my5

БАҲОДИР ЙЎЛДОШЕВ: "ТЕАТР ТАРБИЯЛАМАЙДИ, У ҲАМДАРД БЎЛИШНИ ЎРГАТАДИ"

МАДАНИЯТ 04.01.2018, 12:41
2828
БАҲОДИР ЙЎЛДОШЕВ:  "ТЕАТР ТАРБИЯЛАМАЙДИ,  У ҲАМДАРД БЎЛИШНИ  ЎРГАТАДИ"

Баҳодир Йўлдошев! Бу инсоннинг истеъдоди томошабинни доим ҳайратлантирган. Ўзбек театри деганда кўз ўнгимдан Баҳодир Йўлдошевнинг комедиялари, драмалари ўтаверади. Ўз ишини севадиган, фидойи инсонлар билан суҳбатлашишни хушлаганим учунми, анчадан буён Баҳодир Йўлдошев билан учрашишни орзу қилиб юрардим... Узоқ кутилган учрашув насиб этганда эса нега барча маёқ каби йўл кўрсатиб турадиган бу истеъдод эгаси томон талпинишини тушунгандек бўлдим...

— Cизнинг театрларингизда томошабинга эътибор бўлакча. Ўзбек Давлат драма театрида ҳам саҳна томошабинга яқин бўлган. “Дийдорда эса актёрлар томошабиннинг ёнгинасида туриб роль ижро этишади. Бунинг сабаби нимада?

— Драма театрини Георгий Брим билан бирга қургандик. Ўйлайманки, у саҳна Ўзбекистондаги энг яхши театр саҳналаридан бири. Гап шундаки, ўзбек теат­ри асли бозордан бошлаган — масхарабозлардан, дорбозлардан. Ўзбек, умуман Шарқ театри кўпроқ давра теат­ри бўлиб, томошабин билан мулоқот қилинган. Шунинг учун драма театрида кўпроқ саҳнани томошабин тарафга қаратганмиз. Театр томошабини аслида кам бўлади. Биз 700-800 кишилик заллар қурамиз. Лекин актёр чиқиб гапирганда охирги қатордагилар ҳеч нимани эшитмайди. Шу сабаб бошқа театрларда актёрлар бақириб гапиришга мажбур, чунки томошабинлар эшитмайди-да. Юнонлар ҳам давра театри қурган, лекин уларнинг акустикаси зўр ўйлаб чиқилган. Эътибор беринг, ўша замонда! Кейин актёрлар ниқоб тақиб ўйнашган, бу ниқобларда овозни кучайтириб берадиган ускуна бўлган. “Дийдор”да ҳам актёрлар томошабинга яқин туради ва самимий ўйнайди. Улардан шуни талаб қиламиз, бу ерда кучаниб, бақириб гапириш йўқ. Шу сабаб таъсир кучи ҳам катта.

— 1983 йили академик театрда Пиримқул Қодировнинг "Юлдузли тунлар" романи асосида спектакль саҳналаштиргансиз, Бобур сиймосини саҳнага олиб чиққанингиз учун спектакль тақиқланган. “Дийдорда ушбу асарга яна қўл урдингиз. Ўша даврда айтилмаган гапларингиз қолиб кетгани учунми ёки бошқа сабаби борми?

— У пайтларда тарихимизни камситиб кўрсатишарди, мактабларда ҳам иложи борича кам ўқитиларди. Ўзбек болалари ўз тарихини билмай ўсган. Бобур ким деса, ватанини ташлаб кетган бир қочқин подшо, де­йишарди. Ҳатто Амир Темурни ҳам қанчалик ерга уришган. Лекин шунга қарамасдан мен Ибн Сино, Бобур, Нодирабегим, Берунийлар ҳақида спектакллар қўйганман. Албатта катта қаршиликлар бўлган, лекин қаршиликсиз иш яхши иш бўлмайди. Бу асарга қайта қўл урганимизнинг ҳам ўзига хос сабаб­лари бор. Ҳозирги Бобур образисал мураккаб, ҳатто Миллий театрда қўйилган “Юлдузли тунлар”дан ҳам мураккаброқ. У пайтда Шайбонийхон бир қонхўр сифатида гавдалантирилган бўлса, бунисида Шайбонийхон буткул бошқача. Ўзи Шайбонийхон катта шоир бўлган, бежизга унга "Халифаи Раҳмон" унвони берилмаган. Бу ҳаммага ҳам берилавермайди. У киши Қуръонни жуда яхши билган, мусулмон оламида катта обрўга эга бўлган.

