Му5
8

ДАВРОН АЛИЖОНОВ: "ЎЗБЕК ДЎППИСИНИ ДУНЁГА ТАНИТМОҚЧИМАН!” ЁХУД 52 ТА ДАВЛАТДА БЎЛГАН САЁҲАТЧИ

МАДАНИЯТ 16.12.2017, 10:19
2772
ДАВРОН АЛИЖОНОВ: "ЎЗБЕК ДЎППИСИНИ ДУНЁГА ТАНИТМОҚЧИМАН!” ЁХУД 52 ТА ДАВЛАТДА БЎЛГАН САЁҲАТЧИ

Инстаграм ижтимоий тармоғидаги саҳифасига ноодатий расмлар жойлаб борадиган саёҳатчи Даврон Алижоновни кўриб, Марк Твеннинг "20 йилдан сўнг қилган ишингиз эмас, бажаролмаганларингиз учун афсусланасиз", деган фикри ёдимга тушди. Саёҳат қилиш истаги билан ёнган Давроннинг бошқа халқлар мада­нияти билан яқиндан танишиш орзуси ушалди. Ҳаво йўллари ташкилотининг ходимига айланиши унинг истаги "йўли"ни яқин қилди...

— Даврон, саёҳат қилишни қачондан бошлагансиз ва бу истакка нима туртки бўлган?

— Саёҳат қилишни талабалик пайтларимда бошлаганман. Япониянинг “Рицумейкан” Осиё ва Тинч океани университети ҳамда Латвиянинг Рига техника университетида ўқиганман. Япония шаҳарларига, Латвияда ўқиган кезларим эса Европа бўйлаб дўстлар даврасида саёҳат қилишни бошлаганман. Саёҳатларимнинг кўпи иш юзасидан. Ташкилот ходими сифатида йирик ҳаво йўллари ташкилотларидан авиачипталарга тўқсон фоизли чегирмаларим бор. Саёҳатларимда бу имкониятларимдан фойдаланаман.

— Умрингизнинг қанча қисми саёҳатда ўтади?

— Aгар бир ойлик вақт оралиғида олсак, тенг ярми уйда — Дубайда, қолгани иш ва саёҳатлар билан ўтади. Дубайдаги “Emirates” авиакомпанияси база шаҳар ҳисобланади. Бу ташкилот барча ходимларни яшаш жойи билан таъминлайди. Шу боис Дубайда яшайман, ота-онам эса Андижонда.

— Ватан, яқинлардан узоқда юрганингизда соғинч ҳиссини қандай енгасиз?

— Ватан соғинчини енгиш тушунчаси оғриқли масала. Боиси бу ҳис доим устун келади. Ватан остонадан бошланади, дейилади. Айтмоқчиманки, уйга — Андижонга тез-тез бориб туришга интиламан. Саёҳатларимнинг чала қолиб кетишига баъзан Ватан соғинчи – юртга қайтишим сабаб бўлади. Саёҳатлардан толиққан ҳолда келганимда, Ватаннинг бир бурчагига келгандек бўлиш учун Дубайдаги уйимни ўзбекона руҳда безаганман.

— Яқинларингиз саёҳат қилишингизга қандай қарашган?

— Уйимдагилар киноя билан мени “жаҳонгашта ўғлимиз!” деб аташади. Дунё кўрган инсон кўп билимга эга бўлишига ишонишади. Шу боис уйимдагиларнинг саёҳатларимга фикрлари ижобий. Айниқса, турли давлатлардан совғалар олиб борсам, хурсанд бўлишади (кулади).

— Ижтимоий тармоқларда “teazeal” саҳифасини оммалаштириш фикри қачон уйғонди?

—Саёҳатларим аввалида уйдагилар, дўстларим учунгина эсдалик расмлар суратга олганман. Оммалашиб кетади, деб ўйламагандим. Лойиҳага “teazeal” дея ном беришим сабаби, бу — чойга бўлган иштиёқим. Биз ўзбекларда бу бевосита пиёла билан боғлиқ. Tea – чой, zeal – ғайрат. “Teazeal” сўзини эса иккита бир-бирига алоқаси йўқ сўзларни бирлаштирган ҳолда ясадим. Дўппи кийиб юришни эса ёқтираман. Шунинг учун бу янгилик бўлмади. Aраб кандураси, Япон кимоноси ё Синхлар бош кийими турбанни кўрганда, одамлар уларнинг қаерданлигини дарров билади. Дўппи ҳақида эса дунё халқлари етарлича маълумотга эга эмас. Агар дунё бўйлаб дўппи кийиб юрсам, атрофдагилар у ҳақда сўрашади ва мен уларга дўппи ўзбекнинг бош кийими экани, безак­лари ҳақида сўзлаб бераман. Қисқа вақт ичида расмларимни бошқа одамларнинг саҳифаларида кўра бошладим. Демак, улар буни ижобий қабул қилди. Бундан руҳланган ҳолда лойиҳага эътиборимни кучайтирдим.

