Ташкент +7° Mon 18:08
Долзарб мавзулар Халқ билан мулоқот йили

Қарзга олинган ширинлик

Бўлимлар: МУТОЛАА
Теглар:
Добавлено: 13.01.2018, 19:03

Насибанинг кўзи очилганда тонг ёришганди. Иссиқ тўшакдан чиққиси келмай, бирпас шифтга термилиб ётди. Яна ўн дақиқа ётай, кейин тураман деб ўйлади. Шу пайт хаёлига раҳматли бувиси тушди. Ёшлигида бувиси уни мактабга бориш учун уйғотганда, “Бувижон яна беш дақиқа ётай, кейин тураман” деб кўрпага бурканиб оларди. Бувиси эса “Болам шу беш дақиқа ухлаганда нима жонинг қолади, ундан кўра эртароқ тур, қанча эрта турсанг, шунча ишларинг юришади. Эрта туриб дарвозани очсанг, қут-барака киради” дерди. Ҳа, ростдан ҳам беш дақиқа ухлайдими, ўн дақиқа ухлайдими, барибир қачондир уйғониши керак-ку. У секин сирғалиб, кўрпадан чиқди. Ёнида пишиллаб ухлаб ётган ўғли билан қизига назар солди. Улар нақадар беғубор, бу дунё ташвишларидан бехабар ором олишмоқда. У ҳозир ўрнидан туради-ю, шу билан куни бўйи рўзғор деб аталмиш ғорнинг камчиликларни тўлдириш учун елиб-югуради.

Насиба юз-қўлини ювиб, ошхонага ўтди. Болалар уйғонгунча нонуштага бирор нарса тайёрламоқчи бўлди. Нон қутини очди. Унинг ичида бир-иккита қотган нон бўлаги-ю, ушоқдан бошқа ҳеч нима қолмабди. Насиба секин нон ушоқларни сидириб олиб, очиқ турган ойнанинг сиртқи токчасига қўйди. У ҳар доим ушоқларни шу ерга қўяр, бунга қушлар ҳам ўрганганди. Агар ушоқ бўлмаса, қушлар тумшуқлари билан ойнани уришар, болалари эса “ойи, қаранг, текинхўрларингиз келишди” деб кулишарди. Улар талашиб-тортишиб, ушоқ чўқишаётганида Насиба ортиқча ҳаракат қилиб, чўчитиб юбормаслик учун улар то ушоқни еб-тугатгунча қимирламай, кузатиб турарди. Қушларга қараб туриб, “шу бечоралар ҳам қорин ғамида тиниб-тинчимайди-я...”, деб ўйларди.

У хаёлларини йиғиштириб, “болаларга нима пиширсам экан-а?” деб ўйлади. Уйда ҳеч нима қолмабди. На ун, на мой, на картошка-пиёз... Қачон шу йўқчилик деган балодан қутулар экан-а? Эри ишлаб пул топиб келаман деб Россияга кетди, аммо пул тугул ўзининг ҳам дараги йўқ. Эри Россияга кетган бошқа қўшни аёллар қўша-қўша тилла тақиб мақтаниб юришибди, у эса бечора онаси тўйида таққан ягона тилла узугини ҳам сотди. Ётиб еганга тоғ ҳам чидамас экан. Фаррошликнинг орқасидан топган пули ҳеч нимага етмаяпти. Бировга айтай деса ҳеч ким ишонмайди.

Насиба картошка-пиёз солинадиган қутининг ичидан бир дона картошка билан бир дона пиёз топди. Қолган-қутган мойни қуйиб, гўштсиз бўлса ҳам шўрва қилсам, болалар қотган нонни тўғраб ейди деган хаёлда овқатга уннади. Шу пайт кимдир чақиргандай бўлди. У қўлини сочиққа артганча, эшик томон йўналди. Остонада қайнонаси Холниса хола турарди.

– Ассалому-алайкум, ойижон! Келинг, кираверинг!

– Ваалайкум-ассалом! Тинчмисан? Болалар яхшими?

– Худога шукур, ўтирибмиз.

