Sevimli

Ўзбек режиссёри 11 сентябрь воқеалари асосида фильм суратга олмоқда

МАДАНИЯТ 22.01.2018, 14:59
Ўзбек режиссёри 11 сентябрь воқеалари асосида фильм суратга олмоқда

«Ўзбеккино» Миллий агентлиги Бадиий кенгашининг 19 январь куни бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида «101-рейс» бадиий фильм лойиҳасининг тақдимоти Кенгаш аъзолари томонидан бир овоздан маъқулланди. Бу ҳақда агентлик сайтида хабар берилган.

Йиғилишда 2та бадиий ва 1 та ҳужжатли фильм лойиҳаси муҳокама этилган, жумладан режиссёр Акром Шоҳназаров ҳамда Эркин Аъзам бадиий раҳбарлигида тайёрланган «101-рейс» фильми шулар сирасидан.

Фильм реал воқеага асосланган бўлиб, унда 2001 йил АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида содир этилган террорчилик ҳаракати оқибатида Шимолий Америка ҳаво ҳудудида қийин вазиятда қолган – бортида 180 нафар йўловчи бўлган «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпаниясига қарашли Боинг-767 самолётининг 101-рейс экипажи кўрсатган жасорат ҳақида ҳикоя қилинади.

Террорчилик хуружи сабаб, АҚШ ҳаво ҳудудига кириш тақиқлаб қўйилади, шу вақтда Нью-Йоркнинг Жон Кеннеди номли аэропортига яқинлашиб келаётган 101- рейс экипажи эса бундан бехабар эди. Ҳаво кемасини қўндиришга ҳозирлик кўра бошлаган экипаж аъзолари аэропорт диспетчерларидан рад жавобини олгач, самолёт шаҳар осмонини яна бир неча марта айланиб, Канада халқаро аэропортига йўл олишга мажбур бўлади.

Бироқ шу куни йўналишини ўзгартирган самолётларнинг аксарияти айнан Канада аэропортига қўнишга мажбур бўлгани сабабли, диспетчер 101-рейсга фақатгина 3 соатдан кейин қўнишга рухсат бера олишини маълум қилади. Бахтга қарши самолётнинг битта двигатели ҳам ишдан чиқади ва бу кема йўловчилари орасида ваҳима кўтарилишига олиб келади.

Ёқилғи қолмаганлиги сабаб энг яқин аэропортга ҳам етиб бора олмаслиги ойдинлашиб қолган 101-рейс экипажи ўта қийин бир вазиятда қолган эди. Шунда, кема капитани Зархўжа Саидазимов барча масъулиятни зиммасига олиб, ўта хавфли бўлсада таваккал қилишга қарор қилади...

Шарҳлар