Янги спектаклда Шайбонийхон нима қилиб бўлса-да, Бобурни сақлашга уринади. Қуршовдан чиқариб юборади. Опасига уйланади... Бобур ўша пайтларда ўн олти-ўн етти ёш, қони қизиган йигит бўлган. Лекин Шайбонийхон унинг шахсан ўзига зарар етказишни истамайди. У бошқача йўл тутади. Агар ёш ҳукмдорниўлдирмоқчи бўлса, қўлидан келарди. Бобурнинг қуршовдан соғ-омон чиқиб кетишига имкон яратиб берган одам сифатида гавдаланади бу спектаклда. Ўйлайманки, ҳали Шайбонийхон ҳақида ҳам спектакл­лар бўлади. Регистоннинг орқасида Шайбонийлар дахмаси бўлган, ўша ердаги қабртошларни совет даврида Ленинградга Эрмитажга олиб кетишган. Жуда чиройли қабртош бўлган... Энди замонлар ўзгарди, ҳукуматимиз, президентимиз иложи борича ўша қабр тошни қайтариб олиб келтириб, Шайбонийхон қабрига қўйишади, деб ўйлайман.

Насиб!

— Бу миллатнинг ўз қаҳрамонларига, у қандай бўлишига қарамасдан ҳурмати ҳисобланади.

Бу саволни мендан хафа бўлмасангиз, бераман.

— Шунча кутдингиз, энди истаган саволингизни бераверинг.

Миллий театрдаги тўфон ҳаётингизда қандай из қолдирди? Кўп ижодкорлар фитналар бўрони таъсирида синиб кетади. Барчасини енгиб, яна бош кўтариш учун нима куч ва ирода бағишлади?

— Биласизми, бу — режиссёрларнинг тақдири... Театрда ҳаммага ёққан режиссёр, режиссёр эмас. Ҳаётда ҳам шунақа-ку. Албатта, ижодингизни кузатадиган мухлисларингиз бор, сизга қарши бўлган одамлар ҳам бор. Мен қарши бўлган одамларни кўпроқ қадрлайман. Чунки улар ишлашга мажбур қилади. Менинг театрдан кетишим, кутилмаган ҳодиса эмас, бу ҳар бир театрнинг анъанаси. Масалан, Маннон Уйғурни ҳам театр­дан қувишган. У ҳар куни театрга келиб, кун бўйи қоровулхонада ўтирган. Ўзи тарбиялаган актёрлари у киши билан сўрашмай ўтиб кетган... Тошхўжа Хўжаевда ҳам худди шундай бўлган. Менда ҳам шундай бўлди. Бундан хафа бўлиш керак эмас. Тўғриси, агар менга қарши чиқишмаганида ҳайрон бўлардим. Бу ишларнинг ҳаммаси одамга куч беради. Яхшироқ, мукаммалроқ ишлашга ундайди.

Собиқ Ҳамза театридан сизнинг ортингиздан Ёшлар театрига ўтган рассом дўстингиз Георгий Брим Германияда вафот этганда уни дафн маросимига ватан тупроғидан олиб борган экансиз...

— Рост, қабрига қўйиш учун ватан тупроғидан олиб борганман. Менимча, Георгий Брим ичикиб ўлди. У Ўзбекистонда катта бўлган. Уни 1937 йилда болалигида Ўрта Осиёга сургун қилишган. Бу юрт унга бошпана берди. Ҳеч нарсага қарамасдан уни ўқитишди. Шунинг учун Ўзбекистонни ўз ватанидек қабул қиларди. Менинг билишимча, у соғиниб ўлган. Унинг ўлими Бобурнинг ўлимига ўхшайди. Унинг кўчиб кетиши биз учун катта йўқотиш бўлди, лекин бошқа илож йўқ эди. Онаси, болалари, неваралари кўчиб кетишгач, ёлғиз қолишдан қўрқиб, у ҳам кетди.

