my5

ГАЛИНА МЕЛЬНИКОВА: "АҚЛИЙ КАМОЛОТГА ЭРИШГАН ОДАМ КАМТАР БЎЛАДИ"

МАДАНИЯТ 16.12.2017, 10:47
2539
ГАЛИНА МЕЛЬНИКОВА: "АҚЛИЙ КАМОЛОТГА ЭРИШГАН ОДАМ КАМТАР БЎЛАДИ"

Галдаги суҳбатдошимиз хусусида сўз борганда “Ҳақиқий мутахассис бу — доимий ўқувчи”, деган фикр ёдга тушаверади. Умрини касбига бағишлаган, “Буюк хизматлари учун” ордени, “Олтин қалам” миллий мукофоти, Россиянинг “Пушкин” медали соҳибаси, олий тоифали диктор, Ўзбекистон халқ артисти Галина МЕЛЬНИКОВА билан бўлган суҳбат фикримизни тасдиқласа, ажабмас...

— Президентимиз ўтган йили 80 ёшни қаршилаганингиз муносабати билан 23 декабрда "Ўзбекистон халқ артисти" фахрий унвонини бериш тўғрисидаги фармонни имзолаганди. Бу йил эса Россия ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш борасидаги самарали фаолиятингиз учун РФ президенти Владимир Путин сизни “Дружба” ордени билан тақдирлади. Чин қалбдан муборакбод этамиз!

— Ташаккур! Очиғи, ўтган йили ҳам, бу йил ҳам мукофотланишим кутилмаган воқеа бўлди. Боиси нафақага чиққанман, қолаверса, сира мукофот кутиб яшаган одам эмасман. Бироқ ҳали ҳам талабгир эканлигим хурсанд қилади ва бу доим янгиликлар марказида бўлишга ундайди. Масалан, бу йил июлда Новосибирскда ўтган Аёллар конгрессида Ўзбекистон номидан иштирок этдим. Делегация аъзоси сифатида туризм ҳақида нутқ сўзладим, тайёрлаб борган видеолавҳаларимни тақдим этдим. Чиқишим турли давлатлардан келган вакилларда қизиқиш ва илиқ таассурот уйғотди. Сўнг буюк давлат арбоби Шароф Рашидовнинг 100 йиллиги муносабати билан Қарши ва Бухорода ўтган тадбирни олиб боришга таклиф этишди. Юртимизнинг келажаги учун ҳисса қўшган шахсларга эътибор қаратаётгани учун Президентимизга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Қолаверса, йил давомида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, Ўзбекистондаги Рус православ черкови ва кўплаб ташкилотларнинг тадбирларини ўтказаман. “Дийдор” театр студияси талабаларининг рус тилиси билан шуғулланаман. Университет талабалари билан учрашувларга чақиришади. Қисқаси, ҳаётим қизиқарли шахслар, ёшлар билан учрашувлар ичида кечади. Аслида ҳам доим атрофдагиларга фойдали инсон бўлишга интилганман, бусиз менга ҳаёт мазмунсиз.

— “Меҳржон" хайрия фонди Васийлик кенгашининг ҳам аъзосисиз. Бу йўналишдаги фаолиятингиз нималарни ўз ичига олади?

— Етим болаларни замонавий ҳаёт билан ҳамоҳанг қилишни асосий мақсад қилиб олганмиз. Ҳар бир болалар уйи­да мусиқа, рақсдан дарс берилишини йўлга қўйдик, ҳатто фестиваллар ҳам ўтказганмиз. Париждан Пьер Ришар, Консуэло де Авиланд, Мишель Мерсье ва деярли барча россиялик санъат­корлар ташриф буюрган. Ёдимда, Пьер Ришар саҳнага чиқиб, “Дунёнинг ҳеч бир бурчагида бундай эътиборни кўр­маган­ман”, деганди. 2004 йил Бесланда содир бўлган теракт­дан сўнг гуманитар ёрдам билан борганмиз. 338 та ўқувчи ҳалок бўлган мактаб ва уларнинг қабрини зиёрат қилганмиз. Бу ҳалокат ҳақида “Кулфатнинг бегонаси бўлмайди” номли кўрсатув ҳам тайёрлагандим. У вақтларда ҳомийимиз бор эди. Ҳомий ҳатто россиялик теннисчи Марат Сафин ва бошқа кўплаб спортчилар билан учрашув ташкил қиларди. Машҳурлар “Меҳрибонлик уй”ларига моддий ёрдам ҳам кўрсатишган. Етим болаларни уч йил кетма-кет Қора денгиз соҳилидаги Анапа курорт шаҳрига ҳам олиб боргандик. Ҳозир Васийлик кенгашимизда уч киши қолганмиз, ҳомий йўқ. Шунга қарамай, таслим бўлмасликка ҳаракат қиляпмиз. Айни дамда “Рояль палас” ресторани байрамона дастурхон ва “Туркистон” саройи бепул ижара билан таъминлаяпти.

