Ольга Петрова қизи Алёнадан кўра набирасини кўпроқ яхши кўради. Энди олти ёшга тўлган қизалоқ билан куни бўйи андармон бўлиб, вақт қандай ўтганини ҳам сезмай қолади. "Ўригидан мағизи ширин", деб бежиз айтишмас экан-да, деб ёзади ЎзА.
Аммо сўнгги пайтларда Алёна қизини турткилайдиган, жеркийдиган одат чиқарди. Бундай бежо ҳаракатлари етмагандай, телефонда кимлар биландир узоқ гаплашар, асабийлашар эди. Буни сезган онанинг кўнгли нотинч, кимлар биландир телефонда гаплашиб, нималарнидир савдолашган қизининг ҳаракатлари уни хавотирга соларди.
Ҳа, онанинг кўнгли ёмонликни олдиндан сезади. Бир куни ҳамма уйда жамулжам ўтирганида Алёнанинг қўл телефони жиринглаб қолди. У телефонда бамайлихотир гаплашар экан, юзида аллақандай мамнунлик акс этди. Телефонни ўчиргач, у қизининг кийимларини алмаштириб, қўлидан етаклаганча эшикка йўналди. Онасининг хавотир аралаш ”Қаёққа?” деган саволига, “Шундай, ўзимиз бир айланиб келмоқчимиз”, деб қисқа жавоб берди. Ҳеч нарсадан хабари йўқ қизалоқ хурсанд бўлганча онасининг қўлидан тутди. Бувиси минг хавотирда қолди.
Бироқ, орадан кўп ўтмай, хонадон эшиги тақиллади. Эшикни очган Ольга Петрова қаршисида турган ички ишлар бўлими ходимларини кўриб ҳайрон бўлди. Улар орқасидан қизи ва набираси ҳам уйга кириб келишди. Ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари Алёна қизалоғини танишига олти миллион сўмга сотаётганида қўлга олинганини маълум қилишди. Содир бўлган воқеадан боши эгилган буви набирасини бағрига босар экан, аёллик номига иснод келтирган қизининг қилмишидан афсус чекди.
Аёлни, аввало, она, инсоният наслининг давомчиси, деб улуғлаймиз. Барча эзгулигу яхшиликларнинг аввали ҳам ана шу мўътабар зотга бориб тақалади. Бироқ, "гуруч курмаксиз" бўлмаганидек, улар орасида ҳам аёллик шаънига, оналик мартабасига доғ туширадиганлар, афсуски, учраб туради. Қарши шаҳрида яшовчи Алёна Иванова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам ана шундайлар тоифасидан бўлиб чиқди. Ҳаётга енгил қарайдиган, фарзандини комил инсон қилиб тарбиялаш ўрнига, уни мўмай пулга алишмоқчи бўлган бу аёлнинг қилмишига пушаймонлиги мазкур жиноят иши юзасидан бўлиб ўтган суд мажлисида эътиборга олинди. Унинг яшаш ва оилавий шароити ўрганилиб, унга қилмишидан хулоса чиқариш учун яна бир бор имконият берилди.