.29
12210.60
EUR 15.78
136.28
RUB -1.37