— Тиббиёт институтида таҳсил олгансиз. Бироқ йиллар ўтиб, меҳнатсеварлигингиз ортидан телевидениенинг "юзи"га айландингиз. Бу йўлда қандай қийинчиликларни бошдан кечиришга тўғри келган?

— Омадли тасодиф сабаб бу соҳага қадам қўйганман. Тиббиёт институтида аъло баҳоларга ўқирдим. Ниятим, педиатр бўлиш эди. Ноябрь ойида бир имтиҳонни топшириб, ҳозирги Тошкент тиббиёт академиясининг йўлагида дугоналарим билан сайр қилаётгандик. Шу вақт иккита телевидение режиссёри ёнимга келиб, телевидениенинг танловида қатнашишга таклиф қилган. Шунда “нима у телевидение?” деб ҳам сўрагандим, билмасдим-да. 1956 йил телевидение Москвада бўларди. Дугоналарим мени танловда қатнашишга кўндиришган. Омад кулиб, танловдан ўтганман. 6 ноябрда телевидение очилган бўлса, 26 декабрдан расман шу даргоҳнинг ходимига айланганман. Эрталаб институтга борар, соат учда бўшаб, ишга югурардим. Уйга эса ярим тунда қайтардим. Боиси кечки дастурни олиб борар ва "Спокойной ночи, дорогие товарищи", дея хайрлашардим. Бир йилдан сўнг раҳбарият ўқишимни ўзгартириш талабини қўйган. Тиббиёт институтини учинчи босқичдан тўхтатиб, ўша вақтдаги Чет тиллари педагогика институтининг инглиз тили факультетида таҳсил олганман. Афсуски, у вақтларда раҳбарият айтганидек, инглиз тилида кўрсатув олиб борилмади. Дикторликни “каска” ва совутсиз, хато қилишга ҳаққи йўқ аскарга ўхшатаман. Боиси доим экстремал вазият бўлади, қачон, қаерда, қандай кўрсатувни олиб боришингни, кимдан интервью олишингни аввалдан билмайсан. Масалан, уч йил Москвадаги Ўзбекистон маданияти ва адабиёти кунларини ўтказганман. Бу концертлар Кремлнинг Конгресс саройида, иттифоқчилар уйининг катта зали ва Звёздный шаҳарчасида ўтган. Бирортасида ҳеч ким менга ёрдам бермаган, ўзим матн ёзиб, тайёрланиб, саҳнага чиқардим, интервьюлар олардим. Жуда ҳам меҳнаткашлигим боис бу қийинчиликлар фақатгина “мактаб” вазифасини ўтаган. Болаликдан ҳамма ишим аъло даражада бўлишига одатланганман. Мактабда уч баҳо олмаслик учун тонгги соат 06:00да уйғониб, дарсларимни такрорлардим (кулади). Шу ёшгача тинимсиз ўз устимда ишлашдан тўхтаган эмасман. Ҳозирги ёшимда ярим куним бўш, лекин ҳамма газеталарни ўқиб, янгиликлар билан танишаман, сиёсий дастурларни қолдирмай кўраман. Гоҳида “фалон фильмдаги фалон артистни биласизми?” деб сўраб қолишади. Ишонасизми, шу ёшимгача фильм, сериал кўрган эмасман, чунки вақтим бўлмаган. Ишимиз тонгдан то ярим тунгача давом этган. Ҳозир ҳам фильм, сериал кўргандан кўра, Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театри, Ўзбекистон Давлат консерваториясидаги Ўзбекистон Миллий симфоник оркестрининг концертига тушаман.