Брим бошқа миллат вакили бўлса-да, Ўзбекистонга қаттиқ меҳр қўйган экан-да. Кўпчилик Ватан миллатдошларинг яшайдиган жой, дейди...

— Брим ўзбек бўлмаса-да, Ўзбекистонни, унинг тарихини севиши ҳеч бир ўзбекдан кам эмасди.

— "Ҳамлетменинг дўстим. Мен ҳар тонг унинг ёди билан уйғонаман, у билан бирга дунёдан нафратланаман ва у билан бирга шу дунёни севаман", дегандингиз бир интервьюнгизда...

— Бу фикр Шекспирни таниганимдан буён мен билан. 9-10-синфда ўқиб юрганимда “Ҳамлет” спектаклини қўйганман. У пайтда халқ театрлари бўларди, ролларни халқ театри актёрлари ўйнаган. Ўзим эса Ҳамлетни ўйнаганман. У мен учун жуда қадрли пьеса. Уни саҳнага олиб чиққанда, одам бир нарсасини йўқотгандек бўлади, шу сабаб қўрқаман. У ҳамишалик орзу мен учун. Одам ҳар сафар орзусига етаверса ҳам бўлмайди. Бир-икки нарса орзулигича қолиши керак.

Салбий қаҳрамон ҳақида ёзаётган ижодкорнинг ўзида ҳам ўша салбий хусусиятлар бўлади, деб ўйлайсизми?

— Инсонда ҳамма нарса бор. Биз инсонга фақат бирор вазиятга тушиб қолгандагина тўғри баҳо бера оламиз. Биз яхши деб ўйлаган инсон шундай вазият келадики, нега уни яхши деб ўйладим, деб ҳайрон бўламиз. Масалан, Шекспирнинг ўзида Яго ҳам бор, Отелло ҳам, Дездемона ҳам бор. Одам ўзи билмаган нарсаси ҳақида ёза олмайди. Дейлик, катта ўғрилик ёки қотиллик жиноятини шу ишга мойиллиги бор одам тезроқ оча олади. Чунки у ўғри қай вазиятда қандай иш тутиши мумкинлигини билади. Чунки унинг ўзида шунақа хислат бор. Инсоннинг кўнглида иккита "бўри" яшайди. Бири жуда баджаҳл, иккинчиси сипо. Иккаласи мудом жанжал қилади. Сизнингча, қайси бўри ютиб чиқади? Қайси бирига кўпроқ емиш берган бўлсангиз, ўшаниси ютиб чиқади.

Станиславский "Санъатдаги ўзингни эмас, ўзингдаги санъатни сев", деганди. Сиз ўз санъатингизни севасизми?

— Жуда ҳаракат қиламан. Бошқа иложим йўқ. Бу Аллоҳ берган неъмат. Ҳар бир истеъдодли одам ўзининг истеъдоди учун шукр қилиши керак. Бу истеъдод сизга қарзга берилади. Истеъдоддан фойдаланиш мумкин эмас. Уни фақат ривожлантириш билан шуғулланиш керак. Агар ундан фойдалансангиз, масалан, Аллоҳ овоз берган бўлса-ю, тўй-ҳашамларда ундан манфаат талаб қилиб пул ишласангиз, бу нотўғри. Бу албатта жазосиз қолмайди.

Санъатда одам ўзи учун ишлаши керак. Мана шу спектаклни қўйганимизда, томошабинлар келиб, менга гул беришса, олқишлашса ёки шу спектаклим учун унвон оламан, деган фикр билан ишлаган одамнинг спектакли ўхшамайди. Бу спектакль мен учун, менинг дўстларим, томошабинларим учун. Томошабинларни ниҳоятда ҳурмат қилиш, уларни севиш керак. Чунки бир спектаклни томоша қилиш учун икки соат вақт кетади. Одамнинг умри жуда қисқа, улар шу қисқа умрининг икки соатини сизга, спектаклингизни кўришгабағишлайди. Уларнинг вақтини ўғирлаб бўлмағур бир нарсани қўйсангиз, бу яхши эмас-да.

