АсосийDunyo

Туғруқхонада алмаштириб қўйилган чақалоқлар бегона оилада қолдирилди

'Туғруқхонада алмаштириб қўйилган чақалоқлар бегона оилада қолдирилди'ning rasmi

Икки ҳинд оиласи туғруқхонада ҳамшираларнинг айби билан алмаштириб қўйилган чақалоқларни бегона бўлса-да, ўзлари тарбиялашга қарор қилишди, деб хабар берди Lenta.ru нашри.

2015 йилнинг март ойида Ҳиндистоннинг Ассам штатида яшовчи, ислом динига эътиқод қилувчи Салма Парбин (Salma Parbin) ўғил фарзанд кўрди. Орадан бир неча кун ўтгач, боласи ўзиники эмаслигидан шубҳалана бошлади. “Ҳамширалар қўлимга берган чақалоқнинг кўзлари қисиқ, бизнинг оилада, авлодимизда ҳам кўзи қисиқлар йўқ”, деди аёл. Салма қўлидаги чақалоқни ўша куни ёнида фарзанд кўрган бодо халқига мансуб аёлнинг фарзанди, деб тахмин қилди.

Туғруқхона раҳбарияти Салманинг айбловини тан олмай, психиатрга кўринишни тавсия қилди. Аёлнинг эри туғруқхона раҳбариятидан ўша куни рафиқаси билан бир кунда туққан аёлларнинг рўйхатини беришни талаб қилди. Улардан бири бодо халқига мансуб Шевали Боро (Shewali Boro) эканлиги маълум бўлди. Салманинг эри икки маротаба Шевалининг қишлоғига борганига қарамай, унга учрашишга юраги дов бермади. Шундан кейин у аёлга хат ёзди.

Шевали Салманинг қўлидаги чақалоққа разм солганда, унинг юз қиёфаси монголоид ирқига мансублигини кўрди. Шундан кейин туғруқхонада ҳамширалар ҳақиқатан ҳам чақалоқларни адаштириб қўйганлигига ишонди. Салма болаларни алмаштиришни таклиф қилди, бироқ Шевали онаси кўнмаганлиги сабабли бунга рози бўлмади.

Бироқ орадан кўп ўтмай, Парбинлар оиласи болани ДНК таҳлилидан ўтказишди. Таҳлил натижаси уларнинг шубҳаси ростлигини тасдиқлади.

“Суд болаларни алмаштиришимиз мумкинлигини билдирганлигига қарамай, биз буни истамадик, чунки биз уларни уч йил давомида тарбияладик, энди болаларни шунчаки алмаштириш қийин масала”, – деди Салма Парбин. Оилалар мунтазам равишда учрашиб туришга, бир-бириникига меҳмонга боришга келишиб олишди.

Бодо халқи – Ҳиндистоннинг шимолий-шарқий қисмида яшайди, улар асосан тўқимачилик билан шуғулланади.

    Бошқа янгиликлар