Му5
8

МУҲАММАДДИЁР ИСЛОМОВ: "БАРЧА ЁМОН ВОҚЕАЛАР БЕКОРЧИЛИКДАН" ЁХУД 4 ТА ТИЛДА СЎЗЛАША ОЛАДИГАН ФИЛИППИНДАГИ ЎЗБЕКИСТОНЛИК ЭНГ ЁШ РАҲБАР

МАДАНИЯТ 16.12.2017, 11:00
4750
МУҲАММАДДИЁР  ИСЛОМОВ: "БАРЧА ЁМОН ВОҚЕАЛАР  БЕКОРЧИЛИКДАН" ЁХУД 4 ТА ТИЛДА СЎЗЛАША ОЛАДИГАН ФИЛИППИНДАГИ ЎЗБЕКИСТОНЛИК ЭНГ ЁШ РАҲБАР

"Бугун бошқалар истамайдиган ишни қил. Шунда эртага бошқаларнинг орзусидаги ҳаётда яшайсан", деган эди америкалик рок мусиқачи ва актёр Жаред Лето. Бежиз бу фикрни ёдга олмадим. Галдаги қаҳрамонимиз Муҳаммаддиёр Исломов айни шу йўлдан бориб, бугун Халқаро сайёҳлик тармоқлари компаниясининг Филиппин давлатидаги филиалида иш бошқарувчи лавозимида меҳнат қиляпти...

— Муҳаммаддиёр, айнан Рига давлат техника университетига ҳужжат топшириб, хорижда таҳсил олиш истагига нима туртки бўлган?

— Мактаб пайтларимданоқ ҳар бир янгиликка қизиқиш билан қараганман ва бу қизиқишларим кўп нарсаларни ўқиб-ўрганишга мажбур қилган. Ҳар доим атрофдагиларга яхши томонлама таъсир ўтказиш менга завқ бағишлаган. 10 ёшлар чамаси эдим, менежер бўлишга қизиқиш уйғонган. Истакларимга эришмагунимча ҳеч қачон ортга чекин­мас ва ҳар қанча қийин­чилик бўлса енгишга тайёр эдим. 9-синфни тамомлаганимда инглиз тилида бемалол гап­лаша олардим. Шунингдек, халқаро даражада иш юритишим учун кўп тилларни билишим зарурлигини англардим. Хонобод шаҳридаги 5-ўрта умумтаълим мактабни тамомлаб, 2008 йил Андижон Давлат университети қошидаги академик лицейга ўқишга кирдим. Ўқишдан бўш вақтимда инглиз тилини янада чуқурроқ ўрганиш мақсадида Андижон вилоятидаги “Edelweiss Progress Center” номли мактабдан ташқари икки йиллик курсда ўқидим. Лицейни тамомлагач, Рига техника университети (РТУ)нинг “Entrepreneurship and Management BCs” факультетига ҳужжат топширдим. Ўзбекистондаги олий ўқув юртларига сира ҳужжат топширмаганман. Боиси дунё даражасида билим олиш вақти келганини англадим ва дунё кўриб, ўз дунёқарашимни кенгайтириб, билимга бўлган чанқоғимни тўл­ди­риш мақсадида 2011 йил Латвия давлатининг Рига шаҳрига жўнаб кетдим.

— Яқинларингиз хорижда таҳсил олиб, ишлашингизга қандай қарашган?

— Ёлғиз ўғил бўлганим боис оила-аъзо­ла­рим чет элга чи­қи­шим­га қаршилик қилган. Ҳеч бир ишни ярим йўлда қолдирмаганим боис уйдагиларни бир амаллаб кўндирдим.

— Мусофирчилик осон эмас, сизда бу жараён қандай кечди?

— Мусофирчилик қийин бўлади, дейиш­ганди. Лекин бу қадар мушкул бўлиши хаёлимга келмаганди. 18 ёшли талаба яқин­ла­ридан йироқда кундузи ўқиш, кечки пайт иш ва бундан ҳам бўш вақтида кутубхона ва спорт залига доимий қатнар эди. Балки шулар “стресс”ни енгишга ёрдам бергандир?

— Бўш вақт тушунчаси сизга қанчалик яқин ё бегона?

— Дунёда бўлаётган барча ёмон воқеалар — бўш вақт натижаси! Болалигимда онам бир соат ҳам бўш қўймасди. Ҳар хил тўгаракларга борардим ёки онамнинг ўзи эринмай мен билан шуғулланарди. Бўш вақтни қандай ўтказиш, бу — келажакда қандай одам бўлиб етишишни анг­латади. Ҳатто ҳозир бўш вақтим бўлганида кўпроқ китоб ўқиган бўлардим. Янги нарса ўрганиш учун энг яхши вақт, бу — 20 йил олдин эди. Навбатдаги энг яхши пайт, бу — ҲОЗИР!

