Халқимиз эгри йўл билан топилган бойлик ҳеч қачон бахт келтирмайди, деб бежиз айтмайди. Жорий йил 20 январдан 21 январга ўтар кечаси бир гуруҳ шахслар Қибрай тумани Тузел маҳалласида яшовчи (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўқитувчи К.Муродовага тегишли дала-ҳовлида хонадон эгалари йўқлигидан фойдаланиб, эшик қулфини бузади ва ичкарига киради.
Уйдаги умумий баҳоси, 1 миллион 700 минг сўм бўлган “LG” русумли телевизор, “DVD”, “YASIN” русумли тюнер, “LOK” русумли компьютер монитори ва 300 минг сўм пулини ўғирлаб, ҳодиса жойидан яширинган. Жабрланувчи воқеадан хабар топгач, зудлик билан ҳудуддаги осойишталик посбонларига мурожаат қилади.
Ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида ўғрилик Юқори Чирчиқ туманида яшовчи 1996 йилда туғилган М.Бўронов, 1995 йилда туғилган С.Камронов ва 2000 йилда туғилган Д.Қурбоновлар томонидан содир этилгани аниқланди. “Бузоқнинг югургани сомонхонагача” деганларидек профилактика инспекторлари томонидан тезкор қидирув натижасида ўғрилар қўлга олиниб, айбига иқрор бўлди. Далилий ашё сифатида барча жиҳозлар олиб қўйилди.
Ушбу ҳолат бўйича туман ички ишлар бўлими томонидан айбланувчиларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.
24.01.2018 17:43
Ўқитувчининг дала-ҳовлисини тунаган ўғрилар қўлга олинди
