sevimli
Sevimli

Ҳаким ат-Термизий мажмуасини 2017 йилда 600 мингдан ортиқ маҳаллий, мингга яқин хорижлик сайёҳ зиёрат қилди

МАДАНИЯТ 20.01.2018, 09:19
Ҳаким ат-Термизий мажмуасини 2017 йилда 600 мингдан ортиқ маҳаллий, мингга яқин хорижлик сайёҳ зиёрат қилди

Маълумотларга қараганда, буюк аллома Ҳаким ат-Термизий 400 дан ортиқ асар ёзган, уларнинг 50 дан зиёди бизгача етиб келган. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Амударё бўйида жойлашган буюк мутафаккир зиёратгоҳи вилоятдаги энг обод, энг кўркам масканлардан бирига айланди. Бу муқаддас даргоҳга зиёратга келувчи маҳаллий ва хорижий сайёҳлар сони ҳам йилдан йилга кўпайиб бормоқда.

Мажмуа ижрочи директори Абдураим Чориевнинг айтишича, ўтган йили бу ерга 600 мингдан ортиқ маҳаллий ва мингга яқин хорижлик сайёҳ ташриф буюрди.

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йили Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида мажмуани янада ободонлаштириш, зиёратчиларга қулай шароитлар яратиш борасида топшириқлар берганди.

Хусусан, мақбара ички безакларини сурхондарёча услубда, шунингдек, Бухородаги Баҳоуддин Нақшбанд мажмуаси ва пойтахтдаги Минор жоме масжидида қўлланилган безаклардан фойдаланган ҳолда таъмирлаш лозимлигини таъкидлаган эди.

Ўтган давр мобайнида бу ерда кенг кўламли таъмирлаш ишлари бажарилди. Мақбаранинг ички қисми тўлиқ реконструкция қилиниб, нақшинкор жило берилди, муқаддас Қуръон оятлари битилди.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Сурхондарёга амалга ошираётган ташрифи чоғида Ҳаким Термизий мақбарасини зиёрат қилди ва Ақтўбеда ҳалок бўлганлар ҳақига дуо қилди.

Шарҳлар