Насиба қайнонасини меҳмонхонага бошлаб кириб, бир неча қават кўрпача ташлади. Холниса холанинг эри бир пайтлар савдода ишлаган ўзига тўқ одам бўлган. Эрининг даврида кариллаб юрган Холниса хола, ҳозир олдингидай пули кўп бўлмаса-да, отдан тушса ҳам эгардан тушмасди. Ўнта болани туғиб катта қилган, аммо ҳар икки гапининг бирида “болаларимни ўзим боққанман, ўзим ўқитганман , отанг фақат курортма-курорт маишат қилиб юрган”, деб эрининг меҳнатини ҳеч юзага чиқармасди. Унинг бу гапларини эшитган Насиба “Ойим қачон ўнта боладан ортиб ишлаган эканлар, ишлаган тақдирда ҳам болалар боғчасида кир ювувчи бўлиб ишлаган аёлнинг ойлиги билан ўнта болани боқиш, ўқитишнинг иложи бўлганмикан? Нимага унда мен иккитагина боламни боқолмаяпман?” деган хаёлга борарди.

Қайнотаси Карим амаки ёш боладай беозор, хокисор одам. Хотинининг “мен... мен...” деб кўкрагига муштлашига кўпам эътибор беравермайди. “Ҳа, яхшиям сени Чори калга унаштиришганда, севиб олиб қочганим, бўлмаса, нима қилардим...” деб кулиб қўя қолади. Бир пайтлар уларнинг севги тарихи бутун вилоятга овоза бўлган. Холниса холани ота-онаси тегмайман деб норозилик қилишига қарамай, қишлоқда ҳамма Чори кал деб атайдиган, ўзига тўқ хонадоннинг фарзандига унаштиришади. Карим ота етим қолиб, амакисининг қўлида яшаганлиги боис, Холниса холанинг ота-онаси унга турмушга чиқишига кўнишмайди. Карим ота севгилисига эришиш йўлларини қидиради. Холниса холани ота-онаси уйдан чиқармай, қамаб қўяди, аммо Карим ота кечаси уни дераза орқали олиб қочиб кетади.Улар турмуш қуришади, бир замонлар етимча деб ҳеч ким назар-писанд қилмаган Карим ота ўз кучи билан инстититутга киради, савдо тизимида меҳнат қилиб, обрў-эътиборга эришади. Мана энди бир пайтлар соясига кўрпача солган хотини, нафақага чиққач, “болаларимни фақат ўзим боққанман” деб гап бермайди.

Насиба газга чой қўйди, қайнонасининг олдига дастурхон ёзди-ю, аммо унга нима қўйишни билмай, боши қотди. Ҳозир “уйда ҳеч нима йўқ эди”, деса қайнонасидан балога қолади. “Болам юборган пулларни қаерга кўмаяпсан?” деб пул йўқлигига ишонмай, бобиллаб беради. Яхшиси, қўшниси Озода опадан қарзга қанд-қурс олиб чиққани маъқул, қайнонаси кетгандан кейин қайтариб беради. У шу хаёлда қўшнисикига югурди. Озода опанинг эри қайсидир заводда директор бўлиб ишлар, ўзларига тўқ оила эди. Аммо Озода опа пулдор одамнинг рафиқаси бўлса-да, жуда хокисор аёл эди. Бирор тансиқ таом тайёрласа, албатта Насибага ҳам илинарди.

– Озода опа, уйдамисиз? – деди Насиба ҳовлиққанча қўшнининг уйига кираркан.

– Ҳа, уйдаман, Насиба киравер!

– Озода опа, илтимос, менга қарзга қанд-қурсингиз бўлса бериб туринг. Қайнонам келганди, дастурхонга қўйишга ҳеч нима тополмаяпман. Кетганларидан кейин шундайлигича олиб чиқиб бераман.

– Вой, Насиба-ей, қанд-қурс сендан айлансин, ҳозир бераман. Аммо нимага қайнонангга ростини айтмайсан? Ахир ўғли сенга бир сўм жўнатмаса, бир ўзинг рўзғор тебратаман деб қийналиб кетдинг-ку.

– Озода опа, барибир қайнонам ишонмайди. Онангникига ташигансан деб жанжал кўтаради, – деди чуқур хўрсиниб Насиба.

Озода опа уйидан патнис кўтариб чиқди. Патниснинг устида чиройли чинни ликопчаларга писта, бодом, ёнғоқ, майиз, қимматбаҳо шоқолодлар солинганди.

– Насиба, ма ол, патниси билан олиб кетавер, – деди Озода опа.

– Раҳмат, опа, қайнонам кетганларидан дарров олиб чиқаман.

Насиба патнисни кўтарганча уйи томон шошилди. Уйга кирса, болалари ҳам уйғониб, бувисининг ёнида ўтиришарди. У патнисдаги ликопчаларни дастурхонга қўйди. Қимматбаҳо шоколадларни кўрган Холниса холанинг қошлари чимирилди.