Ўттиз беш ёшимда мени Москва­га ишга таклиф қилишган, уй-жой қилиб беришларини айтишган, рад этганман. Боиси ватаним — Ўзбекистон!

Яқинда нотаниш аёл табриклаб, машинам бор ё йўқлигини сўраб қолди. Метрода юришимни айтсам, ҳайратланди. Ўша вақтларда шу қадар талабгир бўлганимдан ҳатто кўп фарзандли бўлишга рухсат тегмаган. Биттагина ўғлим бор, ҳозир Москвада.

— У вақтларда доим жонли эфир бўлган. Демакки, дикторларнинг хатога йўл қўйишга ҳаққи бўлмаган. Ҳозирги техниканинг ривожи ёшларни дангаса қилиб қўймадими?

— Шубҳасиз! Ҳозир кўпчилик ёшлар тайёр матнни “суфлёр”дан ўқиб беради. Очиғи, нима деяётганини тушунмайман. Чунки сўзларни тўғри талаффуз қилмайди, ҳатто нима ўқиётганини тушунмайди. Шахсан ўзим матн ўқиганимда ҳар бирини қалбимдан ҳис қилиб, ақлан фикрлаганман, шунчаки овозга урғу бермаганман. Ҳар бир сўзим учун жавоб берганман. Борди-ю “Ахборот” дастурида ўқишим учун тайёр матн берадиган бўлишса, ўзимни хатога йўл қўймайдиган энг охирги назоратчи, деб билардим. Қўлимга берилган матнни борича ўқиганимда, телевидениенинг анчагина ходими ишдан бўшаши мумкин бўлган вақтлар ҳам бўлган...

— Матнларни ўзингиз ёзишингизни айтдингиз, кўпчилик бошловчилар қалам тебратишни билмайди, ҳатто...

— Ҳақсиз, бу – фожиа. Ҳатто тайёр матнни ўзиники қилиб ололмайди.

— Ҳар томонлама талабга жавоб берадиган диктор қандай бўлиши керак?

— Саводхон! 11 йилик таълим тизимини қайтарганликлари учун Президентимизга раҳмат. “Дийдор” театр талабалари билан суҳбатлашсам, аниқ фанлар йўналишидаги лицей, коллежни тамомлаган-у, бироқ санъаткор бўлиш истагини билдиради. Сабабини сўрасангиз, “уйимга яқин бўлгани учун ўқиганман-да”, дейди. “Ўқитиладиган фанлар менга керак бўлмайди”, деган фикр билан диплом учунгина йилларни беҳуда ўтказган. Ваҳоланки, бу йўқотилган уч йил ва саводсизлик, дегани. Энг ёмони — битта авлодни йўқотиб қўйиш.

— Бугунги кунда дикторлар “мактаби” йўқолиб кетган...

— Мутлақо ҳақсиз! Ўша “мактаб”да шаклланган саноқли дикторларгина ишлаяпти. Вақт ўтиб, бу “мактаб” вакиллари кераксиз бўлиб қолди. Масалан, катта тажрибага эга Дилором Умарова 50 ёшга тўлганида хайрлашишди. Ўрнига ёш қизлар келди, улар ўзига оро бериб, янги кўйлак кийишдан бошқасини билмайди. Аслида дикторлик касби стрессга бой, тиғиз иш кунидан иборат. Шу омил сабаб, ҳатто 54 ёшида тажрибали диктор Абдумўмин Ўтбосаров Янги йил табригини ўқиш вақтида вафот этди. Бугунги кунда профессионаллардан Шуҳрат Қаюмов, Дилдора Рустамова, Сурайё Эрматовагина фаолият юритяпти, холос.

— Ўзингиз таъкидлаганингиздек, телевидениеда саноқлигина профессионал дикторлар қолган. Ўрнингизга ўриндош шогирд борми?

— Афсуски йўқ. Тинимсиз маҳорат дарслари ҳақида гапиришади. Бир гал ташкил қилинган маҳорат дарсига бордим, бироқ йиғилган ёшлар мутлақо бефарқ эди. Нигоҳларидан “қачон сўзини тугатар экан?” деган саволнигина ўқирдим...

— Билишимча, бошловчини эфирга чиқаришдан аввал қатор танловлар ўтказилган. Синов муддати берилган, йиллаб маошсиз ишлашган. Бу синов интилиш ва меҳнатдан тўхтамасликка замин бўлган. Ҳозир ҳам шундай танловлар ўтказила­дими?

— Тўғри таъриф бердингиз. Бироқ ҳозир тўғридан-тўғри танловларсиз ишга қабул қилишади. Кўпчилик ёшларга нега бу соҳани танлагани ҳақида савол берсам, ер чизади. “Тўйларда бошловчилик қилиш учунми?” десам, тасдиқ жавобини оламан.

— Дикторлик “мактаб”ини очиш истагингиз бўлмаганми?

— Вақт қаёқда дейсиз, ҳозиргача талабгирман. Бир кун дам олсам-у, ҳеч кимнинг олдида мажбуриятим бўлмаса, дейман.

— Бот-бот таъкидланганидек, телевидение­даги иш жуда жиддий ва масъулиятли. Хато қилиш, бетоб бўлишга ҳаққингиз йўқ, сизлар учун ёмон об-ҳаво бўлмайди. Қандай уддалагансиз? Ҳозирги ёшлар-чи, эплай оляптими?

— Бир куни авиация заводи ходимлари ҳақида кўрсатув тайёрлаш вазифаси юклатилган. Концерт залида улар билан жонли эфир берилиши керак эди. Кутилмаганда ҳароратим ўттиз тўққизга кўтарилди, бироқ саҳнага чиққанман. Лекин сира эфир ё саҳнада “шпаргалка”, блокнот билан турган эмасмиз, барини хотирага жойлардик. Тасаввур қиляпсизми, заводнинг ҳар бир ходими ҳақида тўлиқ маълумотни ёддан гапирганман. Бу оғир масъулият ҳиссининг бадали ақлий зўриқиш билан якунланган. Натижада бир неча йиллар даволанганман. Бугунги ёшларда эса ёмон об-ҳаво бор, бетоб бўлишга ҳуқуқ ҳам. Хатоларини эса бешта дубль билан тўғирлашади. Техниканинг ривожи сабаб зўриқишдан холи бўлишган. Бошқа тарафдан масъулият ҳиссининг йўқолишига сабаб бўляпти.

— Санъаткорлар ҳақидаги миш-мишлар одатий ҳолга айланган. Бу жараён дикторларда қандай?

— Бир хил (кулади). 1958 йил ўғлимга ҳомиладор бўлганимда, “Безорилар Мельникованинг танасини бўлакларга бўлиб, қопга солиб, анҳорга ташлашибди”, деган миш-миш тарқалган. Трамвайда кетаётсам, бир аёл “қандай кўмишаётганини ўзим кўрдим”, дея шеригига айтиб бериб, ачиниб, шу мавзуни муҳокама қилишяпти. Мени кўриб қолиб, шовқин кўтарилмасин, дея яшириниб олгандим. Мухлислардан келаётган хатларнинг охири кўринмаган. Шунда туғруқ таътилида бўлишимга қарамай, раҳбарият ишга чақирган ва йирик планда эфир олиб борганман.

— Дикторлар учун энг асосий “дори” ва “стимул”?

— Юқори даражадаги масъулият ва ўз ишига бўлган муҳаббат! Олишдан кўра, беришни яхши кўраман. Шу боис атрофдагиларга нафим тегса, мендан бахтли одам йўқ. Японларда “етилган гуруч ерга, хоми қуёшга тик боқади”, деган ибратли ибора бор экан. Одам ақлий камолотга эришса соддалашиб, камтар бўлиб боради. Аксинча ҳолатда эса ҳар ерда ўзини кўрсатишга интилаверади. Хулоса ҳар кимнинг ўзида!

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА суҳбатлашди

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+12° переменная облачность
Валюта курси
10321.21
USD 5.59
12003.57
EUR -207.03
132.07
RUB -4.21