41

“ХИТОЙ ОЛМАСИ”НИНГ ДОРИВОР ХУСУСИЯТЛАРИ

САЛОМАТЛИК 29.12.2017, 11:45
1985
“ХИТОЙ ОЛМАСИ”НИНГ ДОРИВОР ХУСУСИЯТЛАРИ

«Апельсин» сўзи немисчида «хитой олмаси» деган маънони билдиради. Нега энди Хитой олмаси? Чунки бу меванинг ватани Хитой-да! У қачонлардир мандарин билан чатиштириш натижасида ҳосил бўлгани ҳақида тахмин бор.

Апельсин меваси ажойиб десерт ўрнини босиб, иштаҳани яхшилайди. Витаминлар ва биологик фаол моддаларга бойлиги учун гиповитаминоз, жигар, юрак ва томир касалликларининг олдини олиш ҳамда уларни даволашда ишлатилади. Мазкур мева таркибидаги пектинлар ҳазм ишини яхшилаб, йўғон ичакнинг мотор функциясини кучайтиради. Апельсин таркибида лимон кислотаси, қанд, витаминлардан С, В, А мавжуд. Меваси қандолатчиликда ишлатилади; гуллари, барги ҳамда пўстлоғидан эфир мойи олинади.

Наҳорга апельсин ейишқабзиятни даволайди

Ичаклар фаолиятини яхшилаш ҳамда қабзиятнинг олдини олиш учун наҳорга апельсин шарбати ичиш ёки мевасидан бир-иккита ейиш лозим. Кўпдан бери битмаётган жароҳат ва яраларни даволаш, цинга касаллигининг олдини олиш учун ҳам апельсин шарбати ичиш тавсия этилади.

Қуритилган пўстлоғи йўталда фойда

Апельсин шарбати яллиғланишга қарши курашиш хусусиятига эга, қонда тиқинлар пайдо бўлишининг олдини олади. Хитойлик шифокорлар апельсиннинг қуритилган пўстлоғини йўтал ва шамоллашни даволашда ишлатишар экан.

Уй шароитида

Гипертония касаллиги бошланаётган пайт қуйидаги давони қўллаш мумкин: 1 дона апельсинни пўстлоғи билан қирғичдан ўтказиб, кунига 3 маҳал 1 чой қошиқдан истеъмол қилинади. Муолажа муддати – 2-3 ҳафта.

2 дона апельсин ва 2 та лимоннинг уруғи олиб ташланиб, гўштқиймалагичдан ўтказилади. Ҳосил бўлган аралашмага 2 ош қошиқ асал қўшилади. Шиша идишга солиб, хона ҳароратида бир сутка қолдирилади ва кейин совуткичга қўйилади. Кунига 2-3 чой қошиқдан овқатдан ярим соат олдин истеъмол қилинади. Ушбу муолажа бир ой давомида ўтказилади, икки ҳафта танаффусдан кейин яна давом эттириш мумкин, қон томирларни тозалашга яхши ёрдам беради.

Cурункали қабзиятдан қийналадиган кексалар эрталаб наҳорга ёки кечқурун уйқуга ётишдан олдин апельсин шарбати ичганлари маъқул.

Бронхитда (айниқса, ўткир босқичида) нафас олиш осонлашиши учун апельсинли ингаляция қилинади: апельсин пўстлоғи қайнатмаси буғидан ярим соат нафас олиб турилади.

Апельсин пўстлоғи қайнатмаси қўрғошиндан заҳарланишда ёрдам беради: 2 ош қошиқ майдаланган пўстлоқни ярим литр қайноқ сувга солиб, идишнинг оғзини беркитган ҳолда 5 дақиқа қайнатилади ва 20 дақиқа дамлаб қўйилади. Сузиб, ҳар 5 соатда 1 стакандан ичилади. Бунга қўшимча равишда ҳар куни 200 гр нордон апельсин шарбати ичиб турган яхши.

Гўзаллик бахш этувчи восита

Апельсиндан косметика ва парфюмерия соҳасида ҳам фойдаланилади. Қуйида гўзаллик бахш этувчи рецептлар билан таништирамиз.

2 ош қошиқ йогуртга 1 ош қошиқ майдаланган апельсин пўстлоғи, ярим чой қошиқ туз ва ярим чой қошиқ зайтун ёғи қўшасиз. Бу муолажа ёрдамида юз терисини тозалаш мумкин.

Юз терисини витаминлар билан сийламоқчи бўлсангиз, ушбу усулдан фойдаланинг: апельсинни юпқа бўлакларга бўлиб, юзга қўйинг. 15 дақиқадан кейин аввалдан тайёрланган дамлама билан артиб ташланг. Дамлама тайёрлаш учун апельсин пўстлоғи устига қайноқ сув қуйинг, идишни ёпиб, тиндириб қўйинг. Мазкур муожалани ҳар куни бажаринг.

Диққат!

Ошқозон ва ўн икки бармоқ ичак яраси, гастрит, энтерит, колитга чалинган, ошқозон кислоталилига кўп ва аллергияси бор беморлар апельсин истеъмол қилишдан ўзларини тийганлари маъқул.

Севара Нишонова тайёрлади

Комментарии

Тема дня: Фото
Погода: Ташкент
+12° ясно
Курсы валют
9433.34
USD -13.31
10354.03
EUR 21.28
145.75
RUB -0.44
rightuz