— Халқаро сай­ёҳ­­­лик тармоқлари ком­­панияси тарихидаги энг ёш раҳбар — иш бошқарувчилик да­ражасига кў­та­рил­­гу­нин­гиз­гача бўлган “йўл”даги “ўнқир-чўн­қир”ларда қоқилган, йиқилган ва яна қад­дин­гиз­ни ростлаган бўлишингиз табиий...

— Албатта, бу манзилга етиб келишнинг ўзи бўлмайди. Юқори марраларни забт этиш учун тинимсиз меҳнат қилиш ва барча эришмоқчи бўлган ниятларингизга алоҳида эътибор керак. Баъзи фанларнинг имтиҳонидан ўтиш учун камида 5-10 тагача китобни ўқиб чиқиш талаб этиларди. Ҳаммасидан қутилиш учун шунчаки воз кечиш кифоя эди. Бироқ бу мен учун бегона бўлган. Ўша онда ўзимга режаларим ҳақида эслатиб, ўзимни шу қийинчилик­ларсиз эриша ол­­­маслигимга ишон­тирардим.

РТУда ҳам ўз ўрнимни топиб ол­дим. Дарсларда фаол қат­на­шиш билан бир қаторда ҳар хил ташки­лотларда ҳам жудаям фаол бўлишга ҳа­ракат қил­ган­ман. “International Evening” номли­ йиллик дастурда ҳар бир талаба ўз юрти ҳақида янгилик ва маълумотлар билан тақдимот ўтказарди. Шу дастурда қатнашиб, кетма-кет 2 йил фахрли 1-ўринни олдим. Бегона юртда яқинларидан узоқда бўлиш жуда қийин. Лекин шу билан бир қаторда бу жигарларингизни кўпроқ қадрлашга ўргатар экан. Латвия жуда чиройли давлат. Лекин “Ўз уйинг — ўлан тўшагинг”, деганларидек, ўндан ортиқ давлатларни кўрган бўлсам-да, ҳеч бири ўз ватанимдан афзал бўлолмайди.

— Ватан, яқинлардан узоқда юрганингизда соғинч ҳиссини қандай енгасиз?

— Дадам тадбиркор, онам рус тили ўқи­тув­чи­си. Ўзига тўқ оиламиз. Лекин бу — дангасалик ҳиссини сингдирмаслиги учун доим ҳаракат қилганман. Шу боис 18 ёшда мустақил бўлиб, хорижда ўқидим ва Американинг Латвиядаги филиали бўлган “International Travel Network” номли авиакомпаниясининг “Sales” бўлимига ишга қабул қилиндим. У ерда 4 йил ўқиш билан бир қаторда “Sales floor travel agent” сифатида жуда яхши кўрсаткичлар билан ишладим ва ўқишни тугатгач, “Sales floor supervisor” лавозимига ишга таклиф қилишди. Бу жуда масъулиятли иш эди. Вазифам компания фойдасини ошириш билан бир қаторда “Sales” агентларга тренинглар ўтказишим бўлган. Энг ёш раҳбар бўлишимга қарамасдан, 2016 йилда раҳбарият томонидан “Энг яхши иш бошқарувчи” деб топилганман. 2017 йилнинг март ойида компаниянинг яна бир янги очилган филиалини бошқаришга таклиф қилиндим. Мен учун бутунлай янги давлат — Филиппинга жўнаб кетдим. Филиппинда иш бошлаганимга 9 ой бўлди.

— Сизга ҳавас кўзи билан қа­райдиган ёшларга шахсий му­ваффақият сирларингиз билан бўлишсангиз...

— Унутманг, мақ­садга эришиш қийин бўл­яп­ти­ми, демак, ўз режаларингизга яна бир қадам яқин­лашяпсиз. Агар бари шу қадар осон бўлганида ҳамма хоҳлаган нарсасига эришган бўларди. Қийинчилик билан эришилгани эса доим қадрли бўлади.

— Хориждаги фаолиятингиз қачон­гача давом этади? На­ҳот Ўзбе­кис­тонга қайтиб, ўз йўна­ли­шин­гиз­даги соҳа риво­жи­га ҳисса қўшишни истамасангиз?

— Насиб бўлса, баҳордан бошлаб, шу пайтга қадар олган билим ва тажрибамни Ўзбекистонни ривожлантиришга қаратаман. Ўзбекистонда айнан сайёҳлик ва ҳаво йўлларини ривожлантириш учун электрон чипта савдосини қайта ишлаб чиқиб, янги иш ўринлари яратмоқчиман.

Cадоқат АЛЛАБЕРГАНОВА суҳбатлашди.

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+8° облачно с прояснениями
Валюта курси
9528.49
USD -10.67
10319.35
EUR -119.35
150.07
RUB 1.3
rightuz