– Ҳм... – деди истеҳзо билан Холниса хола, – бу ёқда онаси қаттиқ нон ивитиб еб ўтиради, хотинчаси эса российский шоколад ейди. Шу ниятда ўғил катта қилганмидим? Шу эканда... Уйлангандан кейин онани бир чеккага йиғиштириб қўяркан-да...

Насиба бўғзига тиқилган аламни ичига ютди. Анчадан бери ширинлик кўрмаган болаларининг уйқуси очилиб, ўзларини дастурхонга отишди.

– Мадина, Шаҳзод! Уят бўлади. Меҳмоннинг олдида дастурхонга қўл чўзаверманглар! – деди Насиба ликопчаларнинг таги кўриниб қолишидан қўрқиб.

– Мен меҳмон эмас, мезбонман. Бу боламнинг уйи. Олинглар, болажонларим, бемалол катта-катта енглар. Дадаларингни пулига келган. Болам бечора сизларни боқаман деб қаерларда тентираб юрибди.

Насиба лом-мим демади. Бирор нарса дейишнинг фойдаси ҳам йўқ. Қайнонаси барибир уни тингламайди. Ўзиникини маъқуллаб, бутун дунёни бошига кўтаради. Қизларига қўнғироқ қилиб, бўлган воқеани айтиб берса, улар ҳам бир зумда етиб келиб, қиёмат-қойим бўлади. Насибанинг охирги пайтларда асаби чарчагандан ортиқча гап-сўзга тоқати қолмаган. Бир кунлик жанжалдан кейин қон босими ошиб, ўн кун тўшак тортиб, ётиб қоладиган бўлган. Шунинг учун ҳам қайнонаси билан тортишиб ўтирмади.

– Ойижон, мен ҳозир овқат сузиб келай...

– Ўтир, қорним тўқ. Овқат ейиш учун келганим йўқ, сенда гапим бор. Хабаринг бўлса керак, Гулчеҳра қизим тўй қилиб, қўш келин оляпти. Ҳозирги замонда тўй қилиш осон эмас. Буни устига душманлар куйиб ўлсин деб, энг дабдабали тўйхонада тўй қилмоқчи. Гулчеҳранинг эри Рустам бир тийинга қиммат одам. Тўй қилаяпман, пул топиш керак экан деган гаплар хаёлининг кўчасига ҳам кириб чиқмайди. Фақат қорнини қашлаб, чойхонадан бери келмайди. Шунга Гулчеҳрага анчагина пул керак. Мана Муроджон ўғлимнинг Россияга кетганига ҳам бир йил бўлиб қолди. Ойига беш юз доллардан жўнатганда ҳам анчагина пул йиғиб қўйгандирсан? Дастурхонингга қараганда аҳволинг дуруст. Мурод ишлаб топган пулларни Гулчеҳрага бер, бир тўй қилсинки, овозаси етти маҳаллага етсин.

– Ойи, менда пул йўқ... Ўғлингиз анчадан бери қўнғироқ қилгани ҳам йўқ. Жуда хавотирланяпман.

– Мени алдама, шунчалик гўл хотинга ўхшайманми? Эшитдим, яқинда укангни тўйида келинга қимматбаҳо пальто, тилла сирға совға қилибсан-ку! Шунча пулни қаердан олдинг? Фаррошлик қилиб топган пулингга шунча нарса ололасанми? Ўғлимнинг топганини онангникига ташиб, энди менга пул йўқ деяпсанми?

– Сиз айтган нарсаларни онамнинг ўзи сотиб олган. Ака-укаларимнинг олдида мени ўксимасин деб, келинга менинг номимдан онам совға қилди.

– Пул бермасанг, онанг ҳеч қачон сенинг номингдан совға қилмайди. Гапни қисқа қил. Мен эртага келаман, пулни кимникига олиб бориб, яширган бўлсанг, олиб келиб қўй. Боламнинг топганини бировникига сочиб қўймайман. Омин, мен кетдим!

Холниса хола шаҳд билан ўрнидан туриб, дарвоза томон йўналди. Насиба унинг ортидан эргашди. Қайнонаси хайр-маъзурни ҳам насия қилиб, дарвозани қарсиллатиб ёпганча, жаҳл билан чиқиб кетди. Насиба судралиб, орқага қайтди. Шу пайт бирдан хаёлига Озода опадан қарзга олган ширинликлар тушди. Шошилиб меҳмонхонага кирди. Дастурхон устида бўм-бўш ликопчалар ва шоколад қоғозлари сочилиб ётарди...

ЛОЛА ШОИМОВА

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии