Мактабгача таълим вазири А.Шин ва яна бир қатор масъуллар 23 январь куни Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида жойлашган 206-мактабгача таълим муассасасига кутилмаганда ташриф буюрди. Бу ҳақда вазирлик Матбуот хизмати маълум қилди.
Вазир бошчилигидаги масъуллар эътиборини боғчанинг тайёрлов гуруҳи тарбиячиси Диляра Эгамбердиева ўтказаётган навбатдаги машғулотлар ўзига жалб қилди. Болалар шу қадар машғулотларга қизиқиб кетишганки, ҳатто меҳмонларнинг гуруҳга кириб келганлигини ҳам сезмай қолишди. Кузатув давомида аниқланишича, тарбиячи Диляра Эгамбердиева ўзининг ўн саккиз йиллик педагогик тажрибага эга бўлган, олий маълумотли боғча опа фарзандларимизга замонавий педагогик технологиялар асосида таълим-тарбия беришга интилган жонкуяр, интилувчан, замон билан ҳамнафас тарбиячи экан. Боғча опанинг таълим-тарбия бериш методикасини юқори баҳоланди.
Аммо, Соат 12.20 бўлишига қарамай, боғча тарбияланувчилари учун тушлик ташкил этилмаганлигини кўрган вазир таажубланди ва боғчада соғлом овқатлантириш жараёни ҳам тўғри ташкил этилганлигига амин бўлиш мақсадида ошхонага йўл олди.
Афсуски, ошхонадаги ҳолат кутилган натижани бермади. Таомнома бўйича 2-овқатга қайлали нўхатли бўтқа пишиш арафасида бўлсада, унинг ичида ҳозиргина солинган хом гўшт борлиги ҳаммани ҳайратга солди. Аниқланишича, ошпаз Э.Мамедова таомнома бўйича тушликдаги 2-овқатга берилиши лозим бўлган 35,22 кг. гўшт ўрнига 31кг. гўшт ишлатган экан. Аммо, меҳмонларнинг кутилмаган ташрифи уни эсанкиратгани боис, пишиб турган нўхатли бўтқага яна 4 кг.хом гўштни солиб, ана шу боис тушлик бериш боғчада кечиктирилган.
Албатта, бу манзара юқоридаги хушкайфиятдан асар ҳам қолдирмади. Бир сўз билан айтганда, Юнусобод туманидаги 206-мактабгача таълим муассасасининг ошхона фаолияти талаб даражасида йўлга қўйилмаганлиги билан бирга боғчада кун тартиби бузилганлиги ҳам аниқланди. Шунингдек, мазкур боғчанинг қуввати 540 нафар болага мўлжалланган бўлишига қарамай, 2018 йилнинг 1 январь холатига тарбияланувчилар сони 740 нафарни ташкил қилаётганлигини қандай баҳолаш мумкин.Устига-устак болалар боғчаси биносининг биринчи блоги туман ҳокимияти томонидан Маҳалла қўмитасига берилган. Йўл қўйилган ана шу камчиликларни бартараф этиш ҳамда келгусида такрорланмаслигини олдини олиш мақсадида 206-мактабгача таълим муассасаси мудираси В.Муҳаммедова, ошпаз Э.Мамедова, омбор мудири Д.Дадаходжаевалар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. Шунингдек, боғча ҳамшираси Ш.Таштаевага интизомий жазо чораси қўлланилди.
Куннинг иккинчи ярмида Мактабгача таълим вазири А.Шин ва яна бир қатор масъуллар М.Улуғбек туманидаги 14-мактабгача таълим муассасасида ҳам бўлишди. Бу ердаги ҳолат ҳам юқоридаги боғчадан қолишмайди. Боғча 1980 йилда қурилган бўлиб унинг қуввати 320 ўринга мўлжалланганлигига қарамай, бугунги кунда ушбу боғчада 551 нафар бола тарбияланмоқда. Шунингдек, 14-мактабгача таълим муассасасининг ошхона фаолияти талаб даражасида йўлга қўйилмаганлиги яна кўнгилни хира қилди. Хусусан, мактабгача таълим муассасига Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган МЧЖ “Ибрагимова” томонидан етказиб берилган гўштнинг бир қисми сифатсиз ҳолатда эканлиги ва яроқсиз гўшт маҳсулотлари ошхона музлатгичида сақланганлигига қандай изоҳ бериш мумкин. Албатта, камчиликка чора кўриш муқаррарлиги боис, мазкур боғча омбор мудири Д.Баҳромова, бош ошпази Д.Давирова билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. Мактабгача таълим муассасаси мудираси вазифасини бажарувчи Ф.Усманбековага ҳамда ҳамшира Г.Хўжамкуловаларга эса “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилган. Қолаверса, 14-мактабгача таълим муассасаси ҳамда МЧЖ “Ибрагимова” ўртасида тузилган шартнома ҳам бекор қилинган.
Мактабгача таълим вазири А.Шин ўрганиш давридаги ҳолатларни зудлик билан бартараф этиш ва уларни такрорламаслик мақсадида чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва ижрога қаратиш юзасидан мутассадиларга топшириқ берди.
Болалар боғчаларидаги ишларнинг ҳақиқий ҳолати ва уларнинг фаолияти самарадорлигини ўрганиш тадбирлари барча ҳудудлар бўйича мунтазам равишда амалга оширилишини яна бир бор таъкидлаш жоиз.Демак, кейинги ўрганиш Сизнинг боғчангизда ҳам бўлиши мумкин.