Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хўжайли туманидаги барпо этилаётган замонавий логистика марказида фермер хўжалик раҳбари Қутлимурат Панаев билан суҳбатлашиб, Германияда 11 йил давомида чорвачилик бўйича ишлаган доктор Алишер Қурбановга Қорақалпоғистонга қайтиб ишлаётгани учун Каптива автомашинасини совға қилгани ҳақида маълумот бериб ўтган эдик.
Хўш Алишер Қурбонов нима учун ва қандай қилиб яна Қорақалпоғистонга қайтди. “Еркин Қарақалпақстан” нашри бу саволга жавоб олиш учун А.Қурбонов билан суҳбатлашди.
“2017 йили "Panaev farms" фермер хўжалиги раҳбари Ислам Панаев Германияга семинттал насилли қорамол сотиб олишга борди. Шунда мен унга 60 бош семинттал насилли мол, Австриядан 300 бош эчки сотиб олишда ўз маслаҳатларим билан ёрдамлашдим. Сентябр ойида қишлоққа навбатдаги меҳнат дам олишига келганимда, шу олиб берган молларнинг ҳолатини кўриш мақсадида фермер хўжалигида бўлганимда бу ердаги ишларда ўзгариш киритиш шарт ва тартибга солиш зарур бўлган ҳолатларни кўрдим.
Ана шундан бошлаб ушбу хўжаликнинг ишларини тўғри ташкиллаштириш ва иқтисодий томондан тартибга солиш бўйича ўзимнинг масалаҳатларимни бериб, мененджер лавозимида ишлаб келмоқдаман. Ҳозир бу хўжаликнинг чорвачиликдаги ҳолати анча яхши томонга ўзгарди. Баҳорда сотиб олиб келинган молларимизнинг сони 130 бошга етди. Шунингдек, фермада Голландиядан олиб келинган голштейн насилли қорамоллар ҳам боқилмоқда. Ҳозирги кунлари уларнинг ҳар биридан кунига ўртача 20 литрдан сут соғиб олиниб, ўзларимизда қайта ишланиб, "Panamilk" маркаси билан 55 турдаги сут маҳсулотлари тайёрланиб, савдо ўринларига етказиб берилмоқда”, - дейди Алишер Қурбонов.