sevimli
Sevimli

ОЛИЙ МАЖЛИС ҲУЗУРИДА ЯНГИ ИНСТИТУТ ЎЗ ФАОЛИЯТИНИ БОШЛАДИ

СИЁСАТ 08.01.2018, 13:57
ОЛИЙ МАЖЛИС ҲУЗУРИДА ЯНГИ ИНСТИТУТ ЎЗ ФАОЛИЯТИНИ БОШЛАДИ

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўтган қисқа давр мобайнида ҳокимиятнинг халқ сайлаган вакиллик органлари – парламент, халқ депутатлари кенгашларининг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва аҳамияти тубдан ўзгарди. Олий Мажлис, сиёсий партияларнинг ваколатлари босқичма-босқич кенгайтирилди, парламент ва жамоатчилик назорати институтлари мустаҳкамланмоқда.

Айни пайтда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлдаги Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида, шунингдек, 2017 йил 22 декабрдаги парламентга тақдим этган Мурожаатномасида қонун ижодкорлигидаги камчиликлар, депутатларда қонунчилик ташаббуси борасида фаолликнинг етишмаслиги асосли танқид қилинган эди.

Президентимиз ҳар бир қонун лойиҳаси юзасидан фикр ва таклифларни қуйидан – фуқаролардан, жойлардаги халқ депутатлари Кенгашларидан олиш тартибини кенг жорий этиш, қонунларни қабул қилиш жараёнида уларни аҳоли ўртасида ҳар томонлама муҳокама қилиш тизимидан самарали фойдаланиш борасида бир қатор таклифларни ҳам илгари сурдилар. Қонунлар муҳокамасига кенг халқ оммасини жалб қилиш, бунинг учун замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, демократиянинг илғор механизми сифатида жамоа бўлиб электрон мурожаат киритиш тартибини татбиқ қилиш, Олий Мажлис таркибида илмий-амалий тадқиқот ва ахборот-таҳлилий фаолиятни олиб борувчи марказни ташкил этиш кабилар шулар жумласидандир.

Юртбошимиз томонидан илгари сурилган таклифларни ҳаётга татбиқ этиш, парламент, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари фаолиятини илмий, ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш самарадорлигини ошириш, парламентнинг қонун ижодкорлиги ишлари сифатини тубдан яхшилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ташкил этилди.

Институт зиммасига бир неча йўналишдаги вазифалар юклатилди. Институт биринчидан, қонунчилик муаммоларини, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини, яъни қонунларнинг ҳаётга қандай татбиқ этилаётганини ўрганади, Олий Мажлис палаталарининг фаолиятини такомиллаштиришга доир таклифларни тайёрлайди.

Иккинчидан, парламент палаталари, депутатлар ва сенаторлар фаолиятини илмий, ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлайди, уларнинг профессионаллик даражасини оширишга кўмаклашади. Жумладан, депутат ёки сенатор буюртмасига кўра бирор-бир соҳада кичик тадқиқот ўтказиб, тегишли муаммонинг ечимига қаратилган илмий асосланган маълумотномалар тайёрлаб беради. Ёки қонун лойиҳасини тайёрлаш бўйича берган таклифини амалга оширишда методик, амалий кўмак беради.

Учинчидан, ҳуқуқ, сиёсат, иқтисодиёт ва бошқа соҳаларда илмий тадқиқотлар ўтказади, илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда қонунчиликни ривожлантиришнинг илмий концепцияларини ишлаб чиқади. Масалан, ҳозир бизда аксарият кодексларнинг қабул қилинганига 20 йилдан ошди, ўтган давр мобайнида ҳаётимизда кўплаб ўзгаришлар бўлди, айниқса, Ҳаракатлар стратегиясида бир қатор долзарб вазифалар белгиланди, шулардан келиб чиқиб миллий қонунчилигимизнинг ривожланиш тенденцияларини аниқлашга қаратилган концепцияларни ёки бошқача айтганда “йўл хариталар”и ишлаб чиқилади. Бугунги кунда жами 20 мингга яқин қонун ҳужжатлари мавжуд бўлиб, шундан атиги 2,1 фоизи қонунлар. Институт мазкур кўрсаткич салмоғини, қонунларнинг улушини ошириш, энг муҳими тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларни қабул қилиш борасида ташаббуслар билан чиқади.

Шарҳлар