Ўзбек томошабинига қандай характеристика берган бўлардингиз?

— Ўзбек томошабинини вақти келганда қадрламасдан дидини бузиб юборганмиз. Ҳар битта ўйланмай қўйилган спектакль томошабин дидини бузади. “Образ Шоу” деган кўрсатув бор эди. Одамлар ҳар хил спектакллардан роль ижро этишади. Ҳатто Ҳамлетни ҳам тайёрланмасдан роль ҳақида, спектакль ҳақида чуқур тушунчага эга бўлмасдан ижро этаверишади. Буларнинг бари телевизорга чиқаман, деб қилинадиган ишлар. Уларнинг ҳакамларига юрагим ачийди. Чунки ҳакамлар ўша ижрога баҳо беради. Шунақа кўрсатувлар томошабиннинг дидини бузиб юбораётганини телевидениедагилар ўйлаши керак. Ҳар бир театр ҳам бирор асарни саҳнага олиб чиқишдан олдин яхшилаб ўйлаши керак. Лекин театрни тушунадиганлар ва унинг томошабини кўп бўлмайди. Айтайлик, ҳозир музейга борсак, қанча одамни кўрамиз? Агар экскурсия бўлмаса, ҳеч ким йўқ. Музейга бориб мўйқалам усталари яратган портретларни кўраман, деган одам неч­та? Жуда кам. Ҳаммамиз Алишер Навоий каби улуғ шоирларимизни гапирамиз. Лекин ҳозир иккаламиз Тошкентни кезиб бирор уйни тақиллатсак-да, “Алишер Навоийни ўқияпсизми?” деб сўрасак. Тўртмиллионлик шаҳардан нечта одам Алишер Навоийни ўқиб ўтирибди, деб ўйлайсиз? Балки талабалар ўқиётгандир. Улар ҳисобмас, улар имтиҳон учун китобни қўлига олган бўлиши мумкин. Гап шундаки, билим бериш осон, лекин уни ишлатиш ва тушуниш қийин. Мактаблар билим бериш билан шуғулланиши керак эмас. Билимни қандоқ ишлатишни, тушунишни ўргатиши керак аслида.

Ўзингизга нисбатан жуда қаттиққўлсиз... Ваҳоланки, комедия бўладими, драма ёки оммавий томошалар режиссёрлиги бўладими, нимага қўл урманг, барчаси муваффақиятли чиқади.

— Менимча, бу тарбиядан бўлса керак. Аямиз Ўзбекистон халқ артисти Ширин Мелиева жуда қаттиққўл аёл эдилар. Улар 40 йил театрда директор бўлганлар. Эскиларнинг айтишича, театрга раҳбарлик қилиш, армияга раҳбарлик қилишдан кўра қийинроқ. Ижодкорларнинг ҳар бирининг ўзига хос феъл-атвори бор. Уларнинг ҳар бири бир дунё. Мана шу дунёларни бирлаштириб спектакль қўйиш жуда қийин иш. Актёр қанчалик истеъдодли бўлса, дунёси шунчалик кенгроқ, ўзи инжиқроқ бўлади.

Болалигингиз хотираларини биз билан ҳам бўлишсангиз...

— Болалигимизда аямиз театрда ишлагани учун кўпинча бизни дадамизга ташлаб кетардилар. Шу боис биз учун дадамиз ҳам ая, ҳам дада эди. Ўша пайтларда икки-уч ойлик гастроллар бўларди. Баъзида аямиз келса, биз бу аёл ким экан, деб ўйлардик... Ёш боланинг эсидан тез чиқиб кетади-да. “Мен аянгман”, деб совғалар олиб келардилар, лекин барибир у совға одамга татимасди... Аям театридаги артистларга болангни театрга олиб келма, дердилар. Бизни ҳам иложи борича театрга қўймасдилар.

Нега?