— Пиёла ва дўппи расмларингизнинг асосий элементи сифатида танланган. Нега айнан пиёла ва дўппи?

— Дўппи кимлигимни кўрсатиб туради. Ёшлар орасида саёҳатга қизиққанлар кўп, лекин дўппи кийиб юришни эскилик, деб қабул қиладиганлар ҳам йўқ эмас. Дўппи бу — урф эмас, балки миллий бош кийим ва ёшлар ундан фойдаланиши кераклигини шу саёҳат услубим билан уларнинг ҳаёт тарзига олиб кириш учун танлаганман.

— Саёҳатлар сизга нима беради?

— Ўша давлатда яшовчи аҳолининг турмуш тарзи, маданияти, урф-одатлари ҳақида тушунчалар беради. Китоб­ларда ўқиган билимларим билан кўрганларимни солиштириш, уларнинг асл маъноларини тушунишга ёрдам беради. Бу орқали эса дунёқарашимни кенгайтираман.

— Наҳот худди “Бобурнома”дек китоб ёзиш истаги туғилмаган бўлса?

— Ҳозирча саёҳатларим ҳақида блог ёзиб боряпман ва “you tube” орқали одамларга бўлишяпман. Китоб ёзиш фикри ҳам туғилган, албатта. Келажакда бу фикрни балки амалда бажарарман?!

— Энг ёдда қолган саёҳатингиз қайси?

— 52 та давлат бир-биридан гўзал. Лекин энг афзали — бувим ва синглим ҳамроҳлигида Самарқандга уюштирган саёҳатимиз! Имом ал-Бухорий мажмуаси ва Биринчи Президентимизнинг хонадонларида бўлганимизда кўзим ёшланган... Саёҳат давомида Темурийлар тарихига оид маълумотларни “instagram” ҳикоялари орқали обуначиларимга кўрсатганман. Чет давлатлар орасида энг севимлиси — Туркия. Бу давлатга бўлажак турмуш ўртоғим билан борганман. Айтишларича, Истанбулдаги “Галата” биноси ёнида расмга тушган жуфтлик бутун умр ажралмас экан.

— Сувда, сув тубида, тоғ чўққисида расмга тушасиз, қўрқув бўлмайдими? Ноодатий расмлар учун алоҳида фотограф ёллаганмисиз?

— Ишонинг, бу расмлар сабаб уйдагилардан кўп танбеҳ эшитаман. Лекин қўрқув ҳисси йўқ. Яқин орада акулалар қуршовидаги расмларни ҳавола қилмоқчиман (кулади). Бундай ноодатий расмларни­ суратга олиш учун махсус одамлар: фотограф, саёҳат блогерлари ё саёҳлик ташкилотидан ёлланган ҳам­роҳ­лар ёрдами керак бўлади. Одатда эса расмларим муаллифи ўзим. Масофадан бошқариладиган ускунадан фойдаланаман. Агар бўлажак турмуш ўртоғим ёнимда бўлса, фотографлик вазифасини аъло даражада уддалайди.

— Борадиган давлатларингизни нима асосида танлайсиз?

— Машҳур масканлар асосида танлайман. Ҳар хилликни яхши кўрганим сабаб, бир гал Осиё мамлакатларини танласам, навбатдаги манзилим Европада бўлишни афзал биламан. Бир ой аввал ойлик жадвал берилади. Лекин бу жадвални ўзингизга мослаб олиш имкони бор. Аниқроғи, намунали ходимлар ойлик режаларни ўзи тузади.

— Вақтни қандай тақсимлайсиз?

— Бу саёҳатдан анча аввал режалаштиришдан­ бошланади. Сайёҳлик ташкилотлари билан саёҳатлар анча қулай. Уйқуга камроқ вақт­ ажратаман. Боиси айнан шу уйқудан ажратиб олган­ икки соатни борган давлатимдаги қизиқарли машғулотларга ажратаман.

— Саёҳатингиз қачонгача давом этади?

— Саёҳатларим бевосита ишим билан боғлиқлигини инобатга олсак, ҳали бориб улгурмаган давлатларим кўп. Уларга ўзбекона муҳит бериш ва эвазига лойиҳа мухлисларига хорижий давлатлар ҳақида маълумотлар беришда давом этаман.

Ҳозирча 52 та давлатда бўлган. Кўп давлатларни қисқа вақт ичида етарлича билолмагани учун бир неча бор қайта борган.


Рус, инглиз, турк тилларини билади. Япон ва латиш тилларидан ҳам хабардор.

Cадоқат АЛЛАБЕРГАНОВА суҳбатлашди.

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+8° туман
Валюта курси
9526.28
USD -2.21
10329.35
EUR 10
148.82
RUB -1.25
rightuz