— Биринчидан, бола қўрқади. Чунки онаси саҳнага чиққанда бошқа одамга айланади. Саҳнада онасини кимдир уриши, уришиши мумкин... Сал каттароқ бўлганда, яъни 12-13 ёшларда бориши мумкин. "Гулсара" спектакли бўларди. Ўшанда аям Гулсаранинг онасини ўйнарди. Гулсаранинг отаси онасини пичоқлаб ўлдирадиган саҳна яқинлашганда мени доим титроқ босарди. Бу спектакллигини билсам-да, қўрқардим.

Фидойи одамлар жамиятни илгари суради, дейишади. Сиз ҳамДийдортеатр студиясини ташкил этиб, бу ерда болаларга дарс беришингиз, уларнинг билимини оширишда ўз ҳиссангизни қўшишингизни фидойилик деб ўйлайман.

— Бу фидойилик эмас, агар ҳукуматимиз ёрдам бермаса, биз ҳеч нима қила олмасдик. Бизга жой ажратилди, ўқитувчиларимизга ойлик маош берилади. Бу ҳукуматимиз томонидан бизга кўрсатилган ғамхўрлик. Айтайлик, Чайковскийнинг ҳам ҳомийси бўлмаганида, у ҳеч қандай симфония ярата олмасди. Бу яхшиликка жавоб бериш керак. Биз болаларни бепул ўқитамиз. Иложи борича, ёрдам беришга ҳаракат қиламиз. Спектаклларни бепул ўйнаймиз. Биз ҳам чипта сотиб пул олишимиз мумкин эди. Лекин талабаларимизнинг спектакл­лари — ўқув спектакллар, ҳали пулга сотишга арзимайди.

Илгари фильларда роль ўйнагансиз. Лекин кейинчалик фақат режиссёрлик билан шуғулланяпсиз...

— Мен фақат режиссёрларнинг катта илтимоси билан фильмга тушганман. Ҳеч қачон ўзим роль сўраб бормаганман. Устоз Шуҳрат Аббосовнинг илтимоси билан роль ўйнаб, шу билан бирга, у кишидан кино санъати бўйича кўп нарса ўрганганман. Кино ва театр санъати бир-биридан жуда фарқ қилади. У киши театрда ишлашимни билиб, барча шароитни яратиб берарди. Айтайлик, мен соат иккигача театр­да бўлсам, съёмкани соат иккидан кейин қўярди. Агар суратга олиш ишлари Қўқонда бўлса, мен у ерга самолётда учиб борардим, суратга олиш ишларини тугатиб кечки рейс билан қайтиб келиб, эрталаб театр репетициясида бўлардим. Шуҳрат ака актёрларни яхши кўрадиган одам, у киши актёрлар учун ҳамма шароитни яратиб берарди.

Сиз ҳам кино актёрларини театрга жалб қилдингиз. Қатъий тартиб асосида ишлайдиган театрингизга улар қандай мослашишди?

— Гап шундаки, кино актёрлар бизнинг театрга ўқигани, ўргангани келишган. Уларнинг номидан, расмидан фойдаланиб театримизни реклама қилиш ниятимиз бўлмаган. Буни уларнинг ўзига ҳам айтганмиз. Шунга рози бўлганлар, келган.

Кўпчиликда театр инсонни тарбиялаши керак, деган тушунча бор...

— Йўқ, театрга ўзи тарбияли одамлар келишади. Театр фақат ҳамдард бўлишни ўргатади. Айтайлик, Кумушдан айрилган Отабекка ачиниб йиғласангиз, демак сиз ўз дардингизни бироз бўлса-да унутиб, Отабекнинг дардига ҳамдард бўлдингиз. Ундаги йиғини ўз йиғингиз билан қиёслаб бўлмайди. Тафаккур туғёни билан тўлқинланган қалб йиғиси бошқача бўлади. Буни ҳис этиш учун театрга тез-тез келиб туриш керак.

Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур! Сиздан янгидан-янги асарлар кутиб қоламиз.

— Сизга ҳам раҳмат.

Дилфуза СОБИРОВА суҳбатлашди

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+18° небольшая облачность
Валюта курси
10321.21
USD 5.59
12003.57
EUR -207.03
132.07
RUB -4.21